Блинкен: АҚШ Россияга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламайди
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Россия агрессиясига қарши курашда имконияти борича ёрдам кўрсатади, бироқ Россиянинг ҳудудларига ҳужум қилинишини қўлламайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 декабрда маълум қилди.
Блинкен Россиянинг Саратов, Разян ва Курскдаги авиабазаларига дронлар билан ҳужум қилинишида Киевнинг қўли борлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан мана шундай баёнот берди. Киевнинг ўзи бу ҳужумларга алоқадор эканлигини тасдиқлаган эмас.
“Биз украиналикларга Россия ҳудудларига ҳужум қилиш учун шароит яратиб берганимиз ёки уларни бу ишга рағбатлантирганимиз йўқ. Бироқ Россия агрессияси ортидан украиналиклар ҳар куни оғир аҳволда қолаётганини ҳам тушунишимиз лозим”, - деди Блинкен.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украинага олис масофаларга отилувчи ракета комлексларини етказиб бермаслигини билдирган эди.
6 декабрда Россиянинг Курск вилоятидаги, 5 декабрда эса Саратов ва Рязандаги аэродромларга дронлардан ҳужум қилинган эди. Бунинг ортидан Курскдаги нефть тўпловчи омборхона ёнгани, Саратов ва Рязанда бир неча ҳарбий самолётларга жиддий бўлмаган зарар етказилгани хабар қилинган. Россия ҳужумларда Украинани айблади. Украина бу борада расмий муносабат билдирмади.
АҚШ ва Россия бир-бирини Украина бўйича музокараларга бефарқликда айблади
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Украинадаги гуманитар вазият бўйича йиғилишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "кўпчилик аъзолари дипломатик келишувдан манфаатдор эканлигини билдирган.
"Биз бунга жуда жиддий муносабатимизни, музокаралар олиб боришга тайёрлигимизни кўрсатяпмиз. Мақсад "бизни махсус ҳарбий операцияни бошлашга мажбур қилган асосий сабабларни йўқ қилиш", деди Небензя.
Аввалига Москва Россияга хавф туғдирмаслиги учун Украинани “қуролсизлантириш” ва “денацификация қилиш” эканини айтган эди.
Бироқ Ғарб давлатлари Россиянинг асл мақсади Украина армиясини мағлуб этиш ва унинг ғарбпараст ҳукуматини ағдариш бўлганини таъкидлаб келади.
"Украинага тинчлик керак, Украина тинчликни хоҳлайди. Украина ҳудуди бошқа давлатлардан кўра кўпроқ тажовузга учраган. Москва ҳар сафар ўзини тажовузкор эмас, аксинча жабрдийда, бизни эса тинчликка қарши қилиб кўрсатаётганида бу сўзларни ёдга олинг", деди Украинанинг БМТдаги вакили Сергей Кислица.
Baza: Кеча Новошахтинскда полициячиларни ўққа тутган одам “Вагнер ХҲШ”нинг дезертир аскари бўлиб чиқди
Baza нашри ёзишича, ўтган куни Россиянинг Новошахтинск шаҳрида полиция патрулини пулемётдан ўққа тутган номаълум эркак – ўғирлик ва талончилик учун қамалиб чиққан собиқ маҳкум Павел Николин экан. У Украинада жанг қилиш учун “Вагнер ХҲШ”га ёллангани, аммо кейин хизматдан қочгани айтилмоқда.
Аввалроқ Ростов вилояти губернатори Василий Голубев сешанба куни полициячини яралаган эркак бўш бинода қўлга олинганини маълум қилган эди.
Евгений Пригожин ўз матбуот хизмати орқали “Вагнер ХҲШ” оператив гуруҳи суриштирув ўтказишини ва, лозим топса, унинг натижаларини эълон қилишини” билдирди.
Shahed-136 камикадзе дронлари ҳужуми қайтарилди
Днепрда туркум портлашлар бўлди. Украина ҚК Shahed-136 дронлари ҳужум қилганини ва ҲҲМ кучлари ҳужумни қайтарганини маълум қилди.
Дронлар ҳужуми ҳақида дастлаб LIGA.net нашрига маҳаллий аҳоли хабар берган. Улар вилоят маркази осмонида бир неча портлаш содир бўлганини, чақин кўринганини айтганлар. Шаҳар тепасида Эроннинг Shahed-136 камикадзе дронлари шовқинига ўхшаш товуш эшитилгани ҳақида маҳаллий телеграм-каналлар ҳам ёзди.
Аввалроқ Днепропетровск вилояти кенгаши раиси Николай Лукашук Эрон дронлари ҳужумини тасдиқлаган эди. Қурбонлар, ярадорлар ва вайронагарчиликлар тўғрисида ҳозирч маълумот йўқ.