АҚШ Украинага яна $400 млн.лик ҳарбий ёрдам беряпти
АҚШ Украинага қиймати 400 миллион доллар бўлган қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатади. Ажратилган маблағнинг бир қисми Киевга ҳарбий ёрдам ажратишни мувофиқлаштириш бўйича Германияда штаб ташкил этишга сарфланади. Бу ҳақда 4 ноябрь куни Пентагон маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, 400 миллион долларлик ёрдам доирасида Украинага Россиянинг кучаяётган ракета ва дрон ҳужумларидан ўзини яхшироқ ҳимоя қилишга ёрдам бериш кўзда тутилган. Хусусан, ёрдам пакети қўшимча ҳаво мудофаа тизимларига маблағ ажратишни назарда тутади. Россия ҳужумлари айни дамда Украинанинг энергия ва сув инфратузилмасига жиддий зарар етказмоқда.
Янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага 1100 та Phoenix Ghost дрони, 45 танкни таъмирлаш учун маблағ ҳамда 40 та бронекатер етказиб берилади.
Phoenix Ghost дрони қуролланган «камикадзе» дрон бўлиб, нишонга тегиши билан портлайди.
Шунингдек, ҳаво мудофаасини яхшилаш учун Hawk ер-ҳаво ракеталари берилади. Улар Украинага дронлардан ўзни ҳимоя қилишда кўмаклашади.
Уруш 24 февралда бошланганидан бери АҚШ Украинага умумий ҳисобда 18,2 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга қурол-аслаҳа ажратди.
Эрон: Россияга дрон берганмиз, фақат урушгача..
Эрон Россияга дрон етказиб берганини илк бор тан олди. Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳиян иддаосича, Эрон Россияга дронларни Украинадаги уруш бошланишидан олдин етказиб берган:
“Баъзи ғарб давлатлари Эрон Ислом Республикаси Россияни дрон ва ракеталар етказиб бериш орқали Украинадаги урушда қўллаб-қувватлаётганини даъво қилмоқда. Бироқ ракета етказиб берилгани борасидаги айбловлар мутлақо нотўғри, дрон етказиб берилгани эса рост. Биз Россияга чекланган миқдордаги дронларни юборганмиз. Аммо бу Украинада уруш бошланишидан бир неча ой олдин содир бўлган. Биз Украина ташқи ишлар вазири билан Россия Украинада Эрон дронларидан фойдаланганига оид ҳар қандай далилларни бизга тақдим этиши борасида келишиб олдик".
Эрон шу пайтгача Россияга қурол-яроғ етказиб берганини рад этиб келган эди.
Шу ҳафта бошида Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний билдирилган даъволарни "мутлақо асоссиз" деб атаб, Эроннинг урушда бетарафлик позициясини яна бир бор таъкидлаган эди.
БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ ва яна бошқа ғарб давлатлари БМТ бош котиби Антониу Гутерришни Россия Украинада тинч аҳолига Эрон дронлари билан ҳужум уюштиргани ёки йўқлигини текширишга чақирди.
Кейинги пайтда Россия Эронннинг камикадзе дронлари орқали Украина инфратузмаларига жиддий шикаст етказгани айтилди.