Дўстов суд залидан озод этилди
Метан заправкадаги норозилиги ортидан 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов суд залидан озод этилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар берди. Апелляция суди Дўстовга тайинланган 15 сутка қамоқ жазосини суткага қисқартирган ва уни суд залидан озод қилган.
3 январь куни Тошкент шаҳар судидаги икки марта кечиктирилган апелляция маҳкамасига олиб келинган Дўстов суд мажлиси чоғида ҳушидан кетиб йиқилди. Олдинроқ унинг ҳибсда соғлиги ёмонлашгани айтилган.
Суд жараёнини кузатган маҳаллий журналистларнинг сўзларига кўра, Ғайрат Дўстов маҳаллий вақт билан 17дан 12 дақиқа ўтганда ҳушидан кетган, тез ёрдам эса орадан ярим соатдан кўппроқ вақт ўтиб, соат 17дан 45 дақиқа ўтганда етиб келган.
Олдинроқ Суд мажлисида адвокатларининг саволларига жавоб берган Дўстов ҳибсда ертўлада сақлангани ва тергов жараёнида тезкор ходимлар бошига қоп кийдиришганини сўзлаб берган. Айни пайтда у ўзининг қийноққа солинмаганини билдирган.
3 январь куни эрталаб соат 10 га белшиланган апелляция суди икки марта кечиктирилди. Эрталабдан суд биноси олдида 100 га яқин одам тўпланган. Очиқ деб эълон қилинган суд жараёнига журналистлар ва кузатувчиларнинг бирданига қўйилмагани норозиликларга сабаб бўлди.
Суднинг тушдан кейин бошланган мажлисида матбуот вакилларининг иштирок этишига рухсат берилган, аммо кўплаб журналист ва ҳуқуқ фаоллари жой етишмаслиги важидан унга киритилмаган
46 яшар Дамас ҳайдовчиси Ғайрат Дўстов 23 декабрь куни Тошкентдаги метан газ қуйиш шохобчасида туни билан навбат кутганини айтган ва навбати келганда метан газ тугаб қолганидан норозилик билдириб расмийларга видеомурожаат қилган эди. Тармоқларда тарқалган видеода у газга бой Ўзбекистонда аҳолининг газ танқислигидан азият чекаётганини адолатсизлик деб атаган.
Унинг афтидан, кўп кийилганидан тешилган ва увада бўлган кроссовкасининг иккала поясини ечиб, иккала қўлида видеокамерага тутган кадрлари ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида бу мавсумда яна ҳам оғирлашган энергобўҳроннинг рамзига айланди ва минглаб одамлар томонидан улашилди.
Ҳукуматни танқид қилгани учун мулозимлардан кечирим сўраш нияти йўқлигини айтган Ғайрат Дўстовнинг 23 декабрь куни майда безориликда айбланиб 15 суткага қамалгани янги йил оқшомида маълум бўлди.
Дамас ҳайдовчисининг қамалиши Янги йил кечаси ижтимоий тармоқлар ўзбек сегментининг асосий муҳокама мавзусига айланди. Тармоқ фаоллари ва фойдаланувчилари энергетика муаммосини ҳал қилиш ўрнига норози фуқарони қамаш йўлини танлаган ўзбек ҳукумати ва адлия тизими қароридан кескин норозилик изҳор қилдилар.
Қатор фаоллар суд қарорига имзо чеккан судья Д. Дадаханованинг суратларини тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштиришди.
Суд ҳукмидан норозилик тармоқлардаги танқидий постлар билан чекланмади. Бир вақтнинг ўзида Ғайрат Дўстовни озод қилиш учун флешмоб ва унинг оиласига ёрдам кампанияси бошланиб кетди.
“Ғайратга_озодлик” челленжи остида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган постларда энергетика муаммолари билан бир қаторда сўз эркинлиги ва ҳукуматнинг ҳақиқатни яширишга уриниши, фаоллар оғзини ёпишга қаратилган ҳаракатлардан норозилик ҳам ифода қилинди.
Тармоқ фаолларининг аксарияти ижтимоий адолат тамойилларига урғу бериб, раҳбарларнинг жиноятлари кечирилиши, оддий фуқаролар учун жазо муқаррарлигини таъкидлашди.
Абдураҳмон Ташанов: “Жин-ажинлар ёруғликдан қўрққани каби, бизни судьялар очиқликдан қўрқади”
Дўстов бошига қоп кийдиришганини айтди
Ғайрат Дўстов суд мажлисида яқинлари ва адвокатларининг саволларига жавоб берар экан, бошига қоп кийдиришганини, ертўлада сақлашганини айтди. Аммо, Дўстов кучишлатар тизим тарафидан қийноққа солинмаганини билдирган.
“Худодан қўрқаман. Ичкарида қийноқ бўлмади”, деган Дўстов. Qalampir нашри Дўстовнинг бу ҳақда айтганлари ёзилган видеони эълон қилди.
Метан-шохобчадаги мурожаати ортидан майда безориликда айбланиб 26 декабр куни 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов устидан 3 январ куни апелляция суди бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, аввалига суд Дўстовнинг иштирокисиз бошланган, адвокатларнинг талабидан кейингина уни судга олиб келишган. Лекин суд процессида жавобгарнинг тоби қочгани сабаб, судя ишни кўришда танаффус эълон қилган.
Маҳкамага олиб келинган Ғайрат Дўстов ҳушиден кетиб қолди