Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:32

Ўш қамоқхонасидаги маҳбуслар очлик эълон қилди


25 март куни бошланган оммавий очлик акцияси орқали маҳбуслар қийноқларга қарши норозилик билдирмоқдалар.

Ўшдаги 5 - қамоқхонада икки ойдан бери ўтирган қирғиз миллатига мансуб Урмат асли ўшлик. Тергов жараёнида Урматга 2010 йилнинг июн ойида бўлган тартибсизликларда қирғизларни ўзбекларга қарши қўзғагансан, деган айиблов қўйилган.

Урмат ўзининг тухмат билан қўлга олинганини, Ўшда бўлиб ўтган қонли воқеаларга алоқадор эмаслигини айтади:

- Июн воқеалари чоғида мен Москвада эдим. У ерда Қирғизистон фуқароси бўлган 8 нафар ўзбек, 9 нафар қирғиз одамлари билан жами 18 киши бўлиб Медведевга мурожаат йўллаб, биринчилардан бўлиб ярашув акциясини ўтказганмиз. Бундан ташқари Солижон Шарипов билан бирга ўша ердаги қирғиз элчихонасига бориб, “Иттифоқ” ташкилоти тузишга ёрдам берганман. Қирғиз - ўзбек биродар бўлиб, иттифоқчиликни сақлаганмиз. Июн воқеаларида бу ерда бўлмаганман,- деди Урмат.

Унинг айтишича, у қўлга олинганидан кейин Ўш Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида аёвсиз калтакланган.

Урмат куч тизими ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида гапирар экан, ўзининг куч тизими ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига қарши очлик акциясига қўшилганини айтди:

- “Сен ўзбек ва қирғизни миллатга ажратдинг”, деб мени СНБга қамашди. Бошимга аёвсиз уришди. Шифокор кўрса бўларди, бошим шишиб кетди, кўзим бир томони кўрмай қолди. Ҳозир аста-секин ўзимга келяпман. Бу ерда 8 ўзбек йигити билан ўтирибман. Барчамиз “Мен дардимни кимга айтаман”, деб ётибмиз. Агар ҳақиқат бўлганида, икки халқ иноқлиги ўйлангани-да эди. Ҳозир ўзбекларни қамаб бўлишди, энди қирғизларга осила бошлашди, - дейди Урмат.

Айни пайтда, Қирғизистон қамоқхоналарида эълон қилинган очлик акциясида Ўш воқеаларида айбланиб қўлга олинган кўплаб ўзбеклар ҳам қатнашаяпти:

- Ўзбек бўлсайла олиб кириб, уриб пачоғимизни чиқаришди. СНБси ҳам қолмади, МРУси ҳам қолмади, УВДси ҳам қолмади. Уриб саломатчиликни ўлдириб, почкаларимизни тўкиб жуда кўп болаларни бегуноҳ қамаб юборди. Айтсак, хеч ким қулоқ солмаяпти. Ҳақиқатни излаб қаерга мурожаат қилишимизни билолмаяпмиз. Бугун зоналаларда очарчилик эълон қилинибди, ўша очарчиликка биз ҳам қўшилдик. Нима қилайлик, дардимизни кимга айтишимизни билмаяпмиз, - деди Ўш воқеаларида айбланиб, 14 йилга ҳукум қилинган Дилмурод.

Таъкидлаш жоизки, Ўш қамоқхонасида очлик эълон қилган маҳбусларнинг яқинлари ҳам қамоқхона яқинида норозилик намойиши ўтказишни режалаштирганди. Қамоқхона яқинига норозилик намойишида қатнашиш мақсадида 20дан оритиқ одам йиғилган. Уларга 2010 йилнинг июн воқеаларида айбланиб қўлга олинган ва айни пайтда Ўш қамоқхонасида сақланаётган жалолободлик маҳбусларнинг яқинлари келиб қўшилиши режалаштирилган. Бироқ жалолободликларнинг кела олмагани боис норозилик намойиши ўтказилмаган. Бу борада намойишда иштирок этиш учун келган ўшлик аёллардан бири маълум қилди:

Озодлик: Опа, исмингизни айта оласизми?

- Ҳа, Дилорам.

-Озодлик: Дилорам опа, ҳозир қаерда турибсиз?

- Мана шу ГОВДни эшигини тагида турибман, турмахона эшигини тагида.

Озодлик: Одам кўпми?

- Хозир бир ўнтача қолдик. Ҳамма кетаяпти.

-Озодлик: Нечта одам тўпланганди у ерга?

- Йигитматача одам тўпландик.

-Озодлик: Улар нима учун тўпланишди?

- Биз куёвларимиз бекордан ушалиб, қийин аҳволда қолдик. Гуноҳи бўлса ҳам майли эди. Ҳаммаси бегуноҳ болаларнинг яқинлари. Эри борлар келди, ўғли борлар келди. Бошида уларни подвалда қамаб, калтаклашди. Болаларимизни, эрларимизни оппоқ қоғозга қўл қўйдириб, уриб, мажбурлар ҳамма айбни бўйнига қўйди.

Озодлик: Олдиларга биров чиқдими?

- Хеч ким чиқмади. Турмага тўпландилар, ҳеч ким “нимага келдинглар”, демади.

Озодлик: Сизлар бирон бир раҳбар олдига киришга ҳаракат қилдингларми?

- Жалолободдан ҳам одамлар келмоқчи эди. Ўшаларни кутиб турибмиз. Ўшалар келса, ҳаммамиз йииғилиб кирамиз деб. Бироқ келишмади, - деди айни пайитда куёви Ўш воқеаларида айбланиб қўлга олинган маҳбуслардан бирининг аёли.

Қўшимча қилиб ўтамиз, 25 март куни Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги 1, 5, 8 ва 16 - қамоқхоналар ҳамда Ўш ва Жалолобод қамоқхоналаридаги маҳбуслар оммавий тарзда очлик эълон қилишди.

Қирғизистон Республикаси ҳукумати қошидаги жазони ўташ бошқармаси расмийларига кўра, очлик акциясига жами 11 та жазони ўташ маҳкамаси ва 6та тергов изоляторидаги маҳбуслар қўшилган. Бироқ уларнинг барчаси очлик эълон қилмаган.

Қирғизистон қамоқхоналаридаги маҳбуслар қамоқхона шароитининг ёмонлиги, қамоқхона учун давлат томонидан ажратилган пулларнинг мақсадга мувофиқ сарфланмаслиги каби камчиликлар мазкур акцияни ўтказишга мажбур қилганини айтишади.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги жазони ўташ бошқармаси давлат хизмати расмийларига эса, мазкур акция қирғиз ҳукумати томонидан жиноятчиликка қарши эълон қилинган курашга норозилик сифатида уюштирилганини таъкидлашади.
XS
SM
MD
LG