Қримдаги ўзбек талабалари ўқишини Ўзбекистонга кўчирадиган бўлди
Россия томонидан 2014 йилда аннексия қилинган Қрим ва Севастополдаги университетларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга истисно тариқасида рухсат берилди.
8 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Қрим федерал университетининг тиббиёт академиясида ўқиётган ўзбек талабалар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан эди.
1 ноябрь куни Россиянинг Украина билан чегарадош Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар шаҳарларида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга ҳам таҳсилни Ўзбекистондаги давлат олийгоҳларида давом эттиришга истисно тариқасида рухсат берилганди.
Шон Пенн “Оскар” ҳайкалчасини Зеленскийга берди
Украинадаги урушни танқид қилгани учун Россия томонидан санкцияга учраган Голливуд актёри ва режиссёри Шон Пенн Киевга ташриф буюриб, ўзининг “Оскар” мукофоти учун олган ҳайкалчасини Владимир Зеленскийга тақдим қилди.
Зеленский "бу катта шараф, лекин у фақат ғалаба қозонмагунимизча менда туради" деди.
Зеленский Украинада ҳужжатли фильм суратга олаётган Шон Пеннни муносабатларни мустаҳкамлаш, Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатни оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлади.
Ислом Каримов: Украиналиклар тезроқ дориломон кунларга етишсин!
- Сизларга фақат яхшилик тилайман, мана шу қийинчилик даври тезроқ тугашини тилайман. Тугаши керак, чунки одамлар чарчашган.
Ўзбекистоннинг илк президенти, марҳум Ислом Каримов бу гапни киевликларга қарата 24 йил аввал айтган. Лекин у худди Украинадаги ҳозирги вазиятни назарда тутгандек тассурот қолдиради.
Ислом Каримов фонди эълон қилган ушбу видео 1998 йилнинг февралида Киевда тасвирга олингани айтилган. Афтидан Киев кўчаларидан бирида оддий одамлар билан ўтган ушбу учрашувда Ислом Каримов украиналикларга муҳаббати баландлиги айтиб, уларни Тошкентга меҳмонга таклиф қилади:
- Барчангизни юртимизга таклиф қиламан. Шуни билишингизни истардимки, сизни кўришдан ҳамиша хурсандмиз, сизнинг ҳаётингиз яхши бўлса, мамнун бўлсангиз – биз ҳам мамнунмиз. Тилагим шуки, киевликлар ва умуман барча украиналиклар тезроқ дориломон кунларга етишсин!
АҚШ яна бир бор Пхенянни Россияга қурол берганликда айблади
Сешанба куни Пентагон матбуот котиби Пат Райдер Шимолий Корея Москвага Украина билан можарода ёрдам бериш учун «Россияни яширинча катта миқдордаги артиллерия ўқлари билан таъминлаётгани» ҳақида яна бир бор гапирди:
«Миллий хавфсизлик кенгаши айтганига ҳеч қандай қўшимча қила олмаслигимни айтаман. Бизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, КХДР Россияни яширин равишда катта миқдордаги артиллерия ўқлари билан таъминламоқда. Бу вазиятни кузатишда давом этамиз».
Ўтган ҳафтада Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби Шимолий Корея Россияга жўнатаётган ўқ-дориларни худди бошқа мамлакатларга юборилаётгандек қилиб кўрсатишга уринаётганини айтган эди.
Сешанба куни Шимолий Корея Россия билан ҳарбий келишувга эга эмаслигини ва буни режалаштирмаганини маълум қилди, дея хабар берди мамлакат давлат матбуоти.
Шимолий Корея мудофаа вазирлиги расмийси бу иддаоларни миш-миш деб атади ҳамда Пхенян Россия билан ўртада ҳеч қачон “ҳарбий келишув” бўлмагани ва “келажакда ҳам бундай режа йўқлигини” таъкидлади.