Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

20:04 15.12.2022

Мирзиёев газ ва свет ўғирликларига раҳбарлар шерик бўлаётганини айтди

12 декабрдан бошлаб мамлакат бўйлаб электр ва газ бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Рейдларнинг дастлабки 4 кунида электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда ўғрилик ҳолатлари энг кўп Фарғона, Андижон, Самарқанд, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида аниқланган.

Мирзиёев жума кунги видеоселекторда бу ўғирликларга маҳаллий раҳбарлар шерик бўлаётганини таъкидлади.

Президент матбуот хизмати эълон қилган рақамларга кўра, шу 4 кунда электрдан 8 миллион киловатт ўғирлангани аниқланган, бу совуқ пайти 41 минг ҳовли уйларнинг бир ойлик истеъмолига тенг.

Табиий газдан эса 11,5 миллион куб метр ёки 19 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг табиий газ ноқонуний ишлатилгани аниқланган.

Ўтган ҳафта эса Наманганда 110 тонна, Қорақалпоғистонда 22 тонна аҳолига берилиши керак бўлган кўмир ноқонуний равишда сотиб юборилгани аниқланган.

18:01 16.12.2022

Сурхондарёда свет идорасининг 7 мулозимига жиноят иши қўзғатилди

Тармоқларда кучаётган норозиликлар фонида ҳукумат соҳа мутасаддиларини жазолаш кампаниясини олиб бораётгани кузатилмокда.

Бугун, 16 декабрь куни Сурхондарёда электр ва газ таъминоти бўлимининг бир қанча мулозимига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинди.

Вилоят прокуратурасига кўра, Қизириқ, Шеробод, Сариосиё, Музработ, Узун, Денов, Ангор туманларидаги газ ва электр идоралари мулозимларининг бир қатор ноқонуний ишлари аниқланган.

Мирзиёев 15 декабрдаги йиғилишда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда ўғрилик ҳолатларига маҳаллий раҳбарларни шерикликда айблаган эди.

18:04 16.12.2022

Бойсунда йўл тўсилди

Тармоқларда тарқалган видеода Сурхондарёнинг Бойсун тумани «Газа» маҳалласида газ ва электр етишмовчилигига қарши норозилик намойиши бўлгани айтилди.

Зимистон.уз блогига ушбу видеони пайшанба куни жўнатган манбага кўра, воқеа 11 декабрда кечқурун содир бўлган.

Воқеадан хабардор бойсунликка кўра, видеони тасвирга олиб, тармоқларга тарқатган шахсларга нисбатан ҳозирда босим бўлмоқда. Ушбу видеони эълон қилган бир қанча Телеграм каналларидан видеони ўчириб ташлашга мажбурлаш ҳолатлари бўлгани ҳам иддао қилинди.

Айни пайтда Бойсун туман ҳокимлигининг Озодликка тақдим қилган маълумотномасида, “Газа” маҳалласидаги ушбу воқеага электр ва газ муаммоси сабаб бўлмагани қайд қилинган.

Ҳокимлик иддаосича, шу куни видео тасвирга олинган жойда жойлашган иккита газ қуйиш шохобчаси олдида навбат кўпайгани оқибатида катта йўлда машиналар тирбандлиги юзага келган.

18:20 16.12.2022

Булоқбошида газ идораси бошлиғи ҳибсга олинди

Мирзиёев 15 декабрдаги йиғилишда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда ўғрилик ҳолатларига маҳаллий раҳбарларни шерикликда айблаган эди.

Мирзиёевнинг ушбу танқидидан бир неча соат ўтиб, Андижонда Булоқбоши туман газ таъминоти бўлими бошлиғи Ш.Ш. қўлга олингани маълум қилинди.

Kun.uz нашрига кўра, Ш.Ш. тумандаги тўйхоналар, ошхоналар, кафеларнинг газ қувурларига ноқонуний уланиб олишига рухсат берганликда гумон қилинмоқда.

Бу каби қама-қамалар сони кўпайиши кутилмоқда. Сабаби мамлакат бўйлаб электр ва газ бўйича оммавий рейдлар ўтказилмоқда. 12 декабрдан бери рейдлар натижасида минглаб қонунбузилишлар аниқлангани хабар қилинди.

Шу пайтгача ҳукуматнинг жазолаш камапанияси натижасида «Ҳудудгаз Тошкент» филиали директори Музаффар Алиев ва яна уч мулозим ҳибсга олинди. Ундан аввал свет учун масъул бўлган тўрт амалдорга ҳайфсан берилган эди. Сурхондарёда ҳам бир гуруҳ мулозимларга қарши жиноят иши очилган.

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов ҳукуматнинг жазолаш кампаниясини “оммани юпатиш ва ҳукумат чора кўраётганини намойиш этиш учун қилинган”, деб ҳисоблайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG