Politico: Зеленский Россия билан сулҳга рози бўлиши мумкин
Politico нашри муаллифлари фикрича, Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ расмийлари билан музокаралардан сўнг Россия билан сулҳ тузиш истиқболларига доир аввалги муносабатини бир оз юмшатган. Зеленский кеча Россия билан сулҳ тузишнинг асосий шартларини санаб ўтди, булар: Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тикланиши, БМТ низомига ҳурмат, уруш давомида етказилган зарар қийматини тўлаш, жиноятларнинг барча айбдорларини жазолаш ҳамда уруш такрорланмаслигига кафолат бериш.
Айни чоғда Зеленский яна бир бандни – Владимир Путин иқтидордан кетишини тилга олмади. “АҚШ маъмурияти юқори мартабали мулозимига кўра, Оқ уй Зеленский ва унинг маслаҳатчиларидан айнан ўз позицияларини ўзгартиришни илтимос қилмаган, балки Киевдан урушни оқилона шартларда якунлаш истагини намойиш этиши лозимлигини сўраган”, деб ёзади Politico.
Россиянинг Украинадаги таниқли мулозими Стремоусов автоҳалокатда ҳалок бўлди
Россиянинг Украинадаги энг таниқли амалдорларидан бири Кирилл Стремоусов бугун автоҳалокатда ҳалок бўлди.
Кирилл Стремоусов Херсон губернатори ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Reuters хабарига кўра, унинг ўлимини Россия томонидан қўйилган губернатор вазифасини вақтинча бажарувчи Владимир Cальдо тасдиқлаган.
"Кирилл Стремоусов вафот этганини айтиш мен учун жуда оғир. У Херсон вилояти ҳудудида машинада кетаётиб автоҳалокатга учради ва вафот этди".
Стремоусов урушдан олдин блогер ва маҳаллий сиёсатчилардан бири бўлган. Уруш бошлангач, у Херсонни ноқонуний босиб олиш, уни куч билан эгаллашни тарғиб қилган асосий шахслардан бирига айланган. Кейинчалик у Москва томонидан Херсон вилоят маъмурияти раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланган.
У ижтимоий тармоқларда Кремлни ёқловчи баёнотлар тарқатгани ортидан танилган. Ўлимидан бир неча соат олдин у Россия ҳарбийлари жанубдаги вазиятни “тўлиқ назоратга олганини” айтган.
Украинада у каллоборант ёки давлатга хиёнатда айбланади.
Рус қўшинлари Херсонни ташлаб чиқмоқда
9 ноябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу рус қўшинларини Днепр дарёсининг ўнг соҳилига олиб чиқишни бошлаш тўғрисида буйруқ берди.
"Биз учун россиялик ҳарбийларнинг ҳаёти ва соғлиғи биринчи ўринда туради. Қўшинларни олиб чиқишга киришинг", деди Шойгу.
Россия қўшинлари қўмондони, армия генерали Сергей Суровикин Херсон вилоятидаги қўшинларни Днепрнинг ўнг соҳилига олиб чиқишни таклиф қилган.
Россия Украина қўшинлари шаҳарга ҳужум қилишлари мумкинлиги иддаоси билан вилоят аҳолисини эвакуация қилган.
Суровикинга кўра, 115 минг херсонлик эвакуация қилинган.
Ўтган ой президент Зеленский Россия армияси Херсондаги Каховка ГЭСини миналаганини иддао қилганди.
Айни пайтда Суровикин худди шу иддаони Украинага қарши ишлатган. ISW экспертлари буни Россия “ўзга байроқ остида” амалиёт ўтказишга ва эҳтимолий фожиа учун жавобгарликни Украинага тўнкашга ҳозирланаётгани белгиси, дея баҳолашган.
Россия армияси Қрим ва Херсон вилояти чегарасида окоп қазишга киришди
Россия армияси аннексия қилинган Қримнинг шимолий қисмида окоп қазишга киришди, деб хабар бермоқда ОАВ сунъий йўлдошдан олинган суратларга таянган ҳолда.
Янги мудофаа истеҳкомлари, жумладан, Қрим ва Херсон вилояти ўртасидаги “Жонқўй” назорат-ўтказиш пункти атрофида ҳамда Армянск шаҳрия яқинида пайдо бўлган.
Бундан ташқари окоплар Херсон вилоятининг Геническ шаҳри яқинидаги Новотроицкое қишлоғида ҳам қазилмоқда.
9 ноябрь куни Россия қўшинлари қўмондони, армия генерали Сергей Суровикин Херсон вилоятидаги қўшинларни Днепрнинг ўнг соҳилига олиб чиқишни таклиф қилган. Мудофаа вазири Сергей Шойгу бу таклифга рози бўлиб, рус қўшинларини Днепр дарёсининг ўнг соҳилига олиб чиқишни бошлаш тўғрисида буйруқ берган. Бу эса Россия қўшини Херсонни ташлаб чиқишга мажбур бўлганини англатади.
Айни пайтда Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳозирча Днепрнинг ўнг қирғоғи, яъни Херсондан рус армиясининг олиб чиқилгани кузатилмаётгани тўғрисида билдирди.
Херсон Россия армияси томонидан март ойи бошларида босиб олинган эди. Бу Россия босқини бошланган февраль ойидан бери рус армияси томонидан эгалланган ягона вилоят марказидир. Сентябрнинг охирларида Херсонда вилоятни Россия таркибига қўшиб олиш бўйича “референдум” деб аталаётган сохта тадбир ўтказилди. Октябрь ойида Путин Херсон аннексиясини эълон қилди. Россия армияси Днепрнинг чап қироғоғига чекинганидан сўнг Херсон вилояти ҳудудининг деярли ярми яна Украина назоратига ўтади.