Sky News: Россия Эронга махфий равишда Украинада қўлга туширган ғарб ракета комплексларини берган
Россия махфий равишда Ил-76 ҳарбий транспорт самолёти билан Эронга Украинада қўлга туширилган ғарб қуролларнинг намуналарини жўнатган, деб хабар берди Британиянинг Sky News телеканали аноним манбаларга таянган ҳолда.
Манбанинг айтишича, 20 август куни эрталаб Москвадан Техронга бортида 140 миллион евро нақд пул, Британиянинг NLAW ракета комплекси, АҚШнинг “Жавелин” ва “Стингер” тизим юкланган самолёт учган. Телеканал манбаси, мазкур намуналар асосида Эрон ғарб технологияларидан нусха олиши мумкинлигини билдирган.
Бунга жавобан Эрон Россияга 160 дан ортиқ дронларни, жумладан, “Шаҳед” камикадзе дронларини юборган, деб иддао қилди манба. Унга кўра, яқинда Москва ва Теҳрон ўртасида яна 200 миллион евролик дрон сотиб олиш бўйича келишувга эришилган.
Мазкур маълумот юзасидан телеканал Эрон ва Россия ҳукуматига сўров жўнатди. Ҳозирча ҳукуматлар бу сўровга жавоб қайтарган эмас.
9 ноябрда Теҳронда Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Эрон президенти Иброҳим Раисий ва миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний билан музокралар ўтказгани хабар қилинди. Унда Украинадаги вазият ва “ички ишларга ғарбнинг аралашувига қарши курашни кучайтириш” масалалари муҳокама қилинган.
Россия ҳукумати Украинадаги жангларда Эрон дронларидан фойдаланаётганини рад этган. Бироқ жангларда Эроннинг “Геран-2” дронларига ўхшайдиган рус дронлари қўлланилган. Бундан ташқари Қора денгизда Эронда ишлаб чиқарилган “Мўхожер-6” дрони уриб туширилган.
5 ноябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга дронлар етказиб берганини тан олди. Баёнотда Теҳрон бу ишни Россия Украинага уруш очмасидан аввалроқ амалга оширгани таъкидланади. Бу баёнотдан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский Эронни ёлғончиликда айблади. Унга кўра, украин ҳарбийлари ҳар куни ўнлаб Эрон дронларини уруиб туширмоқда ва Эрон инструкторлари Россия ҳарбийларини дронларни бошқаришга ўргатган.
Пентагон: Россия Украинада юз минг аскарини йўқотди
Россия Украинада юз минг аскарини йўқотди, деб билдирди АҚШ штабларининг бирлашган қўмитаси раҳбари Марк Милли. Бу сўнгги 9 ой ичида Россия талофатларининг энг юқори даражадаги баҳоланишидир.
Миллига кўра, юз минг аскар дейилганда ҳалок бўлганларни ва яраланганларни тушуниш лозим. Милли Украина томони ҳам деярли шунга яқин даражада талафот кўрганини айтди.
Украина армияси бош штаби урушнинг 9 ойи давомида 77 минг рус солдати ҳалок бўлганини билдирган. 21 сентябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украинада 5937 рус аскари ўлганини маълум қилган.
Еврокомиссия Украинага 18 миллиард евролик кўмак кўрсатади
Еврокомиссия 9 ноябрда Украинага 2023 йилда 18 миллиард евролик иқтисодий кўмак кўрсатиш режасини эълон қилди. Комиссия мазкур режа Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади, деган умидда.
Режага мувофиқ Киевга ҳар ойда 1,5 миллиард евродан маблағ ажратилади. Бу пул 35 йилга қарзга берилади. Қарзнинг фоизларини Европа Иттифоқи тўлайди.
Мазкур режани Европа Иттифқига аъзо давлатлар маъқуллаши лозим. Ташкилотга аъзо айрим давлатлар қарзлар фоизини Европа Иттифоқи тўлашига қарши чиқмоқда. Бу давлатлар Украина мудом ошиб бораётган ташқи қарзини тўлай олишига гумон қилишмоқда.
Шундай бўлса ҳам Еврокомиссия Украинага қарзнинг дастлабки транши январь ойида берилишидан умид қилмоқда.
Россия Украинага 24 февралда бостириб кирган эди. Уруш оқибатида Украина инфраструктурасининг асосий қисми вайрон бўлди, энергетика тармоғининг 40 фоизи зарар кўрди. 10 миллионга яқин украин бошқа мамлакатларга бошпана излаб кетди.
Украина кучлари Снегиревкани назоратига олди
Украина Қуролли кучлари Николаев вилоятидаги Снегиревка шаҳрини назоратига олгани ҳақида дастлаб Телеграмдаги расмий каналида хабар берди. Бу маълумотни Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак билвосита тасдиқлади. Кейинчалик, тармоқларда Снегиревкада Украина байроғи кўтарилгани видеоси пайдо бўлди.
Снегиревка Херсондан 50 километр узоқликда жойлашган бўлиб, у Днепрнинг ўнг қирғоғида Россия кучлари учун муҳим мудофаа чизиғи эди.
“Озодлик” радиоси Снегиревканинг ишғолдан озод қилингани ҳақидаги маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмайди.