Запорожьеда Россия кучларининг тунги зарбалари оқибатида шаҳар аҳолиси иссиқлик таъминотисиз қолди
Запорожьеда Россия кучларининг тунги зарбалари оқибатида шаҳар туманларидан бирида иссиқлик таъминотида узилиши бўлди, деди вилоят ҳарбий раҳбари Александр Старух.
"Ракета портлашлари оқибатида марказлаштирилган иситиш қувурлари шикастланган ва 17 мингдан ортиқ аҳоли яшовчи 123та кўп қаватли уйга совутиш суви етказиб бериш тўхтаб қолди. Россия босқинчиларининг террористик ҳаракатлари чиндан ҳам гуманитар фалокатни келтириб чиқаришга қаратилган", - деб ёзди у Телеграм каналида.
Зеленский: Украина қўшинлари Донецк шарқида 100 га яқин ҳужумни қайтарди
Украина қўшинлари Донецк вилояти шарқида 100 га яқин ҳужумни қайтарган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский жума кунга тунги видеомурожаатида билдирди.
"Донецк вилоятида жуда шиддатли жанглар давом этмоқда. . . жанглар тўхтагани йўқ. 24 соат ичида Донецк вилоятида Россиянинг 100 га яқин ҳужуми қайтарилди”, - деди Зеленский.
Россия ўтган ҳафта ўз қўшинларини Украинадаги Днепр дарёсининг ғарбий қирғоғидан олиб чиқди, жумладан, февраль босқинидан кейин қўлга киритган ягона минтақавий марказ Херсон озод бўлди.
Бугун Херсонда ёрдам пунктлари очилган, деди Зеленский.
"Шаҳарда электр таъминоти тикланаётган пайтда одамлар телефонларини заряд қилишлари, исинишлари, чой ичишлари, ёрдам олишлари мумкин. У ерда алоқа мавжуд, Старлинк ёки шунга ўхшаш тизимлар ишламоқда", таъкидлади Зеленский ўз мурожаатида.
Украина расмийларининг айтишича, руслар кетишдан олдин шаҳарнинг муҳим инфратузилмасини вайрон қилган.
Британиянинг янги бош вазири Киевга келди
Британия бош вазири Риши Сунак Киевга келди. Бу унинг бош вазир лавозимида Украинада уруш башланган буёнги Киевга илк ташрифидир. Сунак 25 октабрда лавозимга киришганди.
Украина президенти Владимир Зеленский Facebook саҳифасида Британия бош вазири билан учрашув видеосини жойлаштирди:
"Урушнинг дастлабки кунлариданоқ Украина ва Буюк Британия қудратли иттифоқчилар ҳисобланади. Бугунги учрашувда биз мамлакатларимиз учун ҳам, глобал хавфсизлик учун ҳам энг муҳим масалаларни муҳокама қилдик. Биз биргаликда кучлироқмиз ва керакли натижаларга эришамиз", - деб ёзди Зеленский.
Зеленский: Украина энергетика секторини «барқарорлаштириш устида ишламоқда»
19 ноябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский навбатдаги видеомурожаатида мамлакатдаги энергия таъминоти билан боғлиқ муаммолар Киев ва унинг атрофида, шунингдек, олтита бошқа вилоятда энг оғир эканини айтди, аммо «вазиятни барқарорлаштириш» ишлари давом этаётганини қўшимча қилди.
Бу ҳақда президент шундай деди:
«Ҳар доимгидек бугун энергетика соҳасида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ҳақида ҳисобот олдим. Бутун мамлакат бўйлаб вазиятни барқарорлаштириш устида ишлаяпмиз. Киев ва у жойлашган вилоят, Одесса ва у жойлашган вилояти, Харков ва жойлашган вилоятда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар айниқса кўп. Винница, Тернополь, Черкасси, Чернигов ва бошқа вилоятларда энергетиклар одамларга нормал ҳаёт бахш этиш учун барча чораларни кўришмоқда».
Шанба куни Украина энергетика вазирлиги Россиянинг энергия ишлаб чиқарувчи инфратузилмага берган ҳужумларига қарамай, электр таъминоти назорат остида эканлигини ҳамда ваҳимага ўрин йўқлигини айтди.
Бу орада мамлакатнинг энг йирик хусусий энергетика компанияси бўлмиш «DTEK» раҳбари Украинани тарк этишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.
Россиянинг ракета зарбалари Украина энергетика тизимининг деярли ярмини ишдан чиқарган. Жума куни Киев ҳокимлиги пойтахт электр тармоғи тўлиқ ишдан чиқиши эҳтимолдан холис эмаслигини билдирди.