АҚШнинг аксарият штатларида, овоз бериш бошланди
Мамлакат вақти билан соат 9:00 ҳолатига кўра кўплаб штатларда сайлов участкалари очилган. Аризона, Аёва, Оклахома, Техас, Колорадо, Висконсин, Теннесси, Небраска, Арканзас, Ню-Мексико, Юта, Миссисипи, Миннесота, Монтана, Шимолий Дакота, Жанубий Дакота штатларида овоз бериш минтақавий вақт билан эрталаб соат 9:00 дан бошланган.
Алабама, Делавер, Колумбия округи, Флорида, Жоржия, Ню-Хемпшир, Иллинойс, Индиана, Канзас, Луизиана, Мериленд, Массачусетс, Мичиган, Миссури, Пенсилвания, Род-Айленд ва Ваёминг штатларида ҳам овоз бериш жараёни эрталаб бошланган ва ҳозирда давом этмоқда.
Калифорния ва Айдахода соат 10:00да ,Вашингтон ва Аляскада соат 11:00 да, Гавайида эса соат 12 дан овоз бериш жараёни бошланади.
Ўзбек матбуоти АҚШ сайлови ҳақида
Ўзбекистонда АҚШ сайловларига қизиқиш катта экани кузатилмоқда. Расмий ва маҳаллий мустақил нашрлар сайловолди кампанияси ҳақида муттасил хабар қилиб борди.
Аммо, нашрлар асосан қуруқ хабарлар билан чекланди. АҚШ сайловининг таҳлил ёхуд яқиндагина Ўзбекистонда ўтган парламент сайловларига қиёси акс этган чиқишлар кузатилмади.
Сайлов таъсири: Глобал инвестиция муҳити
Глобал сармоядорлар ҳам халқаро фонд бозорига бевосита таъсир ўтказадиган АҚШдаги сайлов жараёнларини диққат билан кузатиб бормоқда.
Замонавий АҚШ тарихидаги энг ноодатий сайловлардан бири солиқ ва савдо сиёсатида шунингдек, ким ғалаба қозонишига қараб жамиятдаги бaрча институтлар учун мутлақо кутилмаган ўзгаришлар олиб келиши мумкин.
Гарчи охирги сайловларда баҳсли натижалар кузатилмаган бўлсада, инвесторлар 2000 йилги бир ойдан кўпроқ вақт олган Жорж Буш ва Ал Гор ўртасидаги мунозарали сайлов пойгасини ёдга олмоқда. Ўшанда Флоридада овозларни қайта санаб чиқишга тўғри келган.
Бу эса технологик инновациялар ва иқтисодиётга нисбатан ишончсизлик билан бирга халқаро фонд бозорида S&P500 акцияларини 5 фоизга пасайтириб юборган.
Cўнгги ҳафталарда S&P 500 акциялари 2,5 фоизга пасайган бўлсада, технологик гигантларнинг аралаш даромадлари тўғрисидаги ҳисоботлари ва сайлов билан боғлиқ хавотирларнинг кучайиши ортидан қимматли қоғозлар бозорида ўсиш қайд этилди.
“Сайловнинг ноаниқлиги "катта муаммо, биз 2000 йилда бунга гувоҳ бўлгандик. Геосиёсий майдонда беқарорлик бўлиб турган вақтда нима ҳам қила олишингиз мумкин?”, дейди Миллер Табак компаниясининг бозор бўйича етакчи стратеги Метт Малей.
Разведка: Россия ва Эрон киберҳужумни кучайтирди
Вашингтон Россия ва Эронни президентлик сайловларида тартибсизлик келтириб чиқариш учун киберҳужум ва дезинформация кампаниясини кучайтирганликда айблади.
“Россияга алоқадор кучлар «сайлов жараёнига путур етказиш мақсадида сохта видео ва мақолалар тайёрламоқда. Улар америкаликлар орасида қўрқув уйғотиб, зўравонликка ундовчи сиёсий ихтилоф келтириб чиқаришни мақсад қилган» дейилади Миллий разведка, ФҚБ ҳамда Киберхавфсизлик агентликлари эълон қилган қўшма баёнотда.
АҚШ разведкаси бир неча ойдан буён Россияга алоқадор гуруҳлар Камала Харрисга қарши овоз бериш бўйича дезинформатаион кампанияни олиб бораётгани ҳақида огоҳлантириб келган.
Сайлов куни арафасида ўтказилган сўровлар якуний босқич ҳам муросасиз кечишини кўрсатмоқда.