Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:50

2023: Йилнинг энг муҳим воқеалари ва тармоқни титратган трендлар


Конституциявий референдум тарғиботи. Март, 2023 йил.
Конституциявий референдум тарғиботи. Март, 2023 йил.

Шу кунларда жаҳоннинг етакчи телеканалларидан бўлган СNN томошабинларини кўҳна ва навқирон Самарқандга таклиф қилмоқда.

2023 йилда ҳам Ўзбекистон ҳукумати хориж матбуотида сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилувчи обидалару осори атиқалар тасвиридан иборат тарғибот кампаниясига кўп эътибор қаратди.

Аммо ўтиб бораётган йилда Ўзбекистонни жаҳон матбуоти сарлавҳаларига чиққан хабарлар булар эмасди.

Хориж матбуотида Ўзбекистон, ўнлаб норасида бола ўлган “Док-1 Макс” сиропи, Сергелидаги омборхона портлаши, Мексика-АҚШ чегарасидаги ИШИДчи ўзбеклар воқеаси боис тилга олинди.

Мамлакат ичида эса бу сана ҳам кенг жамоатчиликни ҳайратга солган, ғазаблантирган ва хавотирга солган воқеалар кўп бўлди.

“Док-1 Макс” ва “Антиструмин” можароси

2023 йил давомида 65 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи бўйича суриштирув ва суд жамоатчилик диққат марказида турди, ҳануз турибди.

Ўзбекистонда ўтган йилнинг октябрь-декабрь ойларида болаларга берилган бу доридан расман 65 нафар бола нобуд бўлди.

Расмийлар ҳодисани, аввалига илк қайд этилган ҳудуд - Самарқанд вилояти даражасида 2 ой ушлаб туришди ва ўлим сони 15 нафар, дейилди.

Аммо, оддий йўтал сиропидан ўлаётган болалар сони кун-кунга ортиб, ота-оналар арзи Озодликда ёритилгач, фожиани тан олишга мажбур бўлди.

ССВ 2023 йилнинг 22 декабридан, Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» ширкати томонидан ишланган “Док-1 Макс” таблетка ҳамда лимон ва асал таъмли сироп дори воситаларини экспертизадан ўтказишни бошлади, савдосини тўхтатди.

Аммо, расмийлар то тан олиб, дори савдосини тўхтатгунча ўтган 2 ойда ўлган болалар сони 15дан 65 нафарга етди, расман.

Ўзбекистонлик фаоллар, ўлган болалар сони бундан ортиқ эканини тахмин қилади.

Аслида Ҳиндистоннинг ишлаб чиқилган йўтал сиропидан болалар ўлими илк бор - 2022 йилнинг сентябрь ойида Гамбияда қайд этилган.

Гамбиялик Эбирма Саидийнинг 3 ёшли қизи йўтал сиропини ичганидан 2 сутка ўтар-ўтмас ҳушини йўқотган, 9 суткада оламдан ўтган.

2022 йиднинг сентябрида Гамбияда 70 бола ўлди ва расмийлар, ўлим сабаби Ҳиндистонда ишлаб чиқилган йўтал сиропи эканини расман қайд этишди.

Сироп таркибида хавфли дозада этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари борлиги аниқланди. Бу моддаларни хавфли дозада истеъмол қилган тақдирда, одам 3 кун ичида комага тушиб, кейинчалик вафот этиши мумкин.

Ўшандаёқ бу хабарлар жаҳон матбуоти тилига тушди. Аммо, Ўзбекистонда бу ҳақда ўша кезда бирорта расмий банёнот ёки огоҳлантирув бўлмади.

Аксинча, судда мамлакатда дори-дармон соҳасидаги улкан коррупциялашган схемани ўртага чиқарган гувоҳлик кўрсатмалари янгради.

Жумладан, 16 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди мажлисида, ҳиндистонлик тадбиркор, «Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. (Ҳиндистон фуқароси) Ўзбекистон фармсаноати раҳбарларининг бирига 33 минг АҚШ доллари миқдорида пора берганини тан олди.

Аксар мутахассислар муаммо илдизи дори-дармон савдоси тиббиётга алоқаси йўқ бўлган шахслар қўлига ўтиб қолгани ва ўта коррупциялашган ёпиқ соҳага айлантириб олингани эътибор қаратмоқда.

Бундай муаммо борлигини тасдиқловчи яна бир оммавий заҳарланиш 2023 йилда - йўтал сиропи фожиасидан роппа роса 1 йил ўтиб рўй берди.

20 сентябрда Ўзбекистонда болаларга таркибида йод моддаси бўлган “Антиструмин” препарати берила бошланган эди.

21 сентябрда Наманган вилоятининг Чуст туманида “Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу сафар ҳам орадан икки ой ўтиб, болалар йод препаратидан заҳарланганини расман тан олди.

Шу тариқа, 2022 йилнинг охири ва 2023 йил давомида “Док-1 Макс” ва “Антиструмин” препаратларидан болаларнинг оммавий ўлиши ҳамда заҳарланиши катта муаммони фош қилди.

Сергели омборидаги портлаш

28 сентябрь куни Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган “Interlogistics” МЧЖга қарашли омборхонада юз берган ёнғин ва портлаш оқибатида 1 киши вафот этди, 163 киши турли даражада жароҳатланди.

39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та, 246 та ҳовли, мактаб ва боғча бинолари, омборхонага қўшни 20дан ортиқ ҳовли зарар кўрди.

Бу ҳодиса бўйича суриштирув, фармсаноат назоратидаги препаратлар сингари узоққа чўзилмади.

Шошилинч ҳукумат комиссияси тузилди. 20 октябрга келиб, хулосаси ҳам эълон қилинди:

“Ҳодиса жойи ўрганилганда айнан водород пероксиди сақланган жой яқинида гул қоғозлар ва бошқа ёнувчи материаллар сақлангани аниқланди. Кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган".

Бу портлаш натижасида юзага чиққан муаммо эса - одамлар зич яшайдиган маҳаллалар ўртасида портловчи моддалари бор омборхонанинг қурилганидир.

Бу омборхонани ким қурган, бунинг учун кимдан рухсат олган, қандай рухсат олган - бу аслида тергов идоралари аниқлаши керак бўлган муҳим жиҳатлар.

Зотан, омбор портлаши юз берганидан кейинги илк кунларда унинг ҳукуматнинг юқори бўғинларидаги шахсларга тегишли экани ва портлаш сабаби ҳам айнан шу шахслар ўртасидаги келишмовчилик эканига оид иддаолар урчиди.

Аммо, тергов идоралари суриштируви узоққа бормади. Жиноят кодексининг 259-моддаси - ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш айби билан 4 шахсга қамоққа олиш, 1 кишига гаров эвазига эҳтиёт чорасини қўллашга қарор қилинди ва масала ёпилди.

Кремл чангалидаги ўзбек гази

2023 йил давомида газга бой Ўзбекистондаги газ муаммоси тармоқларни жунбушга солган мавзулардан бўлди.

Ҳукуматнинг ўзбек гази ишончли қўлларда ва муаммо вақтинча экани ҳақидаги ишонтиришларига қарамай 2022 охири ва 2023 йил бошидаги расмийлар аномал деб атаган қаҳратон совуқнинг аёзли ва қоронғи кунлари одамларнинг ёдидан чиқмади.

Бутун мамлакатни фалаж ҳолга келтирган энергетика инқирози учун ишдан олинган энг юқори мартабали мулозим Тошкент шаҳрининг тадбиркор ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлди.

Аммо, февраль ойида келиб, Озодлик эълон қилган суриштирув - ўзбек гази шубҳали схемалар орқали Россияга, Кремлга яқин олигархларга тегишли ширкатларга берилганини ўртага чиқарди.

Тармоқлар Озодлик суриштирувидан жунбушга келди ва суриштирувда кўтарилган саволларга расмий изоҳ сўралди.

Аммо Озодлик бу саволларни суриштирув эълон қилинишидан 10 кун аввал расмийлар бергани ва жавоб ололмаганини тармоқ фойдаланувчиларининг ҳаммаси ҳам билмаслиги мумкин.

Мирзиёев ҳукумати Озодликка тўғридан-тўғри жавоб бермаган бўлса ҳам, суриштирув хулосаларини билвосита рад этишга уринди.

Аммо ҳукуматнинг раддияси янада кўпроқ саволларни пайдо қилди, холос. Президент Шавкат Мирзиёев эса, Қашқадарёдаги мактабда, совуқда музлаётган бинони деразаларни ғишт билан ёпиб ташлаб иситиш билан муаммони ҳал қилишни тавсия қилди.

Хуллас, энергетик кризис ва унинг сабабларига оид Озодлик саволлари, 2024 йил қиши бошланган паллада ҳам жавобсиз қолмоқда.

Референдум, сайлов ва консолидация

Энергетика инқирози ва аҳоли норозилиги Мирзиёев ҳукуматининг 2023 йилдаги сиёсий режаларига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, аммо энг муҳим сиёсий тадбирларни бекор қила олмади.

Мирзиёев бутун муаммоларга қарамасдан қудратни ўз қўлида янада кўпроқ жамлашга қаратилган конституциявий референдум ва навбатдан ташқари президент сайловини ўтказди.

Конституцияни 65 фоизга ўзгартириш - яъни, қарийб янгидан ёзиш билан Шавкат Мирзиёевнинг ҳали охирига етмаган иккинчи ва биринчи президентлик муддатлари ноллашди.

Ноллашиш ортидан эса, ўзбек жамоатчилиги хавотир билан кутган тахмин тўлиқ тасдиқланди - муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилиб, Шавкат Мирзиёев то 2037 йилгача ҳокимиятини мустаҳкамлаб олди.

Бунинг устига, ўз маъмуриятини ҳам тубдан янгилади - август ойида президент администрациясининг иккинчи раҳбари Сардор Умурзоқов лавзимидан олинди. Умурзоқов ўтган вақт мобайнида жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Умрбод ҳокимиятда қолдирган Конституция
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:33 0:00

Унинг ўрнига президент ёрдамчиси қилиб тайинланган тўнғич қизи Саида Мирзиёева амалда Ўзбекистон ҳокимиятида отасидан кейин иккинчи одамга айланди.

Озодлик манбалари Саида Мирзиёеванинг узоқ йиллик раҳбари лавозимида ишлаб келган Комилжон Алламжонов эса президент администрациясининг янги вертикалида учинчи одамга айланганини айтишди.

Ўтиб бораётган сиёсий йил охирига келиб Алламжонов ва Мирзиёева тандеми ўтган аср бошларидаги маърифатчилик ҳаракати - жадидчиликнинг фаол тарғиботчисига айлангани кузатилди. Икковлон Тошкентда жадидчиликка бағишланган йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилди.

Давлат телевидениеси Шавкат Мирзиёевни "жадидчилик ҳаракатининг давомчиси" деб атай бошлади.

Келаётган йилда Ўзбекистонни навбатдаги парламент сайловлари кутмоқда.

Келгуси сайловлар аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилади.

Аммо қандай тизим асосида ўтказилишидан қатъи назар келаётган сайловлар мамлакатда қарор топган ва "супер президентлик бошқаруви" деб таърифланадиган сиёсий тизимни бирон бир шаклда ўзгартиришига ишоралар йўқ.

Ҳокимиятга келганидан 7 йил ўтиб Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдан қолган сиёсий тузумни ислоҳ қилиш, жиддий сиёсий ислоҳотлар ўтказишига умидлар унчалик кўп эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG