Регнум ахборот агентлиги тарқатган бу хабарга кўра, Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги гўшт ва сут ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларига “ҳалол” ёрлиғини ёпиштиришни тақиқлаган.
Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Бахтиёр Исроилов Озодлик билан суҳбатда гўшт ва сут маҳсулотларига “ҳалол” ёрлиғини ёпиштиришни агентлик тақиқлангани ҳақидаги хабар ёлғон эканлигини айтди:
-Ëлғон хабар. Бу ëлғон хабар. Биласизку, ҳозирги вақтда анави ҳар хил нарсани ëзиб ташлайверади. Ëлғон хабар бу. Биз тақиқлаганимиз йўқда. Мен умуман ҳайрон қолиб ўтирибманда эшитиб,-дейди Бахтиёр Исроилов.
Агентлик матбуот хизмати раҳбарига кўра, аслида маҳсулотнинг ҳалол ёки ҳалол эмаслиги ҳақида меъёрий ҳужжатларнинг ўзи йўқ ва ҳар бир маҳсулотнинг нимадан тайёрланганлиги ўша маҳсулотнинг ўзидаги этикеткага ёзилади. Бизга шу пайтгача бирорта ташкилотдан мана бу маҳсулотга бундай ёрлиқ қўймоқчимиз, унисига бундай деган мурожаатнинг ўзи бўлгани йўқ, гарчи шундай экан, биз қандай қилиб йўқ нарсани таъқиқлашимиз мумкин, деди Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги матбуот хизмати раҳбари Бахтиёр Исроилов.
Бироқ Тошкентдаги колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик корхоналардан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбарларидан бири агентлик расмийсининг бу гапларини рад этади. Унга кўра, агентлик томонидан “ҳалол” ёрлиғини ёпиштириш тақиқланган:
- Шундай қарор чиқди. Этикеткаларда ҳеч қандай “ҳалол” номи бўлмасин. Аслида биз чўчқа гўшти ва ёғини умуман ишлатмаймиз. Бу гапни чиққанига анча бўлди, куни-кеча қарорни олиб келиб кўрсатишди,- дейди Тошкентдаги колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик корхоналардан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбарларидан бири.
Ўзини Тошкентдаги “Соғбон” корхонасининг директори Шерзод деб таништирган суҳбатдошга кўра, колбаса маҳсулотларига “ҳалол” ёрлиғини ёпиштириш ўтган йили тақиқланган эди:
-Да, да, ўтган йил бир шунақа чиққан эди. "Ҳалол деган тамғани қўйиш сеники ҳалолку, бошқаники ҳаром, деган маънони билдиради" деб, шунақа қилиб чиққан эди. Бизларнинг колбасаларнинг устига ҳалол деган тамға қўйилмайди. Номи ҳалоллигини ҳамма билади холос.
Озодлик: Ўшандан кейин сизлар қўймаганмидинглар?
- Йўқ, ҳалол деган тамға қўймаймиз бизлар.
Озодлик: Олиб ташланган-а?
- Ҳа. Ўшандан кейин олиб ташладик. Лекин ҳалоллигини ҳамма билади. Колбасанинг устида ҳалол деган тамға бўлмайди.
Озодлик: Ҳозир Ўзбекистонда ҳеч қаерда бундай тамға йўқми?
-Энди билмадим. Бошқа нималарни кўрмаганман. Дўконларга кирсангиз, ҳалол деган ëзувли колбасаларни топа олмайсиз,-дейди Тошкентдаги “Соғбон” корхонасининг директори Шерзод.
Суҳбатдошга кўра, энди харидор колбаса маҳсулотида чўчқа гўшти бор-йўқлигини фақат сотувчидан сўраб билиб олиши ёки маҳсулот этикеткасидаги ёзувлардан ўқиб олиши мумкин. Шерзод фикрича, баъзи одамлар иддао қиладиган, чўчқа ёғисиз яхши колбаса бўлмайди, деган фикрларда асос йўқ:
-Йўқ, йўқ, бўлмаган гап бу. Мана мисол учун¸ Ўзбекистонда битта ҳалол цех бўлса, мен жуда ҳаммасини билмайману, битта-иккитасини биламан, умуман ҳеч қанақа чўчқа гўшти аралаштирмайди. Ҳалолми, номи билан ҳалолда. Диндор одамлар бор колбаса қиладиган. Жуда диндор. Улар энди чўчқа ишлатса бўлмайдику, чўчқа ëғи ишлатмасдан ҳам колбаса қилса бўлади,-дейди Шерзод.
Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган тошкентлик харидорга кўра, шаҳар дўконларида “ҳалол” деб сотилаëтган колбаса маҳсулотларинининг ҳалол стандартларига қанчалик мос келишини ҳеч ким текширмаслиги ва билмаслигини айтади:
-Ҳа энди бизда айтадию қўяди. Ҳаммаси ура қилиб чиқариб ётибди, “ҳалол”колбасани. Бўлмаса бир килограмм гўштнинг нархи 12-14 минг сўм бўлиб турганда, колбаса нархи 8-9 минг бўлармиди? Бу колбасаларнинг ҳалол эканлигини ишлаб чиқарувчию Худодан бошқа ҳеч ким билмайди,-дейди тошкентлик суҳбатдош.
Хўш, ҳалоллик мезони нима билан ўлчанади? Бу саволга Ўзбекистондаги собиқ масжид имомларидан бири бўлган Муҳаммадсолиҳ Обутов шундай деб жавоб берди:
-Исломда, Қуръонда Оллоҳ ҳаром қилган чўчқа, ўзи ўлган ҳайвонлар, Оллоҳдан бошқага атаб сўйилган ҳайвонлар гўштидан бошқа гўштлар мусулмон киши тарафидан сўйилса, сўювчи одам Оллоҳнинг исмини зикр қилиб сўйса, ўша гўшт ҳалол ҳисобланади. Бу ҳалол-ҳаром мезони шариат кўрсатмасида Оллоҳ исми билан Бисмиллоҳ деб сўйилган гўштларга ишлатилади, -дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.
Мана Ўзбекистонга ҳар йили чет элдан минглаб тонна товуқ гўшти импорт қилинади. Бу маҳсулотлар Америкадан ёки Европадан ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳолатда бу маҳсулотларнинг ҳалоллик мезони қандай ўлчанади, деб сўраймиз Муҳаммадсолиҳ Обутовдан:
- Қуръонда бир оят бор. “Китоб берилган кимсалар таоми сиз учун ҳалолдир”. Китоб берилганга энди яҳудийлар, христианлар киради. Инжили бор, Тавроти борда уларнинг. Уларнинг таоми ҳалол, агар улар ўзининг динидаги каби сўйган бўлса қўй, мол каби ҳайвонларни, ҳалол ҳайвонларни сўйган бўлса, бу ҳалол. Уни мусулмонлар ҳам ейиши мумкин,
-дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.
“Ҳалол” сўзи араб тилидан айнан таржима қилинганда “рухсат этилган” деган маънони беради. Малайзияда нашр этиладиган “Halal Journal” маълумотларига кўра, бугун дунёда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқатнинг 16 фоизини “ҳалол” маҳсулотлар ташкил этади. Мол ва товуқ гўштининг асосий экспортчилари Бразилия ва Аргентина ҳисобланади. Қўй гўштининг асосий экспортчиси эса Янги Зеландиядир.
Европа давлатларида ҳам “ҳалол” ёрлиғи остида савдо қилувчи дўконлар ва ресторанлар кўпайиб бормоқда. Жаҳондаги McDonald’s, Tesco ва Nestle компаниялари ҳам ўз тармоғи ҳам мусулмонлар учун бундай нуқталарни кўпайтиряпти.