Қримдаги ҳарбий казармада ёнғин
Аннексия қилинган Қримда, гўёки ҳарбий казармада ёнғин чиққан
Бу ҳақда “Украина қуролли кучлари” телеграм-канали хабар берди. Манбага кўра, ёнғин сафарбар қилинганлар жойлашган бинода содир бўлган.
Қурбонлар сони ҳақида маълумот йўқ, ҳозирча хабарлар Россия расмий манбалари томонидан тасдиқланмаган.
Британия элчиси: Россия Эрондан баллистик ракеталарни олишга ҳаракат қилмоқда
Буюк Британиянинг БМТдаги элчиси Барбара Вудворд Россия Эрондан қўшимча қуроллар, жумладан, юзлаб баллистик ракеталарни олишга ҳаракат қилмоқда ва бунинг эвазига Теҳронга мисли кўрилмаган даражада ҳарбий ва техник ёрдам таклиф қилмоқда, дея таъкидлади.
"Август ойидан бери Эрон юзлаб учувчисиз учиш аппаратларини Россияга тақдим этди, улардан Москва Украинада “тинч аҳолини ўлдириш ва фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилиш” учун фойдаланди. Россия ҳозирда қўшимча қуроллар, жумладан, юзлаб баллистик ракеталарни олишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг эвазига Россия Эронга мисли кўрилмаган даражада ҳарбий ва техник ёрдам таклиф қилмоқда. Биз Россия Эронга янада илғор ҳарбий қисмларни тақдим этиш ниятида эканлигидан хавотирдамиз, бу эса Эронга ўзининг қурол-яроғ салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради", - деди элчи.
Британ элчиси сўзларига кўра, "Москва Шимолий Корея ва кучли санкциялар остидаги бошқа давлатлардан қурол-яроғ олишга интилмоқда, чунки Россиянинг захиралари сезиларли даражада камайиб бормоқда”.
Россиянинг БМТдаги элчиси Хавфсизлик Кенгашида Москва Эрондан ҳарбий ёрдам олаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
“Россиядаги ҳарбий-саноат мажмуаси жуда яхши ишлаши мумкин ва ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмас”, деди Россия элчиси.
Эрон ва Шимолий Кореянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги вакиллари Вудворднинг сўзларига изоҳ беришмади.
Оқ уй Украинага 275 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам берилишини билдирди
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага дрон ҳужумларини енгиш ва ҳаво мудофаасини кучайтириш учун 275 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам берилишини билдирди.
Ёрдам пакетига HIMARS ракеталари, артиллерия ўқлари, ҳарбий машиналар киради.
Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Оқ уйда журналистларга ҳарбий ёрдамлар ҳақида билдирар экан, ускуналар “йўлда” эканини айтди.
Аммо Украина учун янги имкониятларга ўхшаб кўринадиган иккита тизим - "ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилияти" ва "учувчисиз ҳаво тизимларига қарши ускуналар" ҳақида тафсилотлар кам.
24 февраль куни Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Қўшма Штатлар Киевга хавфсизлик учун қарийб 20 миллиард долларлик ёрдам жўнатган.
Зеленский: Бахмут аланга ичида
Украина шарқидаги Донбасс жабҳасида вазият жуда оғирлигича қолмоқда, бироқ Украина қўшинлари Россия ҳужумларини қайтармоқда ва бу катта йўқотишлар эвазига бўлмоқда деди Украина президенти Владимир Зеленский жума оқшомидаги видеомурожаатида.
“Донбаснинг асосий ҳудудлари - Бахмут, Соледар, Марйинка, Кременная ва бошқа ҳудудларда вазият жуда оғирлигича қолмоқда. Босқинчилар Бахмутни вайронага айлантирди. Россия байроғи остида Украинага кирган босқинчи кучларга жавобан ушбу ҳудудларда фронтни ушлаб турган, ҳужумларни қайтараётган ва душманга сезиларли талофатлар етказаётган барча қаҳрамонларимизга, барча аскарларимизга, қўмондонларимизга миннатдорчилик билдираман. Украинага шарафлар бўлсин”, - деди Зеленский.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия қўшинлари Бахмут шаҳрини вайроналарга айлантиргани, лекин мамлакати кучлари Донбасда ўз жойида қолаётганини айтди.
Кечки нутқида Украина раҳбари Донецк ва Луганск вилоятларидан ташкил топган Донбасдаги фронтда вазият жуда оғирлигича қолаётганини кўшимча қилди.
"Бахмут кўчаларида жанглар кечмоқда. Шаҳар аланга ичида, доимий портлашлар давом этмоқда. Лекин шаҳар ҳамон Украина Қуролли кучларининг тўлиқ назорати остида", - деди Зеленский.