Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2025, Тошкент вақти: 17:48
Доналд ва Мелания Трамп, 20 январ, 2025
Доналд ва Мелания Трамп, 20 январ, 2025

Трампнинг илк куни: қандай фармонлар имзоланди?

Вашингтон АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурацияси бўлиб ўтди.

Маросим 20 январь, Вашингтон вақти билан соат 12:00 да (Тошкент вақти билан соат 22:00 да) бўлди.

Трамп Овал офисга кириши билан қатор муҳим ҳужжатларни имзолашини айтганди.

Маросимдан бироз ўтиб, АҚШ чегара хизмати Байден давридаги иммиграция дастурини тўхтатди.

Шунингдек Трамп, АҚШ ҳукумати фаолиятини кескин қисқартириш олдидан маслаҳат гуруҳини тузди.

"Биринчи бўлиб, жанубий сарҳадларда фавқулодда ҳолат эълон қиламиз", деди ва қўшин жўнатишини билдирди.

Трамп, наркокартелларни хорижий террорчи ташкилот, сифатида таснифловчи ҳужжатни имзолашини айтди.

Доналд Трамп АҚШнинг 45-президенти бўлган ва эндиликда 47-президентига айланди.

78 ёшли Трамп лавозимга киришган пайтда АҚШнинг энг ёши катта президенти бўлди.

01:35 21.1.2025

Дунё лидерларидан табриклар:

Канада Бош вазири Жастин Трюдо: "Табриклайман, президент Трамп. Канада ва АҚШ дунёдаги энг муваффақиятли иқтисодий ҳамкорликка эга".

Испания Бош вазири Педро Санчес: "Биз давлатларимиз орасидаги стратегик ҳамкорлик ва глобал муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун АҚШ янги маъмурияти билан ишлашга тайёрмиз".

Австралия Бош вазири Энтони Албаниз: "Бизнинг иттифоқимиз бу қадар кучли бўлмаган эди. Мен имкониятларимиз ва олдиндаги муаммоларни ҳал қилишда сиз билан бирга ишлашга тайёрман".

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен: "ЕИ глобал муаммолар ечими йўлида сиз билан яқиндан ишлашга тайёр".

01:47 21.1.2025

Марказий Осиёдан табрик

Доналд Трампнинг АҚШ 47-президенти сифатида қасамёд қилганидан сўнг, Марказий Осиё давлатлари орасида илк Қозоғистон президентининг табриги эълон қилинди.

АҚШнинг янги раҳбарига йўлланган табригида, президент Қосим-Жомарт Тоқаев, энергетика, атом энергияси ва хавфсизлик масаласида ҳамкорликка ҳозирлигини билдирди.

Бунга қадар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам, қасамёд маросимидан олдин Трампни табриклаганди.

2024 йил 6 ноябрь куни Дональд Трампни президент сайловидаги ғалабаси билан табриклаган президент Шавкат Мирзиёев уни “бой тажрибали ва моҳир сиёсатчи” деб таърифлади. Табрик матнида Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври айнан Трампнинг биринчи президентлик даврида бошлангани урғуланди.

01:56 21.1.2025

"Тинчликпарвар" Доналд Трамп ва Украина

Америка Қўшма Штатларининг 47-президенти сифатида қасамёд қилган Трамп “тинчликпарвар” бўлишни ваъда қилмоқда:

“Биз муваффақиятимизни нафақат ғалаба қозонган жангларимиз, балки тугатган урушларимиз ва, эҳтимол энг муҳими, биз ҳеч қачон қатнашмайдиган урушлар билан ҳам ўлчаймиз”, деди у.

Аммо Трамп тинчликка қандай қилиб эришиши ва уни қандай сақлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.

Россиянинг кенг кўламли босқинидан бери учинчи йил давом этаётган шафқатсиз уруш ичида қолган украиналиклар тинчликни кутмоқда. Худди шундай, бутун Яқин Шарқда можаролар тугашига умид қилаётган ҳам кўп.

Украина президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқ орқали Трампни табрикларкан, Трамп “куч билан тинчликка эришиш сиёсати”- “узоқ муддатли ва адолатли тинчликка эришиш учун имкониятдир”, деб ёзди.

02:29 21.1.2025

Ҳукумат самарадорлиги бошқармасини судга беришди

Қасамёд маросимидан ҳеч қанча ўтмай, Доналд Трамп, АҚШ ҳукумати фаолиятини кескин қисқартириш ва бунда эҳтимолий судловлар олдидан маслаҳат гуруҳини ташкил қилди.

Ҳукумат самарадорлиги департаменти ёки DOGE - ТЕСЛА ширкати бош директори Элон Маск томонидан бошқарилади. Бу гуруҳ федерал агентликлар ҳамда федерал иш ўринларининг тўртдан уч қисмини қисқартиришни мақсад қилган.

"Федерал ҳукуматимизнинг ваколати ва самарадорлигини тиклаш учун менинг маъмуриятим янги Ҳукумат самарадорлиги департаментини ташкил қилади", деди Трамп душанба куни инаугурация нутқида.

Шундан сўнг ҳукумат ходимлари Касаба уюшмалари, кузатув гуруҳлари ва жамоат ташкилотлари Трампнинг бу баёнотидан кейинги бир неча дақиқа ичида судга мурожаат қилди.

Улар орасида Миллий хавфсизлик маслаҳатчилари ҳам бор ва улар DOGEнинг ташкил этилиши АҚШда 1972 йилда қабул қилинган - Федерал маслаҳат қўмиталарини бошқариш тўғрисидаги қонунни бузишини айтмоқда.

Шикоятчилар орасида Вашингтондаги Америка соғлиқни сақлаш ассоциацияси, Америка ўқитувчилар федерациялари ҳам бор. Бундан ташқари, қатор жамоат ташкилотлари Трамп янги тузган департментни ноқонуний, деб судга ариза киритди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG