Тошкент АҚШ билан стратегик шерикликни чуқурлаштирмоқчи
Ўзбекистонда 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Бу лойиҳада Ташқи ишлар вазирлигига бир қатор вазифалар юкланди.
Лойиҳага мувофиқ, ташқи сиёсат маҳкамаси жорий йил якунига қадар Қўшма Штатлар янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва олий даражадаги ташрифни ташкил этиши керак.
Бундан ташқари, Тошкентда АҚШ билан кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи раундини юқори даражада ўтказиш, “C5+1” (Марказий Осиё ва АҚШ) форматидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, вазирлар учрашуви, тегишли ишчи гуруҳлар йиғилишларини ўтказиш, шунингдек, ушбу форматнинг 10 йиллиги муносабати билан Самарқандда юбилей саммити ўтказиш режалаштирилган.
Давлат дастури лойиҳасидан англашилишича, Тошкент Вашингтон билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Қолаверса, АҚШ ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқлари мезонлари бўйича эълон қилинадиган турли ҳисоботларда Ўзбекистоннинг юқори позицияларини сақлаб қолиш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш вазифаси белгиланган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 8 январь куни АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник билан музокара ўтказганди.
“Биз асосий йўналишлар бўйича ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш йўлларини муҳокама қилдик ва турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини кўриб чиқдик. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик 2024 йилда самарали бўлди, 2025 йилда эса бундан-да кўпроқ ютуқларга эришишимизга ишончимиз комил”, дея пост қолдирган Ўзбекистон бош дипломати ушбу учрашув ортидан.
Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил 6 ноябрь куни Дональд Трампни президент сайловидаги ғалабаси билан табриклаган президент Шавкат Мирзиёев уни “бой тажрибали ва моҳир сиёсатчи” деб таърифлаган. Табрик матнида Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври айнан Трампнинг биринчи президентлик даврида бошлангани урғуланган.
"Настоящее время" телеканалининг инаугурацияга бағишланган жонли дастури:
Трамп тез орада Путин билан "учрашиш ниятида"
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 13 январь куни президентлик лавозимига киришганидан (20 январь) кейин “жуда тез орада” Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш нияти борлигини билдирди.
“Мен бу ишни эртароқ ҳам қилган бўлардим, бироқ офисга кириб олиш керак. Айрим ишлар учун у ерда бўлиш шарт”, деган Трамп Newsmax’га берган интервьюсида.
Россия билан Украина ўртасидаги урушни якунлаш стратегияси ҳақидаги саволга Трамп “стратегия битта ва у Путинга боғлиқ”, дея жавоб берган.
“Мен бўлаётган ишларнинг ҳаммасидан унинг боши осмонда, дея тасаввур қилолмайман, чунки унинг учун ҳам ишлар унча ўнгидан келаётгани йўқ”, дея қайд этган АҚШнинг сайланган президенти.
Дональд Трамп 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабасидан кейин Россиянинг Украинага қарши урушини якунлаш учун Владимир Путин билан учрашиш нияти борлигини билдирган. Сайловолди кампанияси чоғида Трамп бу ишни “24 соат” ичида ва ўз инаугурациясигача амалга оширишни ваъда қилган, бироқ бунга оид ҳеч қанақа тафсилот келтирмаган эди. 7 январь куни Флоридада ўтказилган матбуот анжуманида Трамп жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун олти ой муддат реалроқ бўлишини айтган.
Жо Байден: олигархия хавф солмоқда
АҚШ президенти Жо Байден 15 январь куни мамлакат президенти сифатида америкаликларга сўнгги мурожаати билан юзланди.
Байденга кўра, Америка демократиясига чексиз таъсир ва ҳокимиятга эга бўлиб бораётган ўта бой кишилар олигархияси таҳдид солмоқда.
“Мен мамлакатни ўзимда катта хавотир уйғотаётган айрим нарсалардан огоҳлантиришни истардим. Бу ҳокимиятнинг кам сонли ўта бой бўлган одамлар қўлида хатарли тарзда жамланишидир”, деди Байден америкаликларга сўнгги бор Оқ уйдаги кабинетидан мурожаат қилган.
Дональд Трамп инаугурациясига беш кун қолганда қилган чиқишида президент Байден сайланган президент исмини тилга олгани йўқ, бироқ, шарҳловчилар қайдича, унинг кимларга ишора қилаётгани аён эди. Миллиардер Илон Маск давлат хизматлари самарадорлиги учун масъул бўлган бошқарма бошлиғи ролида Дональд Трамп маъмуриятига ҳаддан зиёд катта таъсирга эга бўлиши кутилмоқда.