Украина Польшада ракета қулаши бўйича терговда иштирок этишни талаб қилмоқда
Украина Польшада ракета қулаши билан боғлиқ ҳодиса бўйича шериклар билан биргаликда тергов ўтказиш ва украиналик мутахассисларга воқеа жойига киришни таъминлашни талаб қилган.
Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов маълум қилди.
Хусусан, унинг аниқлик киритишича, Киев зудлик билан Украина Мудофаа вазирлиги ва мамлакат чегара хизмати вакилларига портлаш жойига киришни таъминлашни сўрамоқда.
"Биз ҳамкорлар билан биргаликда ушбу ҳодисани янада батафсил ўрганиш тарафдоримиз. Биз Россиянинг изи бўйича қўлимизда бўлган далилларни шерикларга беришга тайёрмиз", - деди Данилов.
Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Украинанинг терговга тўлиқ очиқлигига ишонтириб, “бўлган воқеада фақат Россия ва унинг ракета террори айбдор”, деб таъкидлади.
Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Киев ҳар доим “Марказий Европа минтақасини Россия ракеталаридан фақат Украина ҳудуди устидан самарали ҳаво қалқони яратиш орқали ҳимоя қилиш мумкинлигини” таъкидлаб келганини эслатди.
Зеленский: Польшага қулаган ракета Украинаники эмас
Украина президенти Владимир Зеленский Польшага бир кун олдин қулаган ракета Украинаники эмаслигини таъкидламоқда.
“Бу бизнинг ракета эмаслигига шубҳам йўқ”, — деди Зеленский чоршанба куни Киевда.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Украина Қуролли кучлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигидан хабарлар олган.
"Бу маълумотларга ишонмасдан иложим йўқ”, деди Зеленский.