Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:19

ZIMISTON-UZ: "Газ заправкалар" 22 кундан сўнг қайта очилмоқда

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

19:46 17.1.2023

Энергетик олди-сотти. Ўзбекистон Афғонистонга электрни, Турманистон эса Ўзбекистонга газ беришни тўхтатди

Мамлакатда сўнгги уч кундаги энергетик коллапс фонида маҳаллий матбуотда Россия ўзбек газига тўла ҳуқуқни қўлга киритишга уринаётгани хабари пайдо бўлди.

Gazeta.uz хабарига кўра, Россия томони рус газини Ўзбекистонга Қозоғистон орқали етказиб беришни таклиф қилган. Бироқ нашр манбаларига кўра, Россия томони бунинг учун иккита шарт қўйган. Биринчиси, Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром”га топшириш, иккинчиси, Хитойга газ экспорти шартномасидаги Ўзбекистон ҳуқуқини ҳам Россияга топшириш бўлган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган ойдаги чиқишларидан бирида буни билвосита тасдиқлаган.

Kun.uzнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига кўра, расмий Тошкент Россия томонининг шартларини қабул қилмаган.

Айни пайтда Туркманистондан Ўзбекистонга газ экспорти бутунлай тўхтаб қолгани айтилмоқда.

12 декабрь куни Ашхободга борган президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан газ бўйича янги шартнома имзолагани ва қиш ўтгунча қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ олишга эришгани хабар қилинган эди. Ҳозирча турман гази импорти қачон қайта йўлга қўйилиши номаълум.

Қўшнилар билан энергетик олди-соттига оид яна бир хабар: Жорий йилнинг 15 январидан эътиборан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиш техник муаммолар туфайли тўхтатилган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар қилди.

Икки ҳафта олдин Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича келишув муддатини узайтирган эди. Унга мувофиқ, расмий Тошкент қўшни давлатга қиш давомида 450 МВт электр энергияси етказиши керак.

19:48 17.1.2023

Яна газ портлади. Сурхондарёда икки киши, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

Ўзбекистон расмийлари мамлакат энерго тизимида юзага келган инқирозни бартараф этиш учун чоралар кўраётгани ҳақида баёнотлар бераркан, газ ва электр тақчиллиги кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлишда давом этмоқда.

Бугун Сурхондарёда қозонхона портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса Термиз давлат университети академик лицейи биносида содир бўлган. Ҳодисага ташқи қувурларнинг музлаб қолиши сабаб бўлган. Бунинг оқибатида қозонхонада ички босим юқори даражада ортиб кетган ва портлаш содир бўлган.

Кеча эса Сирдарёда икки қаватли уйда газ портлади, икки киши ҳалок бўлди, бир киши жароҳатланди. Сирдарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, воқеа 15 январь куни Ховос тумани “Қаҳрамон” МФЙда содир бўлган.

Иккала ҳодиса юзасидан ҳам суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

19:49 17.1.2023

Бухорода тўрт газчи қамалди

Бухорода табиий газни талон-торож қилганлик айби билан тўрт шахс қамоққа олинди.

Бош прокуратура хабарига кўра, Бухородаги 3 та метан газ қуйиш шохобчасида жами 26,2 миллард сўмлик табиий газ яширин равишда талон-торож қилингани аниқланган.

Ҳибсга олинганлар орасида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти корхонаси амалдорлари ҳамда иккита МЧЖ мулозимлари бор.

“Ҳудудгаз Бухоро” амалдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси ва 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари Бухоро вилоят прокуратураси томонидан ўтказилмоқда.

19:55 17.1.2023

Мактаблардаги хаос. Таътил яна узайтирилди

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида қишки таътил яна узайтирилди. Бу сафар 23 январгача. Жумладан, Тошкент шаҳри, Наманган, Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда ўқиш дарслар 18 январда эмас, 23 январда бошланиши маълум қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, маҳаллий ҳокимликлар билан вазият муҳокама қилингач, айрим вилоятларда аномал совуқ туфайли қишки таътил муддатини узайтиришга қарор қилишган.

Айни пайтда вазирлик об-ҳаво шароити барқарорлашгунига қадар ўқувчиларни вақтинча онлайн таълим тизимига ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Ҳукумат раҳбарларининг қишки таътил борасидаги пала-партиш қарорлари тармоқларда ота-оналар ва ўқитувчилар норозилигига сабаб бўлди.

Дастлаб мактаб ўқувчиларининг қишки таътили 9 январдан 18 январгача узайтирилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг қарорида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: Мактаб 18 январдан бошланади!

Бироқ 10 январь ярим тунда кутилмаганда болаларни қишки таътилдан чақириш буйруғи пайдо бўлди. 11 январдан кимдир мактабга борди, кимдир эса йўқ. Боиси янги қарор чиқди. Вазирлар Маҳкамаси баёнига асосан таътил масаласини ҳал қилиш маҳаллий ҳокимликларга берилди. Хуллас 11 январдан бир қанча мактабларда дарслар бошланди. Лекин буниси ҳам ўхшамади. Таътил яна бир неча бор узайтирилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG