Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:21

Абдулло Тожибой ўғли ҳибсга олинди


Ҳуқуқ ҳимоячиси ва президентликка собиқ номзодни “Қўйлиқ” бозорида Ҳамза тумани Ички ишлар бўлими ходимлари ушлаб кетишди.


Туман ички ишлар бошқармасида туриб Озодлик билан суҳбатлашган ҳуқуқ фаолига кўра, у меҳнат мардикорларидан бўлган мурожаатларни ўрганиш учун “Қўйлиқ”даги мардикор бозорига борган ва ўша ерда мардикорларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб турган пайтида, уни ҳибсга олишган.

Абдулло Тожибой ўғли ҳуқуқ-тартибот идоралари уни халқни “бунт” (исён - таҳр.) кўтаришга ундашда айблашга уринмоқда.

- Мардикорлардан менга шикоят хатлари тушди конституцион ва инсонийлик ҳуқуқлари топталаëтганлиги тўғрисида. Айнан воқелик шундан иборат бўлганки, участковойларнинг уларга “шунча суммани уч кун ичида топиб берасан, бўлмаса бу ерда жойни бўшатиб қўй, ўзингнинг жойингга бор” деган маълумотлар. Айрим милиция ходимлари томонидан паспортини олиб қўйиб пул олиш мақсадида уларга таъмагирлик қилганлиги ҳақида менга мурожаат қилди.

Озодлик: Бирор-бир янги тартиб жорий қилишганми ўтган ҳафтада ëки бу доимий бўлиб турадиган ишми?

- Мен бу қандайдир бир қарорми, фармон асосидами Тошкент шаҳрида айнан паспорт режими жорий қилинганлиги тўғрисида ўргана бошладим. Шаҳар ҳокимияти 2003 йили қарор чиқарган паспорт режими бўйича. Яъни Ўзбекистон фуқароларининг Тошкент шаҳрига кириши, чиқиши тўғрисидаги паспорт режимларига амал қилиниши тўғрисида. Аммо ўша қарорга асосан уларнинг конституцион ҳуқуқлари топталган. Шуни жойида аниқлаб, жойида буни ўрганиш учун мен Қўйлиқдаги мардикор бозорига, биржага келдим. Бунинг остида таъмагирлик, бунинг остида иш жойидан ҳайдаб Ўзбекистонда ишсизлар сонини кўпайтириш. Ахир ўзининг юртида иш бўлмагани учун Тошкентга келиб мардикорчилик қилиб иш қидириб юрибди. Оиласини боқиб юрибди. Шу ерда мен уларнинг ҳуқуқий ва конституцион ҳуқуқларини тушунтириб турганимда, ўша биржа раҳбари хонага таклиф қилди. Хонага кирганимдан кейин ўша ердаги ходимлар керакли жойларга, органларга телефон қилишди. Менинг даннийларим, мен тўғримда маълумот йиға бошлашди. Шаҳар ички ишлар терроризмга қарши бўлим бошлиқлари ва туманлардан терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари келишди. Олдинига менга оғзаки “Сиз бу ерда халқни қандайдир бир бунтга, яъни бош кўтаришга даъват этаяпсиз” деган гаплар бўлди. Аслида булар бошқа мазмунда ўша ердагилардан қалбаки равишда тушунтириш хатлари олиб, менга қарши протоколлар тузилди. Менга ўзимнинг ҳуқуқларимни тушунтиришмади. Адвокат бериш бермаслик тўғрисида, протокол билан таништириш тўғрисида бунақа нарсалар бўлгани йўқ. Мени ҳозир тўғридан тўғри РОВДга олиб келишди. Бу ерда мен сўрасам, 201 модданинг 1-қисми билан айблаб ўша орқали менинг ишимни судга оширишаяпти.

Озодлик: Демак, ҳозир сиз РОВДдасиз?

- Ҳа. Ҳамза туманида. Мени қўйиб юборгани йўқ. Мени энди судга олиб боради, суд жараëни ўтади. Арзимаган бир йилнинг ичида менга уч-тўртта маъмурий чоралар кўрилган бўлса, ўрта маошнинг 70 фоизи ҳисобида жарима солинган бўлса, ҳозир менга 11 миллионга яқин жарима солинган. Суд қанақа қарор чиқаради мен билмайман. Ҳозир мен бир нарса дея олмайман. Буни суд ҳал қилади.

Ҳуқуқ фаоли Абдулло Тожибой ўғли билан кун давомида яна боғланишга ҳаракат қилдик, лекин бунинг иложи бўлмади. Озодлик воқеа ривожини кузатиб боради.
XS
SM
MD
LG