Путиндан табрик
Россия президенти Владимир Путин қасамёд маросими арафасида АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампга табрик йўллади.
Путин АҚШнинг янги маъмурияти билан Украина урушини тугатиш йўлида - "барча инсонларнинг легитим манфаатларини ҳурмат қилиш асосидаги узоқ муддатли тинчлик очиқ мулоқотга ҳозирлигини билдирди.
Россия Украинага босқини, Кремл таъбири билан эса "махсус амалиёт"ини 2022 йилнинг февралидан бери олиб бормоқда. Бу уруш оқибатида 100 минглаб одам ўлди.
Трамп бу урушни тугатишни ўзининг ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгилаган. У урушни тугатиш учун аввалига 24 соат, кейинчалик 6 ой керак, мазмунида баёнот берган эди.
Эски ва янги президентлар қаршилашуви
АҚШ президенти Жо Байден ва рафиқаси сайланган президент Доналд Трамп ва рафиқасини қарши олди.
АҚШдаги ўзбекларни нима кутмоқда?
Шу кундаги асосий саволлардан бири шу бўлиб қолмоқда. Боиси, Доналж Трапм ишга киришган кунининг ўзидаёқ мамлакатдаги миграцияси сиёсатини тубдан ўзгартиришни ваъда қилган.
Кутилаётган муҳим ҳужжатларнинг мигрантлар депортацияси ва АҚШга келувчи миграция оқимини кескин торайтириш тўғрисида бўлиши айтилган.
Бунга қадар ҳам АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилганини билдирган эди.
Иммиграция ва божхона идораси эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, йил давомида 192 мамлакатга 271484 киши бадарға қилинган. Депортация қилинганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки бараварга ортган.
Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга қайтарилган ўзбеклар сони ҳам ўтган йилга нисбатан бир неча бараварга ошганини кузатиш мумкин. 2023 йилда 88 нафар ўзбекистонлик мажбуран ватанига қайтарилганди.
Шунингдек, аввалроқ 2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йил май ойи охирига қадар АҚШнинг жанубий чегарасини 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатига боришга ҳаракат қилгани, булардан 2900 нафари ўзбекистонлик экани билдирилган эди.
Трамп Марказий Осиёга нисбатан қандай йўл тутади?
Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши қудратли давлатлар орасида мувозанат сақлашга кўниккан Марказий Осиё учун ҳал қилув палласи бўлиши мумкин.
Экспертлар “АҚШнинг янги президенти минтақага муносабатда анъанавий ёндашувларни ўзгартирармикан ёки бутун диққат-эътибор яна бизнес манфаатлар ва энергетикага қаратилармикан”, дея баҳслашмоқда.
Ноодатий ёндашувлари билан танилган Доналд Трамп Марказий Осиёга ҳамкорликнинг бюрократияси камроқ, келишув ва манфаатдорликка таянган янги турини таклиф қилиши мумкин. Бироқ минтақа иқтисодий музокаралардан ўз мустақиллигини мустаҳкамлашда фойдалана оладими?
Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер Majlis подкастида ушбу саволларга экспертлар билан бирга жавоб излаган, қуйида ушбу подкастни тингланг: