The New York Times: Рус аскарлари отиб ўлдирилгани акс этган видео ҳақиқий
The New York Times газетаси украин ҳарбийлари дея тахмин қилинаётган кишилар асирга олинган Россия аскарларини ўлдираётгани акс этган видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Шунга қарамай, нашр видеоёзувларда Россия ҳарбийлари қандай ҳолатда ўлганини аниқлаш имконсизлигини урғулаган.
“Тўлиқ мазмуни қуйида келтирилган ва ҳақиқийлиги The New York Times томонидан тасдиқланган видео урушнинг мудҳиш онларини намойиш этади, бироқ Россия аскарлари қандай ва нега ўлдирилганини акс эттирмайди” , дейилади нашр мақоласида.
Нашр маълумотига кўра, бунақа видеодан жами иккитаси ёйинланган. Улардан бирида украин аскари Макеевкадаги жангни телефонда тасвирга олган. Иккинчи видео эса катта эҳтимол билан, Украина ҚК ҳужумни кузатишда фойдаланган дрон орқали олинган. Видеода 12 нафар рус аскарининг жасадларини, уларнинг ёнида эса қон изларини кўриш мумкин. NYT ёзишича, уйдан энг охирида чиққан Россия аскари қаршилик кўрсатишга уриниб, ўқ отишни бошлаганга ўхшайди.
Киев билан Москва ушбу воқеада бир-бирини айбламоқда. Россия томони Украина кучларини “қуролсиз Россия ҳарбий асирларини шафқатсизларча отиб ташлаган”ликда айблаётган бўлса, Украина инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец Россия ҳарбийлари асирга тушиш чоғида ўт очишганини таъкидламоқда.
Утех университетининг ҳарбий жиноятлар тергови бўйича эксперти Ива Вукусич фақат видеодалилларга таянган ҳолда ҳарбий жиноят фактини аниқлаш мушкуллигини урғулади.
БМТ ҳам воқеани эътиборсиз қолдирмади ва суриштирув ўтказиш зарурлигини тасдиқлади.
ВИДЕО: Урушишдан бош тортган рус ҳарбийлари ҳибсга олинди
Икки нафар россиялик ҳарбий хизматчи жанговар буйруқни бажаришдан бош тортгани учун қўлга олингани видеоси тармоқларда пайдо бўлди. Айнан қачон суратга олингани номаълум, “ВотТак.тв” телеграм канали маълумотларга асосланиб, воқеа жойи Белгород вилояти эканлигини аниқланди.
Видеода қўмондон оддий ҳарбий унвонга эга бўлган аскарга сафдан чиқишни буюради.
Шундан сўнг, ҳарбий терговчи унга 16 ноябр куни "уруш, ҳарбий ҳолат ёки қуролли тўқнашув вақтида буйруқни бажармаслик" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилади ва конвой ҳарбий хизматчини ҳибс этади. Худди шу ҳолатда бошқа аскар ҳам ушланади.
Расмийлар видеога ҳозирча изоҳ бермаган.
Адвокат ва "Ҳарбий омбудсман" канали муаллифи Максим Гребенюкнинг таъкидлашича, ҳарбийлар "бошқаларга огоҳлантириш сифатида" ҳибсга олинган.
Россия Жиноят кодексига сафарбарлик давридаги ҳарбийларга нисбатан жазони кучайтириш тўғрисидаги моддалар сафарбарлик эълон қилинишидан бир кун аввал, сентябр ойида киритилган эди. Буйруқни бажаришдан бош тортиш моддасига кўра, ҳарбий хизматчилар 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Аввалроқ, сафарбар этилганларнинг Украинадаги урушга боришдан бош тортган кўплаб ҳолатлари ҳақида хабар берилган эди. Аслида рус ҳарбийларини бу ҳолатда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас - уруш расман эълон қилинмаган ва тинчлик даврида шартнома бўйича аскарлар жанговар ҳаракатларда қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.
Херсондан чекинган рус қўшинлари бир қанча қишлоқларни ҳужумга тутди
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотига кўра, сўнгги 24 соат ичида энг шиддатли жанглар Луганск вилоятидаги Стелмаховка қишлоғи, Бахмут, Соледар, Весёлое ва бошқа бир қатор шаҳарларда бўлиб ўтган.
Донецк вилоятида Россия қўшинлари ҳужум операцияларини ташкил этишга ҳаракат қилмоқда, Украина армияси ҳужумларни қайтармоқда.
Запорожье вилоятида ташаббус, аксинча, Украина томонига ўтган. Херсон вилоятида Днепрнинг чап қирғоғига чекинаётган рус қўшинлари Антоновка, Зеленовка, Комишани ва бошқа аҳоли пунктларини ҳужумга тутмоқда.
Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери 8300 дан ортиқ тинч аҳоли, шу жумладан 437 нафар бола ҳалок бўлди. Бу маълумотни Украина Бош прокуратураси эълон қилди.
БМТ: Запорожье атом станцияси яна хавф остида
БМТ Атом энергияси агентлиги раҳбари Украинанинг Запорожье атом электр станцияси сўнгги ҳужумлар ортидан потенциал ядровий фаолокат хавфи ҳақида огоҳлантирди ва станция текширилиши зарурлигини билдирди..
Европадаги энг йирик атом электр станцияси яна ҳужумга учради. Украина жанубидаги Запорижье атом станцияси Россия назорати остидадир.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик маълумотларига кўра, шанба ва якшанба оқшомида станция ўндан ортиқ портлаш таъсирида ларзага келган.
Агентлик раҳбари Рафаель Гросси портлашларни ким қилган бўлса "олов билан ўйнашяпти" деди.
Россия ҳам, Украина ҳам ҳужумларда бир-бирини айблаган.
Россия Мудофаа вазирлиги Киевни АЭСнинг таъминловчи электр узатиш линияларига снарядлар отишда айблаб чиқди.
Украинанинг Энергоатом ширкати Россияни Украинанинг энергия таъминотини янада чеклаш мақсадида инфратузилмани нишонга олганликда айблади.
Станциянинг қайта-қайта хужумга тутилиши 1986 йилдаги Чорнобиль фожиаси содир бўлган жойдан атиги 300 чақирим узоқликда оғир авария содир бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни ўртага чиқарди.