FIFA раҳбари Россия ва Украинани оташкесимга чақирди
FIFA президенти Жанни Инфантино Россия ва Украинани Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати вақтида бир ойлик оташкесимга чақирди.
Инфантино Индонезияда йиғилган Катта йигирматалик саммити етакчиларига Жаҳон чемпионати тинчлик ва бирдамлик учун “ўзига хос платформа” бўлишини айтди, чунки тадбирни телевизор орқали 5 миллиардга яқин одам томоша қилади.
"Шундай экан, менинг барчангиздан илтимосим - Жаҳон чемпионати давомида бир ой давомида вақтинчалик сулҳ режимида қолиш", деди у Индонезиянинг Бали оролида G20 етакчилари билан тушлик пайтида.
Киев ва Киев вилоятида портлаш овозлари эшитилмоқда
“Украинска правда” хабарига кўра, сешанба куни Киевда портлаш овози эшитилган.
Тармоқларда ракета зарбасидан кейин Киев узра тутун кўтарилаётгани акс этган видеолар эълон қилинди.
Киев ҳокими Виталий Кличко шаҳарнинг Печерский туманида иккита турар-жой биносига зарба берилганини айтди.
"Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир нечта ракеталарни уриб туширди. Печерский туманида иккита турар-жой биносида тиббиётчилар ва қутқарувчилар ишламоқда. Батафсил маълумот кейинроқ", деб ёзади Кличко. Телеграм каналида.
Аввалроқ бутун Украинада ҳаво огоҳлантириши эълон қилинган эди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Украинанинг Чернигов ва Суми вилоятларида ҳам ишлагани хабар қилинмоқда.
Польша ҳудудига "Россия ракеталари" тушди
Сешанба куни Польшанинг Украина билан чегара яқинида иккита ракета портлаган. Дастлабки маълумотга кўра, икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Польша радиоси ва Associated press агентлиги хабар берди.
Агентлик АҚШ разведкасининг исми ошкор этилмаган юқори мартабали мулозимларига таяниб хабар беришича, ракеталар Полша ҳудудига учган ва улар Россияга тегишли.
Польшанинг “Radio ZET”радиостанцияси хабарига кўра, ракеталар Пшеводов қишлоғида портлаган.
Портлашлар ортидан Польша ҳукумати хавфсизлик ва мудофаа қўмитасининг фавқулодда йиғилишини ўтказмоқда, деб ёзади “Gazeta Wyborcza”. Баъзи польшалик журналистлар бу рус ракеталари эканлигини даъво қилмоқда. Бироқ, улар Украина ҳаво мудофаасининг С-300 ракеталари бўлиши ҳам мумкин.
Ҳодиса ҳақидаги маълумотни Латвия мудофаа вазири Артис Пабрикс ҳам тасдиқлади.
"Польшалик қуролли биродарларга ҳамдардлик билдираман. Россиянинг жиноий режими ракеталарни учирмоқда, улар нафақат Украина фуқароларига, балки Полшадаги НАТО ҳудудига ҳам келиб тушди", - деб ёзди Пабрикс Twitter саҳифасида.
Пшеводов қишлоғи Украинанинг Львов вилояти билан чегарасидан беш километр узоқликда жойлашган.
Россия сешанба куни Украина шаҳарларини яна ҳужумга тутди. Уларнинг асосий мақсади - энергетика инфратузилмаси объектларини яксон қилиш. Украина президенти девони маълумотларига кўра, энергия таъминоти тизимига ракета ҳужумларидан сўнг Украинада 7 миллионга яқин хонадон электрсиз қолган.
Польшада ракета портлашлари ортидан Миллий хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди
Польша ҳукумати сешанба куни Украина билан чегара яқинидаги ҳудудига иккита ракета тушгани ҳақидаги хабар ортидан фавқулодда йиғилиш ўтказди.
Варшава портлашларда Польшанинг икки фуқароси ҳалок бўлганини тасдиқлади, бироқ ҳодисага айнан нима сабаб бўлгани ва ракеталар қаердан келган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча баёнот бермади.
Учрашувдан сўнг Польша ҳукумати вакили Пётр Мюллернинг айтишича, Варшава НАТО низомининг 4-моддаси, яъни алянс доирасида ўз аъзоларидан бирини хавотирга солаётган таҳдид бўйича маслаҳатлашувларни бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Мюллер воқеа юзасидан қўшимча изоҳ беришдан бош тортди. Польшанинг Radio ZET радиостансияси биринчи бўлиб ракета ҳодисаси ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар берди ва ракеталар Россияники эканлигига аниқлик киритмади.
Бироқ кейинроқ Associated Press агентлиги Америка разведкасининг номи ошкор этилмаган юқори мартабали амалдорларига таяниб, ракеталар Россияга тегишли эканлиги ҳақида ёзди.
Кечқурун Польша ҳукумати қўшинларни шай ҳолатга келтираётганини эълон қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Россия ракеталарининг Пшеводува ҳудудига қулагани ҳақидаги хабарларни "вазиятни кучайтириш учун атайлаб қилинган провокация" деб атади.
Украина президенти Владимир Зеленский кечки баёнотида Россия ракеталари Польшада портлаганини айтди.
"Бугун Россия ракеталари Польша ҳудудига урилди, одамлар ҳалок бўлди. Барча украиналик биродарларнинг ҳамдардликларини қабул қилинг " деди Зеленский