Россия босқини пайти Херсон музейи толон-тарож қилинган
Рус қўшинлари Херсондаги санъат музейидан 15 мингга яқин экспонатни толон-тарож қилган. Бу ҳақда Украина маданият вазири Александр Ткаченко маълум қилди.
"Улар иккита музейни толон-тарож қилишди ва энг муҳим экспонатларни ўғрилашди. Санъат музейида, улар музей коллекциясининг деярли 80 фоизини, бошқа музей экспозициясининг катта қисмини, қиммат суратлар, тангаларни ўғрилашди", - деди Ткаченко.
31 октабрь куни музейга бир неча ўнлаб россиялик аскар келгани, кейин улар уч кун давомида юк машиналарига музейдан санъат асарларини олиб кетаётгани видеолари тармоқларда тарқалганди. Facebook ижтимоий тармоғида маълум қилинишича, талон-тарож қилинган ашёлар Қримдаги Симферополга ўтказилган.
Херсон санъат музейи коллекциясида 17-асрга оид суратлар, шунингдек 19-аср Украина санъати, шунингдек, модернист ва замонавий Украина санъати тўпламлари бўлган.
Херсон вилояти музейи экспозициясида 10 000 га яқин археологик ашёлар, шу жумладан қадимги юнон колонияси Олбияда олиб борилган қазишмалар пайтида топилган буюмлар мавжуд. Музейда сақланадиган 173 000 дан ортиқ экспонатларнинг кенг коллекцияси минтақанинг табиий тарихи, инқилобдан олдинги ва кейинги тарихини ўз ичига олади.
Украина мулозимларига кўра, Россия Херсонни босиб олган пайтда шаҳар вилоят театрини рус маданият марказига айлантиришга ҳаракат қилган, лекин бунинг уддасидан чиқа олмаган.
Украина драматурги Николай Кулиш номини олган Херсон театри минтақадаги энг машҳур маданият муассасаларидан бири бўлиб, ҳар йили ўтказиладиган "Тавриялик Мелпомене" халқаро театр фестивалига мезбонлик қилган.
Театрда оҳирги спектакль уруш бошланишидан бир кун олдин, 23 февралда қўйилган. Театр жамоаси электр таъминоти тикланиши биланоқ, уруш бошланганидан бери илк спектаклни қўйиш ниятида.
Латвия мактабларда рус тили ўқитилишини тақиқламоқчи
Латвия Таълим ва фан вазирлиги 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактаб ўқувчиларига иккинчи чет тили сифатида рус тилини танлашни тақиқлашни режалаштирмоқда.
"Делфи" портали хабар беришича, мамлакатнинг барча таълим муассасаларида иккинчи чет тили фақат Европа Иттифоқининг расмий тилларидан бири бўлиши мумкин.
Ўрганиш алоҳида ҳукуматлараро келишувлар билан тартибга солинадиган тиллар учун истисно қилинади.
Рус тили Европа Иттифоқи тили эмаслиги ва тегишли халқаро шартномаларда мавжуд эмаслиги сабабли, аслида бу рус тилини мактабларда иккинчи чет тили сифатида ўрганишни тақиқлашни англатади.
Бугунги кунга келиб, Латвия мактабларида биринчи чет тили биринчи синфдан ўқитилади ва кўпинча бу инглиз тилидир.
Иккинчи чет тили тўртинчи синфдан бошлаб ўқитила бошлайди ва уни танлаш ҳали қонун билан тартибга солинмаган.
Бундан ташқари, 2021 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, Латвия мактабларининг деярли ярмида танлов йўқ: 300 дан ортиқ мактабда иккинчи чет тили сифатида фақат рус тили таклиф этилади.
Россиянинг Белгород вилояти расмийлари Шебекино шаҳри ўққа тутилгани ҳақида хабар беришди
Белгород вилоятининг Шебекино шаҳри ўққа тутилиши оқибатида камида бир каши ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Гладков маълум қилди.
"Уни портлаш тўлқини улоқтирган, бошидан жароҳат олган. Шифокорлар унга барча керакли ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилишди, бироқ у ҳушига келмай тез ёрдам машинасида ҳаётдан кўз юмди", деб ёзди Гладков ўзининг телеграм-каналида.
Гладковга кўра, ҳужумни Украина амалга оширган. Уруш шароитида расмийларнинг талафот ва қурбонлар ҳақида бераётган маълумотини текшириш имконсиз.
Рус қўшинлари Херсонни ҳужумга тутди, 2 киши ҳалок бўлди
Бу ҳақда Херсон вилояти раҳбари Ярослав Янушевичг хабар бермоқда. Унинг сўзларига кўра, ракета артиллерияси, шунингдек, миномётлардан ўққа тутиш оқибатида 7 киши жароҳатланган.
Айни пайтда, Херсон шаҳрида аҳоли электр, сув ва иссиқлик таъминотидаги узилишлар шароитида кун кўрмоқда.
Аввалроқ рус қўшинлари босқин бошидан бери ўзлари эгаллаб турган Украинанинг ягона вилоят маркази Херсонни тарк этиб, Днепрнинг чап қирғоғига чекинишганди.