Россия: ЕИ нефтга қўйган $60 чекловни қабул қилмаймиз
Дунёнинг иккинчи йирик нефть экспортчиси бўлган Россия, ЕИ давлатларининг 60 долларлик нарх чекловини қабул қилмаслиги ва ишлаб чиқаришни қисқартиришга тўғри келса ҳам, бу нархда нефть сотмаслигини билдирди.
Ўтган ҳафта охирида G7 - Катта еттилик ва Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефти нархига чеклов ўрнатишга келишиб олди.
Рус нефтига нарх чеклови, Россиянинг нефтдан оладиган даромадларини камайтириш ҳамда жаҳон бозорида нефть нархини барқарор ушлаб туриш, шу орқали Владимир Путиннинг Украинадаги уруш ҳаракатларига босим ўтказиш мақсадида киритилмоқда.
Путин сентябрь ойида, Ғарб агар нефть нархига чеклов киритса, энергия таъминотини тўхтатиши ва Европа совуқда қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Агар Россия нефтини белгиланган нарх ёки ундан пастроқ нархда сотишга рози бўлса, G7 ва Европа Иттифоқи танкерлари, суғурта компаниялари ва кредит ташкилотлари ёрдамида нефтини экспорт қилиши мумкин.
Дунёнинг асосий юк ташиш ва суғурта компаниялари, G7 мамлакатларида жойлашгани ҳисобга олинса, Москвага ўз нефтини қимматроқ нархларда сота олиши қийин.
Иккинчи жаҳон урушидан бери, Европага нефть ва газ сотиш Россиянинг асосий даромад манбаи бўлиб келади.
60 долларлик нарх чегараси аслида унчалик ҳам паст нарх эмас. Жума кунги савдоларда бир баррель нефть 67 долларга сотилди. Европа Иттифоқи ва G7 давлатлари Россиянинг белгиланган нарх чекловида савдони давом эттиришини кутмоқда.
Шанба куни Украина президенти Владимир Зеленский Россия нефтига 60 долларлик чекловни етарлича кучли чора эмас ва бу Россияни Украинада уруш ҳаракатларидан қайтара олмайди, деб ҳисоблашини билдирди.
“Шаҳед” овчилари
Россия Украинага Эроннинг “Шаҳед” камикадзе дронларини учирмай қўйганига икки ҳафтадан ошди, дея маълум қилди Украина Ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат.
Ҳарбий мулозим фикрича, бу дронларнинг биринчи партияси тугаганидан, янги дронлар эса ҳали Россияга келтирилмаганидан дарак бўлиши мумкин. Бошқа изоҳ ҳам бор. Камикадзе дронлар фронтда энди пайдо бўлган пайтларда украин ҳарбийлари уларга қарши қандай курашишни билишмасди.
Бироқ кейинчалик бунақа дронларни уриб тушириш ёки тутиб олиш усуллари ўрганилди ва ҳар бир янги ҳужумда нишонгача етиб борадиган “Шаҳед”лар сони тобора камаяверди.
Сергей – Украина ҚК 126-бригадаси командири. Унинг аскарлари илгари Херсон йўналишида жанг қилишган эди, бироқ уларни дам олиш учун алмаштиришгани ҳамон Украинага камикадзе дронлар ҳужум қилди.
Сергей раҳбарлик қиладиган бригаданинг вазифаси – дронларни мамлакат ичкарисига ўтказмаслик, яъни улар инфратузилмага ёки турар-жой биноларига зарба беришига йўл қўймаслик. Вазифани бажариш учун пулемётчилар взводи зенитчилар бўлинмасига айлантирилиб, аскарлар ҳаводаги нишонларни уриб туширишни ўргана бошладилар.
Бригада машиналар билан таъминланган: дронлар ҳужумини тўхтатиш учун ўнлаб километр масофага борилади.
“Мана бу ерда биз дам оламиз, қаҳва ичиб исинамиз ва чақириқни кутиб ўтирамиз”, дейишади ҳарбийлар бўлинма “қароргоҳи”ни кўрсатиб. Уларнинг айтишича, фронтдаги энг оғир иш – бу кутиш.
Александр исмли аскар қизи совға қилган туморни кўрсатади.
“Дада, буни доим ўзингиз билан олиб юринг, у сизга ойим билан мени эслатади, сизни асрайди”, деган эди қизим. Айтганидек қиляпман. Кечаси каравотим тепасига осиб қўяман. Оилам ҳамиша ёдимда, улар билан тирикман”, дейди жангчи.
Разведка душман томондан дронлар учирилиши хавфи борлигини маълум қилиши билан бўлинма машиналарга ўтириб, позицияларга йўл олади.
Камикадзе-дронларни қўллаш бошланганидан бери Россия ҳарбийлари Украинага қарата қарийб 400 та “Шаҳед” учиришди. Улардан атиги 80 таси нишонларга етиб борган, улар ҳам дастлабки кунларда. Қолган 320 тасини эса украин жангчилари уриб туширганлар.
Зеленский Financial Times нашрида “Йил одами”
Украина президенти Владимир Зеленский, Financial Times нашри томонидан “Йил одами” деб топилди.
Британия нашрига кўра, Зеденский “ўз халқининг мардонавор чидамлилиги тимсолидир”.
"Россиялик босқинчиларга қарши омон қолиш учун 9 ойлик шавфқатсиз урушдан сўнг Владимир Зеденский жуда чарчаган ҳолда, кўзларининг остида қора доғлар пайдо бўлган. Шавфқатсиз босқинчиларга қарши туриш ўрнига, у қилишни истаган машғулот аслида ўғли билан балиқ тутиш бўларди”, деб ёзди нашр Зеленскийга аталган мақоласида.
Reuters: Украинанинг Испаниядаги элчихонасига бомба қердан жўнатилгани таҳминан аниқланди
Испания полицияси сўнгги кунларда турли ташкилотларга почта орқали конвертларда жўнатилган бомбалар мамлакат шимолидаги Вальядолид шаҳридан келганини таҳмин қилмоқда, деб хабар берди Reuters терговга яқин бўлган ўз манбасига таянган ҳолда.
Манба бомбаларни жўнатган шахс ҳозирча аниқланмаганини таъкидлади.
Ўтган ҳафтада бу каби конвертдаги 6 та бомба Испания бош вазири Педро Санчес, бошқа давлат тузилмалари ва Украинанинг Мадриддаги элчихонасига, АҚШ элчихонасига ва Европа Иттифоқининг Торрехон-де-Ардос авиабазасидаги сунъий йўлдошлар марказига 24 ноябрдан 2 декабргача бўлган оралиқда жўнатилган эди.
Кўп ҳолатларда бу бомбаларни зарарсизлантиришга муваффақ бўлинди. Украина элчихонаси ҳовлисида конвертни очган хавфсизлик хизмати ходими енгил жароҳатланди.
Ички ишлар вазирлиги почта орқали жўнатилган бомбалар Испания Украинани қўллаб-қувватланаётгани ортидан қилинган таҳдид эканини эҳтимолдан соқит қилган эмас.
Украинанинг қатор давлатларидаги элчихоналари сўнгги кунларда қон инган ва ичида ўлдирилган ҳайвонларнинг кўзлари бўлган пакетларни олган. Киевнинг билдиришича, бундай посилкалар Венгрия, Нидерландия, Польша,Хорватия, Италиядаги элчихоналарга, Неапол, Краков ва Брнодаги консулхоналарга жўнатилган. Бу мамлакатларда мазкур посилкалар юзасидан тергов олиб борилмоқда.