Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Россия бўйлаб камида 200 киши ҳибс этилди

Россиянинг кўплаб шаҳарларида хабар эълон қилинганидан кейин маҳаллий аҳоли сиёсий маҳбуслар ёдгорликларига гул олиб кела бошлади. Уляновск, Новосибирск, Киров, Томск, Қозон, Ижевск, Псков, Нижний Новгород, Перм, Твер, Киров ва Белгород, Вологда, Толятти, Саратов, Ногинск ва бошқа кўплаб Россия шаҳарлари, жумладан, Москва ва Санкт-Петербург мотам изҳор этмоқда.

17 феврал куни эрталаб ОВД-Инфо нашрининг хабар беришича, Навалний хотирасига бағишланган митингларда камида 200 киши ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганларнинг аксарияти Санкт-Петербургда - 69 киши, Нижний Новгородда -15 ва Москвада - 11 киши. Улар полицияга бўйсунмаслик ва оммавий тадбир қоидаларини бузиш моддаларида айбланмоқда.

Алексей Навальний ҳибсга олинишидан олдин яшаган Москванинг Марьино микрорайонидаги уйи ёнида ҳам ясама ёдгорлик пайдо бўлди.

М.Ходорковский: Мухолифат жавоб қайтаради!

М.Ходорковский ўзи ҳам 10 йил Россияда қамоқда ўтирган
М.Ходорковский ўзи ҳам 10 йил Россияда қамоқда ўтирган

Сургундаги россиялик тадбиркор ва Кремл танқидчиси Михаил Ходорковский жума куни Италиянинг RAI телеканалининг «In Mezz'ora» кўрсатувида қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навалний ўлимида Россия президенти Владимир Путин жавобгар эканлигини билдирди.

У Навалнийни истеъдодли сиёсатчи, "Россия келажагида жуда муҳим рол ўйнаши мумкин бўлган жуда жасур шахс" деб таърифлади.

"Ҳеч қандай шубҳа йўқ. Агар мамлакат раҳбари рақибини заҳарласа, кейин уни қамоққа ташласа, кейин уни узоқ шимолга юборса ва тўсатдан бутунлай соғлом одам у ерда вафот этса, "бу тасодифан содир бўлди" ва "бунга ҳеч ким айбдор эмас", деган гап бўлиши мумкин эмас. . . . Россия мухолифати бунга Москва кўчаларида сайлов куни ёки Алексей Навалнийнинг дафн маросими куни жавоб қайтаради," деди Ходорковский журналист саволига.

Юлия Навалная "Мудофаа Давоси" конференциясида нутқ сўзлади

Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляен Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик конференциясида Алексей Навалнийнинг вафоти муносабати билан унинг рафиқаси Юлия Навалнаяга ҳамдардлик билдирди.

“Азизим Юлия, сиз ва оилангиз кўп йиллар Алексей Навалнийни унинг курашида мардларча қўллаб-қувватладингиз. Бугун биз бутун оилангиз қаршисида бош эгамиз”, дейилади ЕИ расмий саҳифасида.

Юлия Навалная хавфсизлик йиғилишида турмуш ўртоғининг ўлими учун Россия президенти Владимир Путинни жавобгарликка тортишга чақирган.

Юзлаб сиёсатчилар, ҳарбий офицерлар ва дипломатлар Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган «Мудофаа Давоси» деб номланган уч кунлик конференцияда йиғилди.

Йиғилишда Исроил ва Украинадаги уруш ҳамда АҚШда президентлик сайловидан кейин Вашингтоннинг мудофаа мажбуриятларини давом эттириши муҳокама мавзуси бўлиши кутилганди.

Аммо Навалнийнийнинг Россиядаги жазони ижро этиш колониясида вафот этгани ҳақидаги хабарлар йиғилиш мавзусини ўзгартириб юборди.

Ташкилотчилар Навалнийнинг рафиқаси Юлия Навалная сўзга чиқиши учун жадвалга ҳам ўзгартириш киритди.

"Мени ўлдиришга қарор қилишган бўлса - демак биз ўта кучлимиз!"

Алексей Навальний ўзининг ўлдирилиши мумкинлигига бундай муносабат билдирган эди:

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG