Номзод Камала Ҳаррис
Демократик партия номзоди Ҳаррис сайланса, АҚШнинг биринчи аёл президенти ва асли келиб чиқиши Жанубий Осиёдан бўлган биринчи шахс бўлади.
60 ёшли Ҳаррис 2022 йилда Олий суд аборт қилиш ҳуқуқини бекор қилган қароридан сўнг аборт ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва Трампни демократияга таҳдид деб атади. Шунингдек, у Трампнинг 6 январдаги АҚШ Капитолийсига ҳужумдаги роли ва 2020 йилда Байденга ютқазганини тан олишдан бош тортганини таъкидлади.
Ҳаррис Байденнинг Украинага ёрдам сиёсатини давом эттиришини ва Россиянинг мағлубиятини кўришни исташини аниқ билдирган.
АҚШ сайлов тизимига кўра, ким президент бўлишини миллий халқ овози эмас, балки 538 аъзодан иборат Сайлов коллегияси ҳал қилади. Унда ҳар бир штатдан Конгрессдаги вакиллари сонига тенг бўлган олдиндан белгиланган сондаги электорлар бўлади.
АҚШ сайловининг таъсири: УКРАИНА
АҚШнинг ҳарбий, молиявий ва дипломатик ёрдамига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган Украина бу сайлов таъсирини бевосита ҳис қилиши мумкин.
Амалдаги президент Жо Байден даврида Қўшма Штатлар 2022 йил февраль ойида Россия кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери Украинага хавфсизлик ёрдами учун 56 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди. У молиявий ва гуманитар ёрдам учун яна ўнлаб миллиард доллар ажратди.
"Менинг фикримча, уруш натижаларига ва, шубҳасиз, кейинги бир неча ойда содир бўладиган воқеаларга таъсир кўрсатадиган энг муҳим омил – бу АҚШ сайловлари," дейди Лондон қироллик коллежининг Уруш тадқиқотлари кафедраси катта ўқитувчиси Рут Дейермонд.
Республикачи собиқ президент Доналд Трамп ва Демократик партия вице-президенти Камала Ҳаррис Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича бутунлай бошқача позицияларни билдиришди.
Қуйидаги мақолада мавзу тафсилоти билан тўлиқ танишишингиз мумкин:
Натижа
Сайловда овоз бериш жараёни 5 ноябрь куни кечқурун тугайди. Сайлов участкаси қачон ёпилишини ҳар бир юрисдикциянинг ўзи белгилайди.
Штатларда сайлов бюллетенларини санаб чиқиш ва почта орқали юборилган бюллетенларни қабул қилиш қоидалари ҳар хил бўлгани учун баъзи штатлар якуний натижаларни сайловдан кейинги 2-3 кунгача ҳам билмаслиги мумкин.
Овозлар сони бир-бирига яқин бўлиши ахборот агентликлари учун ғолибни башорат қилишни қийинлаштиради. Масалан, 2020 йилда шундай бўлган. Президентлик сайлови натижалари эълон қилингунига қадар бир неча кун ўтган. Бу гал ҳам шундай бўлиши эҳтимоли бор.
Сайловчилар
Президентлик сайловларида овоз бериш учун сайловчи 18 ёшга тўлган АҚШ фуқароси бўлиши, резидентлик талабларига жавоб бериши керак. Бу талаблар штатдан штатга қараб фарқ қилади.
Фуқаро овоз бериш учун рўйхатга олинган бўлиши керак. Сайловчиларни рўйхатга олиш муддати ҳам мавжуд. Баъзи штатларда жиноий жавобгарликка тортилганлар ёки ақлан заиф одамлар овоз бера олмайди.
Чет элда яшаётган Америка фуқаролари сиртдан овоз бериш ҳуқуқига эга. Бироқ АҚШ ҳудудларида, жумладан Пуэрто-Рико, Виржиния ороллари, Гуам, Шимолий Мариана ороллари ва Америка Самоасида истиқомат қилувчи АҚШ фуқаролари овоз бера олмайди.