«АҚШ Швеция ва Финляндияни тез орада НАТО аъзоси сифатида кўришга ишонади»
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, АҚШ Швеция ва Финляндияни тез орада НАТО аъзоси сифатида кўришга ишонишини айтар экан, икки давлатнинг иттифоққа қўшилиши борасида Туркиянинг хавотирлари кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди:
"30 аъзо давлатларнинг барчаси иттифоққа кириш бўйича протоколни имзолади. Улардан 28 таси протоколни ратификация қилди. Биз Туркия ва Венгрия ҳам ҳужжатни маъқуллаши борасида ҳаракат қиляпмиз. Тез орада Финляндия ва Швецияни расман иттифоқчиларимиз сафида бўлишига аминман”.
Финляндия ва Швеция Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди.
Бироқ Туркия курд жангариларига нисбатан қатъий позицияда бўлиш ва қурол-яроғ савдосига қўйилган тақиқни олиб ташлаш каби талаблари бажарилмагунча икки давлат аъзолигига рози бўлишдан бош тортган.
Экспертлар АҚШ доллар қийматининг ошишини кутмаётир
Охирги 12 ой ичида кузатилган рекорд даражадаги ўсишдан сўнг, АҚШ долларининг қиймати йил охирига келиб туша бошлади.
2022 йилда АҚШ доллари ҳайратланарли ўсишни қайд этди. Кўплаб чет эл валюталари долларга нисбатан ўз қийматини йўқотди. Йил давомидаги ўсиш инвесторларга биржа савдоларида фойда келтирди.
АҚШда ишлаб чиқаришнинг ўсиши, иқтисодиётнинг кучайиши, бозор ўзгарувчанлиги, глобал инфляциянинг ўсиши, энергия нархининг кескин кўтарилиши ва Украинадаги уруш долларнинг кўтарилишига туртки берди.
Узоқ муддатда иқтисодий турғунлик хавотирлари, доллар траекторияси йўналишини ҳал қилиши мумкин. Рейтерс саволга тутган стратегларнинг қарийб 80 фоизи, келажакдаги пул-кредит сиёсати асосида, доллар қийматининг ўсиш эҳтимолини кўрмаётганини билдирган.
Асир алмашинуви: Баскетбол юлдузига қурол дилери
Америкалик баскетбол юлдузи Бритни Гринер, Россия билан маҳбуслар алмашинувида, қурол дилери Виктор Бут билан алмаштирилди.
32 ёшли Гринер, икки карра Олимпиада олтин медали соҳиби ва Аёллар Миллий Баскетбол Ассоциациясининг Феникс Меркури жамоаси ўйинчиси ҳисобланади.
У 17 февраль куни ҳибсга олинган эди. Москва аеропортида унинг сумкасидан Россияда тақиқланган каннабис мойи топилган. У суд жараёнида ўз айбига иқрор бўлиб, каннабисдан жароҳатдан кейинги оғриқларни енгиллаштириш учун фойдаланишини айтган. Шунга қарамай, у августда 4 йилдан тўққиз йилгача ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўташга ҳукм қилинганди.
Гринер ўрнига Россия қайтариб олган шах эса, АҚШ томонидан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган 55 ёшли Россия фуқароси Бутдир. 20 йил давомида дунёдаги энг машҳур қурол дилери бўлган Бут, Африка, Осиё ва Жанубий Америкадаги давлатларда исёнчи ва жангариларга қурол етказиб берган.
Оқ уйнинг билдиришича, алмашинув Бутни алмашиш тўғрисида президент Байден қарор қабул қилганидан кейин 48 соат ичида амалга оширилган. БААдаги АҚШ расмийлари Гринер БААга етиб келганини тасдиқлаганидан сўнггина, Бутнинг шартли афв этиш жараёни якунланди.
Тhe Insider: Кремлга алоқадор олигархларЛатвияда бизнес қилмоқда
Кремлга алоқадор ва Россия Мудофаа вазирлигидан пудратларни олувчи рус миллиардерлари Искандар Маҳмудов ва Анедрей Бокарев шахсан ҳамда воситачилар ёрдамида Латвияда бизнес қилмоқда. The Insider ўтказган журналистик суриштурувда мана шу ҳақда гап боради.
Муаллифларга кўра, 2017 йилгача миллиардерлар “Калашников” концернида ўз улушларига эга бўлган, уларнинг “Коломенский завод”и Россия ҳарбий кемаларига дизель етказиб берган. Уларнинг “Калашников” концернидаги бизнес ҳамкорларидан бири Алексей Криворучко айни пайтда мудофаа вазири ўринбосаридир.
Маҳмудов ва Бокаревнинг активлари орасида “Россиядаги энг йирик пудратчилардан бўлган” Уральск тоғ-металлургия ширкати, “Кузбассразрезуголь” ва “Трансмашхолдинг” ҳам бор.
Суриштирув муаллифлари Маҳмудов ва Бокарев Латвияда воситачилар тармоғи орқали Рига электромашинасозлик заводи (Rīgas elektromašīnbūves rūpnīca (RER)га ва унинг шўъбаси LATVOга эгалик қилишини билдирганлар. RERнинг 2021 йилдаги даромади 33 миллион евро бўлган.
Бу ширкат барча Европа давлатларида фаолият юритади ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Масалан, май ойида RER Чехияга троллейбуслар ва электробуслар учун янги двигателларни етказиб берган.
Европа минтақавий ривожланиш фонди ширкатга электромобилларга оид махсус лойиҳа доирасида 527 минг евро берган. Бундан ташқари завод Латвия ҳукуматининг тадбиркорларни қўллаш фондидан ҳам маблағ олиб турган.
The Insider суриштирувида Маҳмудов ва Бокарев заводни “Холдинг ТрансКомпонент” ва “Крона Груп” ширкатлари воситасида бошқариши қайд этилган. Номинал эгалар сифатида Россия фуқароси Игорь Лозовой ва Литва фуқароси Сергеюс Гречукас номлари келтирилади.
Суриштирувда айтилишича, Маҳмудов ва Бокарев пул ювишда гумонланган. Уларга нисбатан Германия ва Испанияда 2007-2008 йилларда бир нечта жиноят иши очилган.
Маҳмудов ва Бокарев Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.