Навальний 1 мартда Борисов қабристонида дафн этилади
Алексей Навальнийни дафн этиш маросими 1 март куни Москванинг Марьинодаги “Утоли моя печали” черковида ўтказилади. Диний маросимдан сўнг у Москва жануби шарқидаги Борисов қабристонида ерга берилади. Бу ҳақда марҳум сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш маълум қилди.
Аввалроқ сиёсатчи Алексей Навальний сафдошлари унинг дафн маросимини уюштириш учун Москвадан жой топа олмаётганини билдирган эдилар. Кира Ярмишга кўра, Москвадаги дафн маросимларини уюштириш агентликлари тадбирни ўтказишдан бош тортган.
Ярмиш Навальнийнинг сафдошлари кўплаб давлат ва хусусий дафн агентликлари билан алоқага чиққанини, бироқ улар сиёсатчининг номини эшитиши биланоқ маросимни ўтказишдан бош тортаётганини айтганди.
Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмилага 24 февраль куни берилган эди. Бунга қадар унинг жасади яқинларига берилмаётганди. Людмила Навальная Тергов қўмитаси унга ўғлининг жасадини яширинча, жамоатчилик билан видолашувсиз ўтказиш бўйича ультиматум қўйганини, акс ҳолда Навальний жасади қамоқхона қабристонига дафн этилиши билан таҳдид қилганини билдирган.
47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.
Суд-тиббиёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.
Навальнийнинг сафдошлари сиёсатчи қамоқхонада ўлдирилганини иддао қилмоқда.
Юлия Навальная Европа парламентида нутқ сўзлади
Қамоқда ўлган сиёсатчи Алексей Навальнийнинг хотини Юлия Навальная 27 февралда Европа парламентида нутқ сўзлади. У ўз нутқи давомида Россия президенти Владимир Путинни “криминал гуруҳ лидери” деб атади ва унга ҳамда атрофидагиларга нисбатан босимни давом эттиришга чақирди. Навальная нутқини “Настояшчее время” канали трансляция қилди.
Навальная Путин “Алексей Навальнийга ва ажойиб қўшни давлатга нисбатан ҳаракатлари учун жавоб бериши лозим”, деб айтди. “Қўшни давлат” деганда у Украинани назарда тутди. Унинг нутқи Европарламентда гулдурос қарсакларга билан кутиб олинди.
Навальная Европа сиёсатчиларини Украина ва бошқа масалаларда Кремль билан музокаралар олиб бормасликка, аммо Путин ва унинг атрофидагиларга таалуқли бўлган молиявий оқимлар юзасидан терговлар ўтказишга чақирди.
“Айнан Путиннинг буйруғи билан Алексейни уч йил қийноқларга солдилар. У ҳар қандай алоқадан, қўнғироқлардан ва хатто хатлардан маҳрум қилинган ҳолда камерада сақланди. Кейин уни ўлдирдилар ва хатто шундан сўнг ҳам унинг жасадини ва онасини таҳқирлашда давом этдилар”,- деди Навальная.
28 февралда Европарламентда Навальний ўлими юзасидан резолюция муҳокама қилина бошланди. Резолюция лойиҳасида Навальнийнинг ўлими қотиллик деб баҳоланган.
Резолюцияда Россия ҳукумати Навальнийнинг дафн маросими ўтказилишига тўсқинлик қилмасликка, Европа Иттифоқи эса сиёсатчига нисбатан суд қарорларини чиқарган ва унинг ўлимига масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирилган.
Мариньодаги "Утоли моя печали" Биби Марьям иконаси черкови ёнида Навальний билан видолашишга келган одамлар тўпланмоқда
"Марьино" метро бекатидан черков ва қабристонга борадиган йўл бўйлаб метал тўсиқлардан иборат хавфсизлик йўлаги ўрнатилган.
Темир тўсиқлар шунингдеек, Братеев кўприги устидан ўтган пиёдалар йўлагида ҳам турибди. Москва дарёсининг ҳар икки томонидан хавфсизлик кучлари йўловчиларнинг ҳужжатлари ва шахсий буюмларини текширмоқда.
Қора кийимдаги одамлар, афтидан хавфсизлик ходимларини атрофдаги уйларнинг томларида ҳам кўриш мумкин.
Ҳудудда интернет алоқасида узилишлар кузатилмоқда.
Кира Ярмиш: Навальний оиласига ҳали ҳам жасадни беришмади
"Яқинлари эрталаб соат 10 да Алексейнинг жасадини олиш учун ўликхонага етиб келишди. Жасадни ҳали ҳам беришгани йўқ. Ҳозирча график ўзгаргани йўқ, аммо афтидан, кечикиш бўлади", деб ёзди X тармоғида Навальнийнинг собиқ матбуот котиби ва ёрдамчиси Кира Ярмиш.