Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:30

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Мариньодаги "Утоли моя печали" Биби Марьям иконаси черкови ёнида Навальний билан видолашишга келган одамлар тўпланмоқда

"Марьино" метро бекатидан черков ва қабристонга борадиган йўл бўйлаб метал тўсиқлардан иборат хавфсизлик йўлаги ўрнатилган.

Темир тўсиқлар шунингдеек, Братеев кўприги устидан ўтган пиёдалар йўлагида ҳам турибди. Москва дарёсининг ҳар икки томонидан хавфсизлик кучлари йўловчиларнинг ҳужжатлари ва шахсий буюмларини текширмоқда.

Қора кийимдаги одамлар, афтидан хавфсизлик ходимларини атрофдаги уйларнинг томларида ҳам кўриш мумкин.

Ҳудудда интернет алоқасида узилишлар кузатилмоқда.

Юлия Навальная Европа парламентида нутқ сўзлади

Қамоқда ўлган сиёсатчи Алексей Навальнийнинг хотини Юлия Навальная 27 февралда Европа парламентида нутқ сўзлади. У ўз нутқи давомида Россия президенти Владимир Путинни “криминал гуруҳ лидери” деб атади ва унга ҳамда атрофидагиларга нисбатан босимни давом эттиришга чақирди. Навальная нутқини “Настояшчее время” канали трансляция қилди.

Навальная Путин “Алексей Навальнийга ва ажойиб қўшни давлатга нисбатан ҳаракатлари учун жавоб бериши лозим”, деб айтди. “Қўшни давлат” деганда у Украинани назарда тутди. Унинг нутқи Европарламентда гулдурос қарсакларга билан кутиб олинди.

Навальная Европа сиёсатчиларини Украина ва бошқа масалаларда Кремль билан музокаралар олиб бормасликка, аммо Путин ва унинг атрофидагиларга таалуқли бўлган молиявий оқимлар юзасидан терговлар ўтказишга чақирди.

“Айнан Путиннинг буйруғи билан Алексейни уч йил қийноқларга солдилар. У ҳар қандай алоқадан, қўнғироқлардан ва хатто хатлардан маҳрум қилинган ҳолда камерада сақланди. Кейин уни ўлдирдилар ва хатто шундан сўнг ҳам унинг жасадини ва онасини таҳқирлашда давом этдилар”,- деди Навальная.

28 февралда Европарламентда Навальний ўлими юзасидан резолюция муҳокама қилина бошланди. Резолюция лойиҳасида Навальнийнинг ўлими қотиллик деб баҳоланган.

Резолюцияда Россия ҳукумати Навальнийнинг дафн маросими ўтказилишига тўсқинлик қилмасликка, Европа Иттифоқи эса сиёсатчига нисбатан суд қарорларини чиқарган ва унинг ўлимига масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирилган.

Навальний 1 мартда Борисов қабристонида дафн этилади

Алексей Навальнийни дафн этиш маросими 1 март куни Москванинг Марьинодаги “Утоли моя печали” черковида ўтказилади. Диний маросимдан сўнг у Москва жануби шарқидаги Борисов қабристонида ерга берилади. Бу ҳақда марҳум сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш маълум қилди.

Аввалроқ сиёсатчи Алексей Навальний сафдошлари унинг дафн маросимини уюштириш учун Москвадан жой топа олмаётганини билдирган эдилар. Кира Ярмишга кўра, Москвадаги дафн маросимларини уюштириш агентликлари тадбирни ўтказишдан бош тортган.

Ярмиш Навальнийнинг сафдошлари кўплаб давлат ва хусусий дафн агентликлари билан алоқага чиққанини, бироқ улар сиёсатчининг номини эшитиши биланоқ маросимни ўтказишдан бош тортаётганини айтганди.

Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмилага 24 февраль куни берилган эди. Бунга қадар унинг жасади яқинларига берилмаётганди. Людмила Навальная Тергов қўмитаси унга ўғлининг жасадини яширинча, жамоатчилик билан видолашувсиз ўтказиш бўйича ультиматум қўйганини, акс ҳолда Навальний жасади қамоқхона қабристонига дафн этилиши билан таҳдид қилганини билдирган.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.

Навальнийнинг сафдошлари сиёсатчи қамоқхонада ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний жасади онасига берилди

Харпдаги 3-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида ўлган мухолифатчи Алексей Навальний жасади онаси Людмила Навальнаяга топширилди.

Бу ҳақда твиттерда Навальнийнинг сафдоши Кира Ярмиш маълум қилди.

“Алексейнинг жасади онасига берилди. Буни биз билан бирга талаб қилган барчага катта раҳмат. Людмила Ивановна ҳозирча Салехардда турибди. Дафн маросими ҳали олдинда. Ҳукумат маросимни оиласи истаган ва Алексейга муносиб тарзда ўтказишга йўл қўядими, йўқми, билмайман. Янгиликлар бўлиши билан сизларни хабардор қиламиз”, деб ёзади Ярмиш.

22 феврал куни Людмила Навальная ўз видеомурожаатида ўғлининг жасади унга кўрсатилганини, шунингдек ҳукумат мухолифатчини яширинча кўмиб юбормоқчи эканини айтган эди.

23 февралда терговчилар Людмила Навальнаяга “яширинча дафн қилишга рози бўласиз ёки ўғлингизни қамоқхонага кўмамиз”, дея ултиматум қўйганлар.

“Бир соат аввал Алексейнинг онасига терговчи қўнғироқ қилиб шарт қўйибди. У 3 соат ичида оммавий видо маросимисиз ими-жимида дафн қилишга розилик бериши керак эмиш ёки Алексейни колонияда дафн қилишармиш. Она тергов қўмитаси билан музокара қилишдан бош тортган, чунки ўғлини қаерда ва қандай дафн қилишни улар ҳал этмайди”, деб ёзган Ярмиш.

Коррупцияга қарши кураш фонди директори Иван Ждановга кўра, Навальний онасининг адвокатлари марҳумнинг жасадини таҳқирлашга доир модда (Россия ЖКнинг 244-моддаси) бўйича жиноят иши қўзғатишни сўраб тергов қўмитасига ариза берганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG