Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:43
Москвада қор кураётган ўзбек мигрантлари.
Москвада қор кураётган ўзбек мигрантлари.

Москвада мигрантлар ўзбек, тожик ва қирғиз тилларида рус армиясига қўшилишга тарғиб қилинди. Уруш хроникаси

Урушнинг 292-куни

Аннексия қилинган Мелитопол шаҳрида содир бўлган портлашлар ва ёнғинлар натижасида 200 га яқин россиялик аскар ҳалок бўлди ва яраланди, дея хабар беради Мелитопол мери Иван Федоров.

Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги ҳарбий казармаларда ёнғин чиқди.

Рус террорчилари бир кечанинг ўзида Одесса вилоятига 15 та камикадзе дронлар билан ҳужум уюштирди.

Россия, Украина ва Беларус ҳуқуқ фаоллари Тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирланди

Европа Кенгаши Украинага 2023-йил учун 18 миллиард евро миқдоридаги ёрдам пакетини келишиб олди.

Британия ташқи ишлар вазири: Украина бўйича тинчлик музокараларидан Россия қайта қуролланиб олиш учун имконият сифатида фойдаланишига йўл қўйиб бўлмайди

The Insider ўтказган журналистик суриштурувда Кремлга алоқадор ва Россия Мудофаа вазирлигидан пудратларни олувчи рус миллиардерлари Искандар Маҳмудов ва Анедрей Бокарев шахсан ҳамда воситачилар ёрдамида Латвияда бизнес қилаётгани аниқланди.

АҚШда нашр этиладиган нуфузли Politico журнали Россия президенти Владимир Путинни “йилнинг омадсиз одами” деб эълон қилди.

6 декабр куни кечқурун рус армияси Херсон, Кривой Рог ва Краматорск инфратузилмасига зарба берди, бир киши ҳалок бўлди ва ярадорлар бор.

АҚШ Украинани Россия ҳудудига зарба беришга ундамайди ва бунга йўл қўймайди ҳам. Бу ҳақида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнот берди.

АҚШ Украинага етказиб бераётган HIMARS ракета тизимларини Россиядаги нишонларга қарши ишлатилмаслиги учун яширинча ўзгартирди.

19:11 10.12.2022

Украина яна камикадзе дронлари ҳужуми остида

Шанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Одесса вилоятидаги энергетика объектларига камикадзе дронлари билан ҳужум қилди. Оқибатда минглаб хонадон электрсиз қолди.

Бу ҳақда Украина “Жанубий” оператив қўмондонлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Херсон вилоятида тўртта, Николай вилоятида тўртта ва Одесса вилоятида яна иккита Эроннинг “Шаҳед-136” учувчисиз учоқларини уриб туширган.

Россия Эронга бундай дронлар эвазига замонавий ҳарбий техника ва бутловчи қисмлар, шунингдек, вертолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юбормоқда. Бу ҳақда Оқ уйдаги юқори мартабали манбаларга таяниб NBC Nеws хабар бермоқда.

Днепропетровск ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченконинг сўзларига кўра, жума оқшомида Никополь ва Марганец кучли артиллериядан ҳужумга тутилган. Никополда 4 киши жароҳатланган.

Бундан ташқари, 11 та кўп қаватли ва хусусий уй ҳужумга тутилган. Ҳужум оқибатмида болалар боғчаси, маъмурий бинолар, газ қувурлари ва электр тармоқлари шикастланган.

19:53 9.12.2022

Путин: Ғарб атайлаб халқаро вазиятни кескинлаштирмоқда

Россия президенти Владимир Путин Ғарбнинг дунёда ўз гегемонлигини сақлаб қолиш истаги можаролар хавфини кучайтирмоқда, деб даъво қилди.

Путин бу гапни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва бир гуруҳ собиқ совет давлатлари мудофаа вазирлари саммитига йўллаган видеомурожаатида айтди:

“Дунёда можаролар кучайиб бормоқда. Бу Ғарб элиталарининг ҳар қандай йўл билан ўзларининг сиёсий, молиявий, ҳарбий ва мафкуравий ҳукмронлигини сақлаб қолишга уринишларининг бевосита натижасидир. Улар атайлаб оловга мой сепиб, халқаро вазиятни кескинлаштирмоқда".

Путин, Россиядаги уруш учун Ғарбни айбларкан, Россия қўшинлари ўтган суткада Херсон вилоятини 68 марта ўққа тутди. Украина томонига кўра, саккиз киши яраланган.

Украина президенти офиси раҳбарининг ўринбосари Кирилл Тимошенконинг телеграм-каналида маълум қилишича, Херсон миномётлар, танклар, замбараклар ва ракета қурилмаларидан ўққа тутилган. Снарядлар турар-жой даҳалари, хусусий ва кўпқаватли уйларга тушгани айтилмоқда.

19:53 9.12.2022

Британия разведкаси: Россия Эрон дронларининг янги партиясини олган бўлиши мумкин

6-7 декабрь кунлари Украина расмийлари Запорожье ва Днепр вилоятлари дронлар ҳужумига тутилганини маълум қилганди.

Украина Бош штабига кўра, ўша кунларда жами 17 та дрон уриб туширилган бўлиб, шундан 14 таси “Шаҳед-136” камикадзе дронларидир. Украина ҳудудларига дронлар ҳужум қилгани ҳақида охирги марта 17 ноябрда хабар қилинган.

“Дронлар қайтадан фаоллашганига доир маълумотни текшириб кўриш керак, лекин агар бу рост бўлса, Россия аввал келтирилган “Шаҳед-131” ва “Шаҳед-136” дронларини сарфлаб бўлиб, ҳозир янги партияни қўлламоқда, деб хулоса қилиш мумкин”, дейилади разведка ҳисоботида.

19:52 9.12.2022

АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам пакетини жўнатади

Бу ёрдам - дронлар ҳужумига қарши қуроллар ва бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўз ичига олади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Украинага айнан қандай мудофаа воситалари берилишига доир батафсил маълумот ҳозирча йўқ. Аммо, норасмий маълумотларга кўра, Пентагон бу ёрдам доирасида Киевга HIMARS қурилмалари учун ракеталар, 155 мм калибрли снарядлар, Humvee ҳарбий автомобиллари ҳамда генераторлар етказиб бериши кутилмоқда.

Германия эса, Украинага ўзи ишлаб чиқарадиган Leopard 2 танкларидан беришни ваъда қилди. Leopard 2 нинг энг енгил версияси ҳам Россия ёки Украинанинг Т-72 танкларидан ўн тоннага оғир. Немис танкининг зирҳи қалинроқ бўлиб, экипаж яхши ҳимояланган. Экипаж хавфсизлигида танк снарядлари сақланадиган жой ҳам муҳим ўрин тутади.

1980-йиллардан бошлаб “Леопард”ларда 120 мм калибрли тўп снарядлари одамлардан узоқроққа кўчирилган. Leopard 2 пана жойдан ҳам, ҳаракат чоғида ҳам самарали ўт оча олади. Танк текис ёки нотекис жойда юришидан қатъи назар тўп равон силкиниб, нишонни кузатишда давом этади. Немис “Леопард”лари Украина армияси арсеналида советларга оид бўлмаган биринчи танклар бўлади.

Ҳарбий эксперт Олег Жданов, бу урушда туб бурилиш палласи энг юқори нуқтага етмоқда, деган хулосада:

“Бу танклар учун 120 мм калибрли махсус снарядлар ишлаб чиқарилади. Масала – бизга танкнинг қайси версиясидан беришларида. Масалан, А4 версиясида юқори технологик жиҳозлар камлиги боис, бу танк учун экипажлар тайёрлаш осон кечади. Агар А7 версиясидан берсалар, тўғри, унда экипажни ўқитиш узоқроққа чўзилади. Аммо бизга А4 дан беришади деб ўйлайман, чунки бу энг кўп тарқалган версия. Урушда туб бурилиш палласи энг юқори нуқтага етмоқда. Россия Донецк йўналишида қанча қурбон бериб бўлса-да, ғалабага интилаётганига қараганда уруш тақдири ўша ерда ҳал бўлади. Бахмут, Авдеевкадаги жанглар, Донбасс учун бўлаётган қақшатқич жанглар ҳал қилади. Донбассдаги жанглар аслида апрелда бошланган. Мана энди мантиқий якунига етмоқда. Уруш қайси ўзанга бурилиши ўша ерда маълум бўлади”.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG