Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:48
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

20:29 14.12.2022

Мирзиёев Учтепада. Уч кун светсиз қолган чилонзорликлар норозилигини ИИБ тўхтатди

Биринчи қордан кейин мамлакатда кучайган энергетик коллапснинг 13 кунига келиб президент Шавкат Мирзиёев илк бор пойтахтнинг Учтепа туманига бориб энергетик вазият билан танишди.

Мирзиёев борган Учтепага қўшни Чилонзор туманидаги “Кўтарма” маҳалласида яшовчи аёлнинг Озодликка айтишича, худди шу куни 3 сутка давомида электр энергиясисиз ўтирган аҳоли вакиллари норозилик билдириш учун тўпланишган.

Озодлик суҳбатлашган “кўтарма”ликлар иддаосича, улар президент Учтепадан қайтаётган пайти унинг йўлига чиқиб, электр берилишини сўрамоқчи бўлишган

Аммо Ички ишлар ходимларининг огоҳлантириши ортидан одамлар тарқалган.

“Кўтарма” маҳалласи аҳлига кўра, улар тарқалгач, 20 дақиқада свет берилган. Бироқ 14 декабрда яна электрда узилишлар кузатилган.

Чилонзор ИИБ ва туман ҳокимлигидан ушбу воқеа бўйича изоҳ олиш имкони бўлмади.

15:55 15.12.2022

Тошкентда электр симида юклама ортиб кетиши оқибатида ёнғин чиқди

15 декабрь куни тармоқларда Тошкентнинг Яккасарой тумани Муқимий маҳалласидаги электр сими ёнаётгани видеоси тарқалди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” Тошкент шаҳар филиали воқеани изоҳларкан, ёнғинга хонадонларни электр энергияси билан таъминловчи электр узатиш тармоғида юкламанинг ортиб кетиши сабаб бўлганини билдирди: Юклама ортиши оқибатида симларнинг қисқа туташувида ёнғин содир бўлган.

«Республикамиз бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида газ босимининг пасайиб кетди. Натижада электр энергиясига бўлган талаб ортиб жойлардаги мавжуд паст кучланишли электр узатиш тармоқларида аварияли узилиш ҳолатлари юзага келмоқда», дейилган “Ҳудудий электр тармоқлари” Тошкент шаҳар филиали хабарида.

17:12 15.12.2022

Янги челленж: #Фикр_полицияси

Икки кундирки, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сигментида #Фикр_полицияси деб номланган янги челленж давом этмоқда. Бунга фарғоналик ишчиларнинг газ ва электр борасидаги норозилигини ёритгани учун 21 млн. сўмлик жаримага тортилган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг 14 декабрдаги пости сабаб бўлди.

“Жимлик сақла, гапирма” маъносида кўрсаткич бармоғини лабига қўйиб, тушган суратига Ҳайдаров энергетик бўҳрон ҳақида гапирганларни “Фикр полицияси” жаримага тортиши ёки қаматиши мумкинлиги ҳақида кинояли постини илова қилган:

“Ташқарида -5 (водийда шундай, Бухоро, Нукус томонларда -20 дейишмоқда) даража совуқ, хонадонларда на газ, на электр бор, борларига ҳам тайинли берилмайди, метан газ заправкаларда газ йўқ, Пропан ва бензин заправкаларда эрталабдан кмлаб навбатлар. Кўпчилик одамлар қиш кирганига эндигина 15 кун бўлган бўлса-да, аллақачон қиш учун ғамлаган захирасини ярмидан кўпини ишлатиб бўлишди. Лекин бу ҳақда бирор жойда гапириб юрманглар. Атроф тўла "фикр полицияси" ходимлари юришибди. Ё жаримa қилишади, ё қамашади. Мана шу кетишдa фикр билдириш, бор нарсаларни айтиш, гапириш ёки ёзиш у ёқда турсин, хаёлан ўйлаган фикримиз учун ҳам жазолансак, ажабланмайман. Жим туринг, шовқинланманг, Август келса, ҳаммаси яхши бўлиб кетади дейишяпти-ку”.

Ўнлаб тармоқ фойдаланувчилари Ҳайдаров сингари бармоғини лабига қўйиб, селфига тушишди ва суратларига блогернинг юқоридаги постида ёзилган гапларни илова қилишди.

Ўтган ҳафта Ҳайдаров Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Albus заводи ишчиларининг газ ва электр борасидаги муаммоларини ёритган. Кейинчалик норозилик билдирган ишчилардан 7 нафари Маъмурий жавобгарлик кодексининг ноқонуний митинг уюштириш моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 5 суткадан 10 суткагача қамалган эди. Ҳайдаров ҳам айни модда билан айбланган. Шунингдек, блогерга ёлғон ахборот тарқатиш айблови ҳам қўйилган.

Олимжон Ҳайдаров сўнгги пайтларда мамлакатда, хусусан ўзи истиқомат қилувчи Фарғона вилоятида долзарб бўлиб турган электр энергияси ва газ узилиши билан боғлиқ муаммолар хусусида кўп ёзмоқда.

18:42 15.12.2022

Президент энергетик муаммолар учун 7 мулозимни айблади

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги энергетик бўҳрон учун Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовни ҳамда «Ўзбекнефтгаз» раиси М.Абдуллаев, «Иссиқлик электр станциялари» раиси Ф.Абдураҳмонов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» раиси Д.Исақулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси У.Мустафоев, «Ўзтрансгаз» раиси Б.Норматов, «Ҳудудгазтаъминот» раиси Б.Эшмуродовни айблади:

"Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди...Улар қишга тайёргарликни барбод қилди, шунча қилаётган ислоҳотларимизни обрўсизлантирди. Ваҳоланки, уларнинг тизимида 115 мингдан зиёд ходимлардан иборат катта армияси бор. Улар ҳам ойлик олади”.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра,15 декабрь кунги видеоселектор йиғилишида Мирзиеёв бу етти мулозимга ҳайфсан берган ва уларнинг икки ой давомида фавқулодда режимда ишлаши борасида топшириқ берган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG