Киевлик мулозимлар пойтахтликларнинг бошқа жойларга кўчирилиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти
Электр тўлиқ ўчириб қўйилган тақдирда Киевдан турғунларнинг ҳаммаси эвакуация қилиниши мумкин. Бу ҳақда The New York Times нашри Киев муниципал хавфсизлик департаменти раҳбари Роман Ткачук сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Мулозимга кўра, Украина пойтахти электр таъминотидан тўлиқ узилганда шаҳарликлар сувсиз ва канализациясиз ҳам қолишлари мумкин.
5 ноябрь куни Киев мэри Виталий Кличко шаҳарликларни электр, сув ва иссиқлик таъминотида муаммоси бўлмаган қариндошлариникига кўчиб ўтишга чақирган.
Ишғол этилган Донецк ҳудуди 7 ноябрга ўтар кечаси ўққа тутилди
Россия томонидан ишғол қилинган Донецк ҳудудида, маҳаллий телеграм-каналлар хабарига кўра, 7 ноябрга ўтар кечаси бир неча портлаш содир бўлган.
Қайд этилишича, вилоят маъмурияти биноси томонидан портлаш товушлари эшитилган. Яна бир снаряд темирйўл маъмурияти биносига теккан.
Ҳужум чоғида биноларга шикаст етган, ойналар синиб тушган, темирйўл маъмурияти биносида ёнғин чиққан. Тезкор хизматлар маълумотига кўра, ҳужум чоғида ҳеч ким қурбон бўлган эмас.
Зеленский Россия ҳарбийлар Украинага ҳужумда Эрон қуролларидан фаол фойдаланаётганини урғулади
Украина президенти Владимир Зеленский 6 ноябрь оқшомидаги мурожаатида Эрон Россияга қурол-аслаҳа етказиб бераётганини яна бир марта қайд этди.
Ўз сўзида Зеленский Эрон режимини Россияга қурол етказиб беришни тўхтатишга мажбур қилиш учун Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан расмий Теҳронга босимни кучайтириш масаласини муҳокама қилганини билдирди. Унга кўра, агар Эрон Россияга бу қуролларни етказиб бермаганида, уруш тезроқ тугаган ва озиқ-овқат инқирози ҳам тезроқ битган бўларди.
Украина президенти Россия қўшинлари сўнгги кунларда яна Эрон дронларини ишга солишганига эътибор қаратди. Улардан бир қисми уриб туширилган, бироқ айримлари нишонга бориб теккан.
Зеленский яқин орада Эрон ракеталари билан инфратузилма объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини, Украина эса жавоб чораларига ҳозирланаётганини қўшимча қилган.
Россия ҳарбийлари Запорожье ва Днепропетровск вилоятларидаги аҳоли пунктларига зарба беришди
Россия қўшинлари 8 ноябрга ўтар кечаси Запорожье ва Днепропетровск вилоятларидаги аҳоли пунктларига яна ракета зарбалари беришган. Бу ҳақда минтақа маъмуриятлари маълумот тарқатишди.
Мулозимлар қайдича, зарбалар натижасида Днепропетровск вилоятига қарашли Никополь шаҳридаги биноларга жиддий шикаст етган. Ҳужум оқибатида қанча киши жабрланганига оид маълумот берилган эмас.