Столтенберг Польшадаги ракета портлашлари ҳақида: Жавобгарлик барибир Россия зиммасида!
НАТО Польшадаги портлаш юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказди. Ташкилот йиғилиш сўнггида баёнот чиқарди. Унда Польша шарқидаги портлаш Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ракетаси туфайли содир бўлгани, қасддан ҳужум ёки Россия НАТОга қарши ҳужумкор ҳарбий ҳаракатлар тайёрлаётганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқлиги айтилади.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда журналистларга ҳужум бўйича якуний жавобгарлик барибир Россия зиммасида эканини айтди.
"Бу Украинанинг айби эмас. Россия Украинага қарши ноқонуний урушини давом эттиргани учун якуний жавобгарлик унинг зиммасидадир", - деди Столтенберг.
Reuters агентлигининг билдиришича, йиғилиш НАТО низомининг 4-моддасига асосан ўтказилган.
Бу моддага биноан НАТОга аъзо давлатлардан бирортаси “ўзининг ҳудудий яҳлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлиги”дан ҳавотир билдирган тақдирда, мана шундай йиғин чақириш ҳуқуқига эгадир.
Литва президенти: НАТО Польша-Украина чегарасида ҳаво мудофаасини кучайтириши керак!
Литва президенти Гитанас Науседа 16 ноябр Польшада икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ракета зарбасидан сўнг, НАТО Польша-Украина чегарасида ва иттифоқнинг қолган шарқий қанотида зудлик билан қўшимча ҳаво мудофаасини жойлаштириши кераклигини таъкидлади.
“Литва Польша-Украина чегарасида ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини жойлаштиришни фаол қўллаб-қувватлайди”, деди Науседа журналистларга.
“Умид қиламанки, келаси йили Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитига қадар биз муваффақиятга эришамиз, чунки вазият бу тўғри қарор эканини ва тезкорлик билан амалга оширилиши кераклигини тақазо қилади”.
Германия канцлери Олаф Шольц Польшадаги портлаш билан боғлиқ вазиятни диққат билан ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
"Бир неча соат олдин мен президент Дуда билан гаплашдим ва унга ва Польша фуқароларига ҳамдардлигимни, шунингдек, мамлакатимиз фуқароларининг ҳамдардлигини билдирдим. Бу даҳшатли воқеа ва энди бу қандай содир бўлганини диққат билан аниқлаш керак”.
Шольц, шунингдек, НАТОга аъзо давлатлар вазиятни муҳокама қилиш учун учрашганликларини ва бунинг муҳимлигини қўшимча қилди
G20 Украинадаги урушни қораловчи баёнотни эълон қилди
Катта йигирматалик саммити иштирокчилари Украинадаги урушни қораловчи баёнотни эълон қилди. Баёнотга кўра, саммит иштирокчиларининг аксарияти “Украинадаги урушни кескин қоралайди ва бу уруш инсониятнинг катта азоб-уқубатларига сабаб бўлаётгани ва жаҳон иқтисодиётида беқарорликни кучайтираётганини таъкидлайди”.
Украинадаги уруш глобал иқтисодий ўсишни тўхтатмоқда, инфляцияни кучайтирмоқда, озиқ-овқат таъминоти занжирларини бузмоқда ва ёқилғи тақчиллигини кучайтирмоқда, дейилади саммит қўшма баёнотида.
Шу билан бирга, ҳужжатжа "бошқа фикрлар, жумладан санкцияларга оид турли баҳолар" ҳам келтирилган.
Бундан ташқари, декларацияда саммит иштирокчилари ядро қуролидан фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслиги, “Украина ва Россиядан озиқ-овқат, ғалла ва ўғитларни тўсиқсиз етказиб бериш” давом этиши, иқлим ўзгаришига қарши кураш давом этиши ҳақида айтилган.
Шунингдек, саммит иштирокчилари, биохилма-хиллик, маданият, туризм, рақамли технологиялар ва пандемияга қарши кураш бўйича консенсусга эришдилар.
Баёнотда аёллар, ёшлар, мигрантлар ва ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам қайта-қайта тилга олинган.
Дуда ракета портлашини “катта эҳтимол билан бахтсиз ҳодиса” деб атади
Ғарб давлатлари ва НАТО Польшада икки кишининг ҳаётига зомин бўлган портлашни текширмоқда. Портлаш сешанба куни Польшанинг Украина билан чегарасидан 5 чақирим узоқликдаги Пшеводов қишлоғида содир бўлди.
Польша президенти Анжей Дуда бу холатни “катта эҳтимол билан бахтсиз ҳодиса” даб атади.
Дуданинг айтишича, ракета катта эҳтимол билан Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмасига тегишли бўлиши мумкин, уларнинг Россия томонидан учирилганига оид далиллар эса йўқ
Айни пайтда Польшадаги бу ҳодиса Украина уруши унинг чегараларидан чиқиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни ўртага чиқарди.