Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:59

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Шолц: Навальнийнинг Россияга қайтиши катта жасорат эди

2020 йилнинг августида Навальнийни заҳарлаб ўлдирмоқчи бўлишди. Томскдан учиб кетаётиб дафъатан унинг тоби қочди. Сиёсатчи тушган учоқ Омскка қўндирилди, шифокорлар уни кома ҳолатига солдилар, шундан сўнг қариндошлари Навальнийнинг Берлиндаги Шарите клиникасига жўнатилишига эришдилар. Европадаги бир неча лаборатория сиёсатчи “Новичок” нервларни фалажловчи моддаси билан заҳарланган, дея хулоса берди. Муолажадан сўнг Алексей Навальний Россияга қайтишга қарор қилди – уни Москва аэропортидаёқ қўлга олишди.

“Мен Навальний заҳарланиб Берлинда даволанаётган вақтда у билан учрашганман. Унга Россияга қайтиши катта жасорат талаб этиши ва таваккалчилик бўлишини айтганман. У бугун ўша таваккалчилик бадалини афсуски ўз ҳаёти билан қоплади. Олдин билмаган бўлсак, энди билдик бу қандай режим эканлигини. У ерда танқид қилган, демократия тарафдори бўлган ҳар бир инсон ўз хавфсизлиги ҳақида қайғуришга мажбур. Биз ҳаммамиз бу воқеадан қайғудамиз. Бу даҳшатли фожеа Россия демократия йўлидаги уринишлардан кейин қандай ўзгарганини яққол кўрсатади. У ерда илгари бўлмаганидек, энди ҳам демократия бўлмайди", деди Германия канцлери Олаф Шолц.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан бери – Россиянинг бош мухолифатчиси бўлди. Уни таъқиб этдилар; заҳарлашга, қўрқитишга, мамлакатдан чиқариб юборишга уриндилар. Аммо у Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Ateo Breaking портали Навальнийнинг отаси ўғлининг ўлимини тасдиқлагани ҳақида хабар қилди

Навальная: Путин жавоб беради

Алексейнинг рафиқаси Юлия Навальная Мюнхен конференциясидаги чиқишида эрининг ўлими ҳақидаги хабар бўйича баёнот берди:

“Фақат Россия давлат ахборот манбаларидан келаётган бу мудҳиш хабарларга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайман. Путин билан унинг ҳукуматига кўпдан бери ишонмай қўйганмиз. Улар доим алдайдилар. Лекин агар бу рост бўлса, истардимки, Путин ва унинг барча аъёнлари менинг ватаним ва оилам бошига солган кўргиликлар учун жавоб беражакларини билсинлар. Ўша кунлар ҳадемай келади. Мен халқаро ҳамжамиятни ва барча кишиларни бирлашишга ва бу ёвузлик манбаини маҳв этишга чақираман”

Навальний: Агар мени ўлдиришса....

Уч йил олдин ёзилган видеода Навальний, агар уни ўлдиришса, Россияликларни таслим бўлмасликка чақирган эди:

"Ҳаммаси аниқ ва равшан. Таслим бўлманг! Таслим бўлиш мумкин эмас. Агар улар мени ўлдиришга қарор қилишса, демак, билингки, биз катта кучга эгамиз. Биз таслим бўлмаслик учун бу кучдан фойдаланишимиз керак, унутманг биз улкан кучмиз".

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG