Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:58

“Док-1 Макс” иши: Учта вазир алмашди, ҳануз сиёсий жавобгар йўқ


Ўзбекистонда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан ўлган болалар сони расман 69 нафарга етди.

Тошкентда 5 январда ўтган судда, шу кунгача “Док-1 Макс” сиропидан яна камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани очиқланди.

Бунга қадар ўлган болалар сони 65 нафар дейилган, ногиронлик ҳақида айтилмаганди. Жамоатчилик асл рақам бундан кўп бўлиши мумкинлигини айтиб келади.

Ёш болаларнинг “Док-1 Макс”дан ойлар давомида заҳарланиб, ойлар давомида вафот этиши - Ўзбекистонда охирги йилларда фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик инқирозга сабаб бўлган.

5 январь куни Тошкент шаҳар судида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган йўтал сиропидан ёш болалар ўлими бўйича суд қайта бошланди.

Судловга болаларнинг ушбу сиропдан ногирон бўлиб қолганига оид янги жиноят иши ҳамда 17 нафар айбланувчи қўшилди. Фожиага оид янги рақамлар айтилди.

Аслида “Док-1 Макс” сиропидан болаларнинг оммавий заҳарланиши 2022 йил, октябрда бошланган. Ўшанда 65 бола ўлгани айтилганди.

Дастлабки суд 2023 йилнинг 11 августида бошланган. Унда 21 нафар шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 12 та моддасидаги айблов бўйича маҳкама тергови бошланган.

Терговни Давлат хавфсизлик хизмати олиб борган. Айбланувчилар орасида бу дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳиндистонлик С. Р. П. ҳамда Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Кариевлар бор.

Бундан ташқари, “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” давлат унитар корхонасида ишлаган бошқа масъул ходимлар судга тортилган.

Ҳозиргача 10 дан ортиқ суд масжлиси бўлди. 1 декабрда ўтган охирги суд мажлисида иш қайта терговга йўлланди ва бир ойлик танаффус эълон қилинди.

Шу кунгача, жамоатчиликка айтилган расмий баёнотларга кўра, хориждан келган импорт “Док-1 Макс” сиропидан ёш болалар ўлимига сабаб - дозадир.

Яъни, айни дори таркибида хавфли дозада этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари борлиги аниқланган.

Бу моддаларни хавфли дозада истеъмол қилган тақдирда, одам 3 кун ичида комага тушиб, кейинчалик вафот этиши мумкин.

Бу доридан заҳарланиш, 2023 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида, Ўзбекистондан ташқари - Гамбия, Индонезия ва Ҳиндистоннинг ўзида ҳам қайд этилган.

OzodNazar: “Doc-1 Max”нинг 65 қурбони; Ҳавоси ифлос пойтахт; Тиббиётга оид 46 фармон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:43:57 0:00


Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023 йил, 11 январда Marion Biotech ширкати чиқарган иккала сиропни ҳам ичмасликни тавсия қилганди.

Тошкентдаги судда маълум бўлишича, ўзбекистонлик шифокорлар вазиятни анча олдин англаган ва Соғлиқни сақлаш вазирлигини декабр ойидаёқ огоҳлантирган.

Жумладан, 27 октябрь куни судда кўрсатма берган мулозим - Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизовга кўра, сиропни ичган боладаги илк ўлим ўтган йилнинг 29 сентябрида қайд этилган.

Аммо, ўша кезда бу ўлимга айнан “Док-1 Макс” сиропи сабаб бўлгани номаълум эди.

“2022 йил 15 декабргача «Док-1 Макс»нинг заҳарли таъсири борлигини билмасдик. Болалар ўткир буйрак етишмовчилиги билан мурожаат қила бошлади. Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар гемодиализи маркази бўлгани учун қўшни вилоятлар — Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Жиззах вилоятларидан ҳам ўткир буйрак етишмовчилиги билан касаллар кела бошлади”, дея судда кўрсатма берган Самарқанд болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов.

Аслида, Ўзбекистонга четдан келган «Док-1 Макс» препаратининг ўлимчил таъсирини биринчилардан бўлиб англаган шифокор Маматқул Азизовдир.

"Газета.uz" Интернет нашри Маматқул Азизовнинг судда берган кўрсатмасини тўлиқ чоп этди.

Азизов кўрсатмасига қараганда, самарқандлик шифокорларда илк шубҳа 2023 йилнинг сентябрида пайдо бўлган.

Ўшандаёқ Самарқанд тиббиёт маркази юқори ташкилот - Болалар миллий марказига буйрак етишмовчилигидан болалар ўлаётгани ҳақида хабар берган.

Азизовга кўра, юқоридан эса “бу COVID-19 оқибатида бўлиб тургани тўғрисида ахборот” олинган:

“Бу [жавоб] бизни қониқтирмади. Ундан кейин биз декабрнинг биринчи декадасида ретроспектив таҳлил ўтказдик. Ретроспектив таҳлил — бугунги ҳолатни ундан олдинги ҳолатлар билан таққослаб, унинг мазмунига етиш. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 18 та, 19 та бола — ўлганлар, тирик қолганларнинг онасига шу дорини кўрсатсак, ҳаммаси таниди. Болалар 4 кун, 5 кун температура қилгандан кейин дорилар истеъмол қилган”, дея келтиради "Газета.uz" нашри Маматқул Азизовнинг суддаги кўрсатмасидан.

Азизов судда, ўз жамоаси 14 декабрь оқшом суриштирувни тугаллаб, 15 декабрда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат йўллаганини айтди.

Самарқанд вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази бош врачи М. Азизовнинг хати
Самарқанд вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази бош врачи М. Азизовнинг хати

Самарқандлик шифокорларнинг ана шу мурожаати тармоқларда эълон қилиб юборилган ва шундагина кенг жамоатчилик “ўлим сиропи”дан хабар топганди.

Азизовнинг айтишича, 22 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир нечта ходимлардан иборат ишчи гуруҳ вилоятга бориб, ҳолатни ўрганган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўша кун - 22 декабрдан Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» ширкати томонидан ишланган “Док-1 Макс” таблетка ҳамда лимон ва асал таъмли сироп дори воситалари савдосини вақтинча тўхтатиб, экспертиза бошланганини билдирганди.

27 декабрга келиб, «Док-1 Макс» воситаси таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликоль борлиги аниқлангач, ДХХ Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят ишини очди.

Бироқ, шундай буён “ўлим сиропи”нинг Ўзбекистонга кириб келишию болалар ўлимига сабаб бўлишига масъуллар ҳануз аниқланмади.

Аввалига 65 нафар, ҳозирга келиб эса 69 нафар бола ўлимига сабаб бўлган жиноятчилар кимлар, дорини ким олиб келган ва текширмай сотувга чиқарган - ҳануз номаълум.

Аммо, бу орада қатор масъуллар ишдан олинди. Соғлиқни сақлаш вазири эса 2 марта алмаштирилди.

Ўтган йилнинг 27 декабрида “ўлим сиропи” учун халқдан кечирим сўраган Беҳзод Мусаев 30 декабрда президент фармони билан Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан олинди.

Аммо, бу кетиш расман «Док-1 Макс» воситасидан болалар ўлимига боғланмади. Мусаев эса дарҳол давлат бюджетидан энг кўп маблағ ажратиладиган яна бир ижтимоий комплекс - Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири этиб тайинлади.

Мусаев ССВ вазири сифатида узр сўраб қилган чиқишида, «Док-1 Макс» билан боғлиқ болалар ўлими учун масъулиятни ўзидан соқит қилган, масъулиятни биринчилардан бўлиб ўлим сиропидан шубҳаланган ва буни текширган самарқандлик шифокорлар зиммасига юклаганди.

Ўшанда самарқандлик профессор Маматқул Азизов ва яна 6 ҳамкасби ишдан олинди. Аммо профессор 2023 йилнинг 13 январида, Мусаев вазирликдан кетгач, яна ишига қайта тикланди.

Бундан ташқари, Мусаев ўрнига вазир қилиб тайинланган Амрилло Иноятов ҳам ишдан кетди.

Иноятов 5 январь - Тошкент шаҳар суди “Док-1 Макс”дан болалар ўлими бўйича кенгайган жиноят ишини кўришни бошлаган кунда ишдан олинди.

Бу ҳақда президент фармонида ҳам ССВга ҳатто бир йил раҳбарлик қилмаган Иноятовнинг ишдан олиниши сабаблари очиқланмади.

Ваҳолангки, Иноятов болалар йўтал сиропидан заҳарланган кезда вазир ўринбосари бўлиб ишлаётган эди.

Ҳар икки собиқ вазир - Амрилло Иноятов ҳам, Беҳзод Мусаев ҳам - аслида “ўлим сиропи” қандай қилиб мамлакатга олиб кирилдию болалар нега ойлар давомида заҳарланди, деган саволларга аниқ жавоб бермади.

Бу икки раҳбарнинг ишдан олиши бу муаммога боғланмади ва ўнлаб, эҳтимол, юзлаб бола доридан заҳарланиб, ўнлаб норасида ўлими юз берганда нормал жамиятларда кузатиладиган қадамни ҳам ташламади - истеъфо бермади.

Аксинча, Амрилло Иноятов даврида ўзбекистонлик болалар яна бир дори воситаси - “Антиструмин” таблеткасидан оммавий заҳарланди.

2023 йилнинг 20 сентябрида Ўзбекистонда болаларга таркибида йод моддаси бўлган “Антиструмин” йод препарати берила бошланган эди.

21 сентябрда Наманганнинг Чуст туманида “Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилди.

Ижтимоий тармоқларда бундай ҳолат бошқа вилоятларда ҳам қайд этилгани айтила бошлади.

Бунда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги, худди “Док-1 Макс” фожиасида кузатилгани каби орадан икки ой ўтгачгина болалар препаратдан заҳарланганини тан олди.


Бу эса ҳали изи қуримаган “Док-1 Макс” фожиасидан кейин норозиликни янада алангалатди ва фармацевтика соҳаси системали муаммолар йиғилиб қолганини юзага чиқарган ҳодиса бўлди.

Аксар мутахассислар муаммо илдизи дори-дармон савдоси тиббиётга алоқаси йўқ бўлган шахслар қўлига ўтиб қолгани ва ўта коррупциялашган ёпиқ соҳага айлантириб олингани эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда “Док-1 Макс” туфайли болалар ўлими юзасидан миллий мотам эълон қилиш ҳақидаги чақириқларни эътиборсиз қолдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG