Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:18

Тошкент киночиларга қизил гилам тўшади, улар орасида путинпарастлар ҳам бор


Ўзбекистон пойтахти Тошкент яна йирик кино анжуманига мезбонлик қилди.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент яна йирик кино анжуманига мезбонлик қилди.

Россилик машҳур актриса, ўзбек томошабинига Кавказ асираси комедиясидаги Нина роли билан таниш Наталья Варлей Тошкент кинофестивалидан қайтиши билан собиқ СССР парчаланишидан афсус ва надоматда эканини айтиб, интервью берди.

У “Эмпатия Манучи" каналига берган бу интервьюсидан икки кун олдин Тошкентда азиз меҳмон сифатида кутиб олинган ва маҳорат дарслари ҳам ўтганди.

Россиялик актриса Наталья Варлей Тошкент кинофестивалининг хос меҳмони бўлди.
Россиялик актриса Наталья Варлей Тошкент кинофестивалининг хос меҳмони бўлди.

Россиялик актриса ўзини меҳмон қилган Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатларни “сариқ подшоҳчалар” бошқараётганини айтади.

Наталья Варлейни Тошкентга Ўзбекистон кинематография агентлиги таклиф қилган.

"Тошкент Халқаро кинофестивали”да Варлейдан ташқари америкалик машҳур Голливуд аткери Кевин Спейси ва бошқа машҳурлар ҳам қатнашди.

Аммо улар ҳақида кейинроқ….

Фестивалнинг хос меҳмонлари орасида Путиннинг Украинага урушини қўллаб-қувватлаган ва бунинг учун фильмлари Украина ва Болтиқбўйи ўлкаларида тақиқланган рус кинорежиссёри Алексей Учитель ҳам бор эди.

“Ипак йўли” дурдонаси Тошкент халқаро кинофестивали расман совет даврида Ўзбекистон пойтахтини “Шарқ юлдузи” дея кўз-кўз қилган “Осиё, Африка ва Лотин Америкаси” кинофестивалининг давоми сифатида тақдим қилиниб келинади.

Фестивалга Украинадаги урушни ва СССРни қайта тиклаш ғоясини очиқ қўллаб-қувватлаётган санъаткорларнинг таклиф этилгани тадбир бошланишидан анча олдин тармоқларда танқидга тутилди. Журналист ва блогерлар Ўзбекистон кинематография агентлиги ва унинг зиддиятли раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов қароридан норозилик билдиришди.

Тошкентнинг "сертакаллуф ва серқадам меҳмонлари"

“Эслаб қолинг, Фирдавс Абдуҳолиқов раҳбарлигида ўтаётган фестиваллар, унга чақирилаётган меҳмонларнинг ғоялари бир куни келиб бошимизга катта бало бўлиб ёғилади”, деб ёзди ўзбекистонлик журналист Илёс Сафаров ўзининг Facebook даги саҳифасида.

Кинофестивал арафасида таниқли ўзбек актрисаси, халқ артисти Дилором Каримова сўнгги йилларда мамлакатга серқатнов бўлиб қолган россиялик санъаткорлар путин пропагандасининг элчилари экани, улар ўзларига майдон излаётганини айтиб, Тошкент кинофестивали ана шундай майдонга айланиб қолмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

"Бугунги кунда бутун дунёда рус [Россия] қудрати, рус [Россия] характери, рус тили, рус қуролига бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Шу сабабли рус пропагандаси ўзининг ташвиқотини тинглайдиган майдон қидиряпти. Мана шу майдонлардан бири эса бизнинг майдон (Ўзбекистон) бўлиб қоляпти. Россиянинг Украинага босқинидан кейин рус санъати аҳли бизга жуда сертакаллуф ва серқадам меҳмонимиз бўлиб қолди. Мана, яқинда тикланган ўзбек Тошкент кинофестивалининг энг азиз меҳмонлари ҳам урушни ёқловчи, урушни тарғиб қилувчи Никита Михалков, Сергей Безруковдек киносанъаткорлардир. Улар келиб катта залларга ёшларни йиғиб, рус ташвиқотини олиб боради”, деган Ўзбекистон халқ артисти.

Кинофестивалда Путиннинг фақат россиялик эмас, бошқа ўлкалардан ташриф буюрган мухлислари ҳам бор эди.

Россия президенти Владимир Путин кинорежиссёр Эмир Кустурицани орден билан сийламоқда. 4 ноябрь, 2016 йил.
Россия президенти Владимир Путин кинорежиссёр Эмир Кустурицани орден билан сийламоқда. 4 ноябрь, 2016 йил.

Улардан бири Эмир Кустурица — югославия ва серб кинорежиссёри ва актёри.

У 2014 йил февралида Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаган.

2017 йилда Россия томонидан босиб олинган Қримга учиб келган Кустурица ўзининг фолк-рок гуруҳи билан биргаликда яриморолда концерт бериб, Қримни Россия ҳудуди деб билишини айтган.

Мирзиёев кинофестивали - миллионлаб долларни кӯкка совуришми?

Тошкент кинофестивалнинг қизил гиламидан рус санъатчилари қатори дунёнинг турли бурчакларидан келган бир неча юз таниқли режиссёрлар, жумладан, серб режиссёри ва мусиқачиси Эмир Кустурица, америкалик актёр Кевин Спейси, полшалик режиссёр ва продюсер Кшиштоф Занусси, француз актёри, “Такси” филми орқали таниш Сами Насери юришди.

Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этган актёр Кевин Спейси Тошкентда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар ўртага чиқди.

Актёр унга ёрдам кўрсатган маҳаллий шифокорларга миннатдорчилик билдирди.

“Менга ғамхўрлик қилган шифокорлар жуда эҳтиёткор эди ва улардан миннатдорман. Нафақат ушбу тарихий шаҳар, балки бу ерда жойлашган ажойиб, замонавий тиббиёт муассасаси мавжудлиги учун ҳам хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, менда ҳаммаси яхши кечди”, деб баёнот берди америкалик актёр.

Америкалик актёрнинг Тошкентга келиши қанчага тушгани ҳақида фестивал ташкилотчилари очиқламаган.

Фестиваль қатнашчилари орасида асли ўзбекистонлик, бир неча йилдан буён Лондонда яшаётган 37 яшар Нодира Мюррей ўзининг “Winners” фильми билан қатнашди.

“Муҳожиротда узоқ йил яшаб бу саҳнада гапираётганимга хали ҳам ишонмаяпман”, - дейди Нодира Мюррей.

​Ватанига қайтиш каби энг катта қўрқув ҳиссини бошдан кечираëтган ўзбеклар ҳақида кино олган Нодира Мюррей Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси, "Самарқанддаги қотиллик" китоби муаллифи Крейг Мюррейнинг рафиқасидир.

Нодира Мюррей Британияда ўзининг "Британ элчисининг раққосаси" спектакли билан танилганди.

Фестиваль қатнашчилари орасида асли ўзбекистонлик, бир неча йилдан буён Лондонда яшаётган 37 яшар Нодира Мюррей ўзининг “Winners” фильми билан қатнашди.
Фестиваль қатнашчилари орасида асли ўзбекистонлик, бир неча йилдан буён Лондонда яшаётган 37 яшар Нодира Мюррей ўзининг “Winners” фильми билан қатнашди.

Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда ўтказиб келинган.

Осиё, Aфрика ва Лотин Aмерикаси халқаро кинофестивали дунёдаги энг йирик кинофорумлардан бири бўлган.

Озодлик суҳбатлашган киномунаққидлар Тошкентда очилган фестивалнинг кино равнақига хизмат қилишини савол остига олишди.

Таниқли ўзбекистонлик актёр ва мультипикатор Нозим Тўлахўжаев Тошкентдаги кинофестивал танловсиз ўтказилаётганига эътибор қаратди.

Бундан олдин Европа Иттифоқи санкцияларига тушган россиялик “путинпараст” актёрлар Владимир Машков ва Сергей Безруковларнинг Тошкент кинофестивалига таклиф этилгани, баъзиларининг мамлакат Олимпия қўмитаси мулозими ҳам бўлган зиддиятли тадбиркор Салим Абдувалиев хонадонида меҳмон бўлгани тармоқларда муҳокама қилинган.

Россиялик қўшиқчиларнинг ўзбек зодагонлари тўйларида кўриниш бериши одатий ҳол.

Кремл пропагандачиси ва Қрим аннексиясининг ашаддий тарафдори бўлган россиялик режиссёр Никита Михалков ўтган йили Тошкент фестивалининг, бу йил эса театр фестивалининг хос меҳмони бўлганди.

Ҳомийлар ким?

Ҳомийлик асосида ўтказилаётгани айтилган анжуман харажатлари очиқланмаяпти. Фестивал расмий сайтида ҳомий ташкилотлар номлари келтирилмаган.

Баъзи маълумотларга кўра, фестиваль хомийларидан бири ERIELL гуруҳидир.

Озодлик шу йил бошида эълон қилган суриштирув Ўзбекистоннинг йирик газ конларига эгалик қилаётган ERIELL унинг раҳбари Бахтиёр Фозилов воситачилигида Путинга яқин олигархларга боғланганини ўртага чиқарганди.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Бахтиёр Фозилов ва Ўзбекистон кинематография агентлигининг ўтмишда Гулнора Каримовага яқин бўлган раҳбари Фирдавс Абдухолиқов яқин қариндошлик алоқаларига эга.

Фозиловнинг компанияси Абдуҳолиқов уюштирган ва уюштираётган барча тадбирларнинг асосий ҳомийси саналади. Аммо бу ҳомийлик миқёси ва унинг аниқ манбалари ҳеч қачон очиқланган эмас.

2008 йили Россияда фаолиятини бошлаган ERIELL гуруҳи акцияларининг фоизини Газпромбанк сотиб олган¸ 2015 йил декабрида ERIELL бу акцияларининг бир қисмини қайта сотиб олган. Гуруҳ акцияларининг 39.6 фоизи¸ очиқ маълумотларга кўра¸ ҳамон Газпромбанкка тегишли.

Ширкатнинг кейинги йилларда Ўзбекистон нефть ва газ соҳасидаги йирик лойиҳаларни қўлга олаëтгани айтилади.

Озодлик суриштируви: Самарқанд аэропорти "Шоввозсой"ни қурган олигархга берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00

Фестивал ташкилотчилари тадбирга ERIELL ҳомий эканини тасдиқламади, инкор ҳам қилмади.

Абдухолиқов Ислом Каримов даврида унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова тадбирларининг етакчи ташкилотчиси ва тарғиботчиларидан бири сифатида танилган.

Каримова қамалиши билан ундан расман юз ўгирган ва ўзига қарашли матбуотда "Гулноранинг кирдикорлари"ни фош қилган Абдухолиқов¸ бир муддат танаффусдан сўнг Шавкат Мирзиëев ислоҳотларининг бош тарғиботчисига айланди.

Ўзбекистон Кинематография агентлигининг жорий раҳбари, айни пайтда қатор хусусий телеканал ва ахборот сайтлари эгаси - йирик медиа-магнат ҳамдир.

2000-йиллар бошида Ўзбекистоннинг марҳум биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Тошкентда ўтказиб келган "Олтин гепард" кинофестивалига чет эллик кино ва шоу-бизнес юлдузларини миллионлаб доллар гонорар эвазига таклиф этгани учун танқид қилинганди.

Каримованинг хос тадбирларида қатнашган Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Таркан¸ Хосе Каррерас каби санъат юлдузларининг Тошкентга келиши учун уларнинг ҳар бирига камида 1 миллион евродан тўлангани айтилади. Бу юлдузларнинг айримлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи сабаб “диктатор қизи” билан алоқалари боис ўз мамлакатларида танқидлар остида қолган.

Осиë, Африка ва Лотин Америкаси киночилари иштирокидаги Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан бошлаб 1988 йилгача ўтказиб келинган.

“Тинчлик, ижтимоий тараққиëт ва халқлар озодлиги учун” деган шиор остида ўтган кинофестиваль 100га яқин мамлакатдан келган киночилар анжумани сифатида шуҳрат қозонганди.

Бу кинофестивал кўпчилик ўзбекистонликлар хотирасида Раж Капур каби ҳинд ва Туркон Шорай сингари турк киноси дарғаларининг иштироки билан ёдда қолган.

Санъатшунослар фикрича, маданият СССРда тарғибот қуроли бўлгани каби бугунги кунда Россияда у шундайлигича қолмоқда.

Авторитар, тоталитар мамлакатда маданият фақат ҳокимиятга хизмат қилади ва халқаро миқёсда ташвиқот воситаси сифатида фойдаланилади.

Форум

XS
SM
MD
LG