"Тинчликпарвар" Доналд Трамп ва Украина
Америка Қўшма Штатларининг 47-президенти сифатида қасамёд қилган Трамп “тинчликпарвар” бўлишни ваъда қилмоқда:
“Биз муваффақиятимизни нафақат ғалаба қозонган жангларимиз, балки тугатган урушларимиз ва, эҳтимол энг муҳими, биз ҳеч қачон қатнашмайдиган урушлар билан ҳам ўлчаймиз”, деди у.
Аммо Трамп тинчликка қандай қилиб эришиши ва уни қандай сақлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Россиянинг кенг кўламли босқинидан бери учинчи йил давом этаётган шафқатсиз уруш ичида қолган украиналиклар тинчликни кутмоқда. Худди шундай, бутун Яқин Шарқда можаролар тугашига умид қилаётган ҳам кўп.
Украина президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқ орқали Трампни табрикларкан, Трамп “куч билан тинчликка эришиш сиёсати”- “узоқ муддатли ва адолатли тинчликка эришиш учун имкониятдир”, деб ёзди.
Марказий Осиёдан табрик
Доналд Трампнинг АҚШ 47-президенти сифатида қасамёд қилганидан сўнг, Марказий Осиё давлатлари орасида илк Қозоғистон президентининг табриги эълон қилинди.
АҚШнинг янги раҳбарига йўлланган табригида, президент Қосим-Жомарт Тоқаев, энергетика, атом энергияси ва хавфсизлик масаласида ҳамкорликка ҳозирлигини билдирди.
Бунга қадар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам, қасамёд маросимидан олдин Трампни табриклаганди.
2024 йил 6 ноябрь куни Дональд Трампни президент сайловидаги ғалабаси билан табриклаган президент Шавкат Мирзиёев уни “бой тажрибали ва моҳир сиёсатчи” деб таърифлади. Табрик матнида Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври айнан Трампнинг биринчи президентлик даврида бошлангани урғуланди.
Дунё лидерларидан табриклар:
Канада Бош вазири Жастин Трюдо: "Табриклайман, президент Трамп. Канада ва АҚШ дунёдаги энг муваффақиятли иқтисодий ҳамкорликка эга".
Испания Бош вазири Педро Санчес: "Биз давлатларимиз орасидаги стратегик ҳамкорлик ва глобал муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун АҚШ янги маъмурияти билан ишлашга тайёрмиз".
Австралия Бош вазири Энтони Албаниз: "Бизнинг иттифоқимиз бу қадар кучли бўлмаган эди. Мен имкониятларимиз ва олдиндаги муаммоларни ҳал қилишда сиз билан бирга ишлашга тайёрман".
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен: "ЕИ глобал муаммолар ечими йўлида сиз билан яқиндан ишлашга тайёр".
АҚШ чегара хизмати Байден давридаги иммиграция дастурини тўхтатди
АҚШ чегара тизими раҳбариятига кўра, Чегара ва Божхона хизматлари муҳожирларга АҚШга кириш учун навбат олиш имконини берувчи "CBP One program" дастурини тўхтатган.
Бундан буён ушбу дастур орқали онлайн навбат олишнинг имкони йўқ.