Санкт-Петербургда «Вагнер» маркази очилди
4 ноябрь куни Евгений Пригожин раҳбарлик қиладиган «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати Санкт-Петербург шаҳрида ҳарбий технологиялар марказини очди.
Таҳлилчиларга кўра, «Вагнер» марказининг очилиши Пригожиннинг ҳарбий қудратини кўз-кўз қилишга қаратилган бўлиб, унинг Россия мудофаа сиёсатини шакллантиришдаги ролини жамоатчиликка маълум қилиш йўлида ташланган навбатдаги қадамдир.
Сўнгги ҳафталарда Пригожин ўзининг оммавий обрўсини мустаҳкамлаш учун бир неча чора кўрди. Бундан олдин тадбиркор йиллар давомида панада ишлаб, «Вагнер»га алоқасини рад этиб келаётган эди. Ширкатнинг ёлланма аскарлари Украинада Россия армиясини дастакламоқда.
Пригожин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга қўшилиб, Россия генералларининг Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт» давомидаги муваффақиятсизликларини очиқчасига танқид қила бошлаган.
Пригожин ўтган ой биринчи марта «Вагнер» ширкати асосчиси эканлигини тасдиқлади. Ширкат бугунга қадар Украинадан ташқари Сурия, Африка каби мамлакатларга ҳам аскар юборган. АҚШ ва Европа Иттифоқи Пригожиннинг гуруҳдаги роли учун унга қарши санкция киритган.
Макивкадаги ҳужумда бир киши ўлди
4 ноябрь, жума куни Донецк яқинидаги айирмачилар назоратидаги Макивка шаҳридаги турар-жой биноси ўққа тутилиши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, деб хабар берди маҳаллий аҳоли.
Воқеа жойидан олинган тасвирларда, маҳаллий аҳоли уйлари ўққа тутилганидан сўнг кўчалардаги вайроналарни тозалаётганини кўриш мумкин эди. Мато билан ўралган жасад тез ёрдам машинасида олиб кетилган.
Фамилиясини айтишни истамаган 37 яшар Алексей камида учта портлаш гувоҳи бўлганини, камида бир киши жароҳатланганини айтди.
У ўзи яшаган кўп қаватли уйда портлаш бўлиб, квартирасининг катта қисми вайрон қилинган пайтни тасвирлаб берди:
"Силкиниш, гумбурлаш, ҳамма нарса титрайди. Стакан синди. Чироқ кетди. Электр ҳисоблагич ўчиб қолди. Тезда йўлакка югурдик. Иккинчи портлаш бўлди. Ошхона вайрон бўлди. Чангга тўлди, ҳеч нарса кўринмасди. Учта портлаш бўлди яна, ташқарида. Учта эди аниқ."
Путин: Мобилизациядан сўнг 318 минг киши сафарбар қилинди
Президент Владимир Путин жума куни кўнгиллилар Россия қуролли кучлари сафига қўшилишда давом этаётгани ва 318 минг киши сафарбар қилинганини айтди:
"300 минг кишидан 318 минг киши сафарбар қилинган. Нега 318 минг? Чунки кўнгиллилар (махсус операцияга) кетмоқда. Кўнгиллилар оқими камаймаяпти. Улардан 49 минг нафари аллақачон армияда жанговар топшириқларни бажармоқда, қолганлари машғулотларда".
Расмийлар аввалроқ мобилизациядан мақсад 300 мингга яқин заҳирадаги аскарни сафарбар қилиш эканини айтган эди.
"Руслар Херсондан чекинмаяпти, аксинча позицияларини мустаҳкамламоқда"
Херсон яқинидаги фронтдаги украиналик аскарларнинг сўзларига кўра, руслар Херсонни ташлаб кетаётгани йўқ, аксинча, янги сафарбар этилган шахслар билан шаҳар атрофида ўз позицияларини мустаҳкамламоқда.
«Улар (руслар) бизни йўлдан оздириш учун бундай усуллардан фойдаланишяпти. Ўзларини кетаётган қилиб кўрсатиб, аслида бирор чора кўришимизни пойлаяптилар. Бу қандайдир ҳийла, деб ўйлайман», деди 48 яшар украин аскари Виталий.
Пайшанба куни Херсонда Россия томонидан ўрнатилган маъмурият раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов Россия ўз қўшинларини ғарбий қирғоқдан олиб чиқиши мумкинлигини айтган эди. Кейинчалик у гапини ўзгартирди ва чекиниш бўлмаслигига умид қилаётганини таъкидлади, аммо «жуда қийин қарорлар қабул қилишимиз керак», дея қўшимча қилди.
Кейинги ҳафталарда Украина кучлари Херсонга яқинлашди. Херсон Россия 24 февраль куни Украинага ўн минглаб аскарини киритганидан бери Москва қўлига ўтган ягона вилоят пойтахтидир. Россиянинг Украинадаги қўмондони Херсонда қийинчиликлар юзага келганини тан олган.
Жума куни Россия президенти Владимир Путин Херсондан тинч аҳолини эвакуация қилиш кераклигини айтди. Херсон вилояти аннексия қилинган Қрим билан чегарадош бўлиб, стратегик аҳамиятга эгадир.