"Бошланаётган ҳафта оғир бўлади"
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг янги ҳужумларига тайёр бўлиш ҳамда биргаликда қарши туриш керак, деб огоҳлантирди.
"Террорчилар янги зарбаларни режалаштирмоқда. Буни аниқ биламиз. Токи уларда ракеталар бор экан, улар афсуски, ҳали бери тинчланмайди", деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
"Бошланаётган ҳафта худди ўтган ҳафтадек оғир бўлиши мумкин. Мудофаа кучларимиз бунга тайёрланмоқда. Бутун мамлакат тайёрланмоқда. Эҳтимолий барча сценарийларни ҳамкорларимиз билан кўриб чиқдик. Бизнинг бирлигимиз мустаҳкам бўлиб қолади. Кимгадир ёрдам бериш қўлингиздан келса, албатта буни қилишингизни сўраб қоламан. Бу ҳафта ҳам ҳаво ҳужумидан огоҳлантирув сиреналарига эътиборли бўлишингизни илтимос қиламан”.
Озодлик уруш шароитида томонларнинг бундай баёнотларини мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.
Зеленский: Россия Украинага қарата 4700 дан зиёд ракета отди
Ҳарбий экспертлар Москванинг ракеталари тугаб бораётганини айтадилар. Бироқ Украина шаҳарларига ракета зарбалари бериш тўхтагани йўқ.
Украина томонига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россия Украинага қарата 4700дан зиёд ракета отган.
Ҳарбий эксперт Александр Коваленко фикрича, Россия ҳарбийлари Украина Ҳарбий ҳаво мудофаа тизимини ёриб ўтишга қодир янги ракеталар тўпламини тахминан икки ҳафтада тайёрлашади. Бу вақт – ракеталарни омборлардан олиш, техник текшириш, ташиб бориш, шунингдек янги ракеталар ишлаб чиқариш учун зарур.
Коваленко бу ҳақда “Настояшчее время” телеканалида сўзлаб берди:
“Тушунишимча, Россия яқин кунларда ўз омборларида сақланаётган Х-101 ва Х-555 ракеталарини тиклашга зўр беради, ҳатто нормативларга кўра қўллашга яроқсиз бўлган ракеталарни ҳам. Ва, албатта, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун ҳам бор кучини сарфлайди. Ҳозирда Россия ракеталар ишлаб чиқариш учун зарур яримўтказгичлар, чиплар ва микросхемаларни Хитойдан Тожикистон ва Эрон орқали контрабанда йўли билан олиб келмоқда. Ушбу компонентлар 2000-йилларда модернизация қилинган Х-101 ракеталарининг таркибий қисмлари саналади. Ракета қуроллари захирасини бошқа йўл билан тўлдирмагунча, масалан, Эрондан баллистик ракеталар сотиб олиш бошланмагунича Россия ҳарбий учоқлардан отиладиган шу турдаги ракеталарни фаол қўллашда давом этади”.
Европада 4,7 миллион украин вафқтинчадлик ҳимоя мақомига эга бўлди
Россия Украинага бостириб кирганидан бери 4,7 миллион украиналикка вақтинчалик ҳимоя ёки шунга ўхшаш мақом берилди. Бу ҳақда БМТнинг Қочинлар иши бўйича бошқармаси маълум қилди.
Украина фуқароларини энг кўп қабул қилган давлатлар Польша, Германия ва Чехия бўлди.
Уруш бошланганидан сўнг Украинадан Европага жами саккиз миллионга яқин одам қочиб ўтди. Улардан қанчаси ватанига қайтгани тўғрисида маълумот йўқ.
Вақтинчалик ҳимоя мақомига эга шахс Европада ишлаш ва яшаш ҳуқуқига эга бўлади.
Запорожье АЭСига “Росатом” билан шартномани имзоламаган ходимлар киритилмаяпти
Россия қўшинлари босиб олган Запорожье АЭСига “Росатом” билан шартномани имзоламаган ходимлар киритилмаяпти. АЭС ходимлари Украинанинг “Энергоатом” ширкати билан шартномага эга эди.
Украина Қуролли кулари Бош штабининг билдиришича, шартномани имзоламаган ходимлар душанба кунидан бошлаб иш жойига киритмлай қўйилган. “Росатом” бу хабарга муносабат билдирмади.
АЭС ходимларининг кўпчилиги Россия иш берувчиси билан шартнома имзолашни истапаяпти. Чунки АЭС Украина назоратига қайтганидан сўнг Киев уларни коллаборационизмда ёки объектнинг стратегик аҳамиятга эга эканидан келиб чиқиб, давлатга хиёнатда айблаши мумкин.
Якшанба куни “Энергоатом” президенти Пётр Котин Россия ҳарбийлари АЭС ҳудудини ташлаб чиқиб кетиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганини айтган эди. Ҳозрча эса улар АЭСни ҳарбий база қаторида ишлатишда давом этмоқда.
Россия Запорожье АЭСини март ойида босиб олган эди. Ўшандан бери Россия ва Украина бир бирини АЭСни бомбардимон қилганликда айблаган.