Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Ўзбекистонда "импортний" озиқ-овқат қимматлади


Ўзбек оилалари ойда ёки йилда бир ўзларини эркалайдиган импорт озиқ-овқат маҳсулотлари нархи янада ошди.
Ўзбек оилалари ойда ёки йилда бир ўзларини эркалайдиган импорт озиқ-овқат маҳсулотлари нархи янада ошди.

Ўзбекистонда мамлакатга кирадиган озиқ-овқат маҳсулотларига 200 фоизгача акциз солиғи жорий қилинди.


Ўзбекистон президентининг 1496-сонли қарорига мувофиқ 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон божхоналари озиқ-овқат, хусусан ун маҳсулотларининг мамлакатга келтирилишини қаттиқ назорат остига олди.

Бу қарор талабига биноан Ўзбекистон солиқ қўмитаси бозорлар,савдо тармоқлари ва мамлакатга озиқ-овқат импорт қиладиган ширкат ва шахслар устидан назоратни кучайтирди.

Дастлаб, Ўзбекистон президенти 4 март куни имзолган қарорига кўра, импорт маҳсулотларининг 2 тури - тропик мевалар ва ун маҳсулотларига акциз солиғи солиниши айтилган эди.

Энди малум бўлишича, акциз солиғига тортилган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати анчагина узун.

Podrobno.uz нашри эълон қилган рўйхатидаги баъзи маҳсулотлар ва уларга солинган акциз солиғи миқдори билан танишинг:

1. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари – 30 фоиз
2. Сут ва сут маҳсулотлари – 30 фоиз
3. Пишлоқ ва творог маҳсулотлари – 70 фоиз
4. Парранда тухуми – 70 фоиз
5. Маргарин – 20 фоиз
6. Колбаса ва шу турдаги бошқа гўшт маҳсулотлари – 50 фоиз
7. Шакарсиз сақич – 200 фоиз
8. Музқаймоқ ва бошқа музлатилган маҳсулотлар – 200 фоиз
9. Ун маҳсулотлари – 50 фоиз
ва ҳоказо, жами 15 та турдаги маҳсулот номи Podrobno.uz нашри томонидан эълон қилинди.

Акциз солиғи маҳсулот нархига нисбатан фоиз ёҳуд ўлчов бирлигига нисбатан АҚШ доллари ҳисобида солинадиган солиқ туридир.

Ҳозир нарх ошганидан сотувчи қувонадиган замонмас...

10 фоиздан 200 фоизга қадар акциз солиғи солинган импорт озиқ-овқат турларидан айримларини ташқаридан олиб келиб савдо қиладиган ва уни мамлакатда ишлаб чиқарадиган тадбиркорлардан бир нечаси билан суҳбатлашдик.

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги савдо мажмуасидаги озиқ-овқат дўконларидан бирининг ходими акциз солиғи солинган маҳсулот турларнинг деярли барчасини сотиши, аммо, буларнинг деярли ҳаммасини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан олишини айтди.

- Бизда сут маҳсулотлари бор, аммо маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот. Гўшт маҳсулотларини ҳам сотамиз, улар ҳам ўзимизнинг маҳаллийларники. Асосан, маҳаллий маҳсулотларини сотамиз, импорт товарларни деярли сотмаймиз,- дейди Юнусободдаги дўконлардан бирининг ходими.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрининг энг гавжум савдо нуқтаси бўлган Юнусободдаги аксарият озиқ-овқат дўконлари айнан маҳаллий маҳсулотларни сотади.

- Чунки, хорижий озиқ-овқатлар қиммат. Маҳаллий маҳсулотлар эса биринчидан арзон ва сифати ҳам хорижникидан деярли қолишмайди. Энг муҳими, харидорларимизнинг асосий қисми арзон озиқ-овқат маҳсулотларини харид қиладиганлардан иборат бўлгани учун биз талабга қараб иш қиламиз,- дейди суҳбатдошимиз.

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги озиқ-овқат савдоси билан шуғулланадиган хусусий фирмалардан бирининг соҳиби эса акциз солиғи солинган 15 турдаги маҳсулотдан 3 хили – ун, маргарин, сақични сотишини айтар экан, бозори чаққон бўлган уннинг нархи қанчага ошишини чамалади:

- Ҳозир ун 1600 сўм килоси. Шунда қопига қараб 50-80 минг атрофида бўлардида. Бизлар 1 апрелдан бери ҳали маҳсулот сотиб олмадик. Бизларда ҳали эски нархда турибди ҳамма нарса, дер экан бу суҳбатдошимиз акциз солиғи қозоқ унининг килоси 2 минг сўмдан ошишини тахмин қилди ва “Қанақасига яхши дейиш мумкин буни? Нарх ўз-ўзидан ошаяпти-да”, деди.

Савдогар солиқ ошиши оқибатларни ҳам тахмин қилди.

- Агар ўзимизникилар ушлаб туришса битта нархда, яхши бўлади. Акциз ошди деб улар ҳам маҳсулотини ошириб қўйиши мумкинку?! Ҳамма гап ишлаб чиқараëтган одамнинг ўзидада, дейди тадбиркор. Ички бозорда маҳсулотнинг озайганидан яна фойда кўришни истаган айрим тадбиркорлар сифатни тушириб юбориши мумкин, дея қўшимча қилди у.

Бу суҳбатдошимиз ишлаб чиқарувчи эмас, балки сотувчи ва у харидорларнинг талабига жавоб берадиган маҳсулотлар сероблигидан манфаатдор.

Айни пайтда, бугун мамлакат ичкарисида чиқаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳар ҳолда ёмон эмас, лекин харидор арзонлиги боис сифатидан қатъий назар маҳаллий маҳсулотларни харид қилишга мажбур, дея қўшимча қилди у.

Хориждан колбаса келмаса яхши, аммо фақат колбасага кун ўтмайди...

Президент қарорида манфаатлари ҳимоя қилинаётгани такидланган маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан бирига ҳам мурожаат қилдик.

Колбаса ва шу турдаги бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган Тошкентдаги 40 та хусусий корхоналардан бирининг хўжайини Озодлик билан суҳбатда ҳукуматнинг бу қароридан мамнунлиги айтиб, янги тартиб унинг маҳсулотлари бозорига ҳалақит бераётган импорт маҳсулотлари рақобатидан ҳимоя қилишига умид билдирди.

- Ҳозир бизда Канададан келтириладиган ва хот-догларда ишлатиладиган сосискалар бор. Улар қиммат, аммо негадир ҳамма хот-догчилар шу сосискани олишади. Бизда ҳам айни турдаги маҳсулот бор ва ҳатто, арзон. Агар хорижники камайса, албатта, бу бизга катта ёрдам бўлади,- дейди Тошкент шаҳридаги колбаса ишлаб чиқарадиган корхона хўжайини.

“Ташқаридан келадиган ва аҳолини "импортний" деган "сеҳрли" сўз билан ўзига жалб қиладиган колбасалар камайса, сизга рақобат йўқолиб, сифат тушиб кетмасмикин?”, деб сўрадик тадбиркордан.

- Бизда рақобат жуда кучли. Тошкент шаҳри ва вилоятининг ўзида 40 дан ортиқ колбаса ишлаб чиқарадиган цех бор. Ички рақобат ўзи етарли ва ташқисига ҳожат йўқ,- дейди президент қароридан хурсандлигини айтган тошкентлик тадбиркор.

Ҳукуматнинг бу қарори қабул қилинди, дейди у, чунки бошқа давлатлар ҳам, мисол учун, Қозоғистон ва Россия ўзининг ички ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилади.

Лекин суҳбатдошимиздан импорт қилинадиган ун ва сут маҳсулотлари қимматлашига муносабатини сўраганимизда у саволимизга савол билан жавоб берди:

– Истеъмолчи сифатида сиз бу саволга қандай жавоб берардингиз? Агар ўзимизнинг уннинг сифати ҳам худди Қозоғистон ва Россия унлари каби сифатли бўлса, хориждан келадиганига қанча солиқ солса ҳам майли эди. Аммо, бизда уннинг сифати яхши эмасда,- дейди кичик тадбиркор.

Колбаса ишлаб чиқарувчи суҳбатдошимиз фақат колбаса ёки гўшт маҳсулотлари билан кун ўтмаслигига ишора қилар экан, хориждан келадиган энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларига акциз солиғи солинганининг ижобийдан кўра кўпроқ салбий оқибатларидан хавотири борлигини яширмади.

Ҳам яхши, ҳам ёмоннинг мазаси...

Тошкент шаҳридаги хусусий савдо корхоналаридан бирида ҳисобчилик қилаётган ва узоқ вақт савдо соҳасида ишлаган яна бир суҳбатдошимиз колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган тадбикорни қувонтирган ва хавотирга солган натижа ва оқибатлар ҳақида ўз кузатувларини тилга олди.

- Майли олдин фойдасини гапирайлик. Тўғри, хориждан маҳсулот камайса, ички маҳсулот ҳажми ошади. Чунки харидор ичкисини олишга мажбур бўлади. Цехлар 10 тонна ўрнига, дейлик, 20 тонна чиқаради ва қўшимча ишчи олади.

Бундан ташқари, яна янги корхоналар очилар балки. Чунки, ҳукумат кичик тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзни кучида қолдирди, дейишди. Чунки, 3 йил олдин шундай имтиёз берилган эди. Бу йил шуни муддати тугади ва кечаги куни бизни шеф узайтириб беришяпти, дегандай бўлувди. Бу ишлаб чирқарувчига келадиган фойда.

Давлат бюджетига эса айтганингиздек, 10 фоиздан 200 фоизгача бўлган солиқ тушади. Ҳар ҳолда, бизга бюжетга тушади дейишади ва бизни ҳам шунга умид қилишдан бўлак чорамиз йўқ, деди тошкентлик ҳисобчи.

- Энди эса оқибатлари. Менимча, биринчидан, ички маҳсулотнинг сифати тушади. Чунки, маҳаллий тадбиркорлар аранг кун кўраяпти. Улар фақат харидорни ҳаққидан чегириши мумкин. Солиқчи, милиция ва ҳоказо “теримчилар” ҳаққини асло камайтириб бўлмайди, деди суҳбатдошимиз Тошкент шаҳридаги кичик тадбиркорларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идораларининг ноқонуний муносабатларига, порахўрликка ишора қилиб.

- Иккинчидан, аҳоли соғлиги, кундалик рациони учун энг зарур маҳсулотлар бизда ишлаб чиқарилмайди. Мисол, унни олинг, балиқ маҳсулотлари ёки пишлоқни олинг. Бизни унга қозоқ унини аралаштирмасангиз еб бўлмайди. Балиқ маҳсулотлари, Сирдарёдан тутиб келинган бир ҳовучгинасини айтмасангиз, деярли йўқ. Ёки пишлоқ – ўзимиздаям озроқ миқдорда чиқади, лекин мазаси унчамас, дейди тошкентлик ҳисобчи.

Шундан сўнг негадир бу ҳисобчи ҳам ўзимизга қайтариб савол берди.

- Қозоқ уни 1600 – 1750 эди. Энди 2 мингдан ошади. Сизни чўнтагингизга оғирми-оғир эмасми? Харидорга оғир. Ҳаттоки, ёғни олинг. Ҳозир бемалол ейман, деган писта ёғини олади. Пахта ёғи учун маҳалласида навбат кутмайди. Писта ёғи эса хорижники. Унинг ҳам бир шишаси 5000– 6000 бўлади. Ҳукумат акциз солиғи солмаган бўлсаям, дўконларда униям нархи ошади, мени айтди деяверинг. Ҳозир аҳоли ойликлари қай аҳволдалигини биласиз.

Учинчидан, айни пайтда бундан давлатга ҳам катта фойда бор, деб ўйламайман.

Ички маҳсулот рақобат бардош бўлиши учун ва хардорнинг талаби ишлаб чиқарувчини сергаклантириб туриши учун Ўзбекистонни маҳсулоти билан ёнма-ён хорижникиям туриши керак.

Бундан ташқари, истеъмолчининг ҳаққи инобатга олиниши керак. Нега энди ўзимизда чиққан мазаси ҳалигидай бўлган пишлоқни емасдан, Голландияда чиққан пишлоқни емоқчи бўлган 50 фоиз ортиқча пул тўлаши керак ёки уни харид қилиш имконидан маҳрум қилиниши керак? Тўғри, акциз солиғиям бўлиши керак. Ички ишлаб чиқарувчиниям ҳимоя қилиш керак. Аммо, бир сиқимгина ойлик оладиган оддий ўзбекистонлик ҳисобидан эмас.

Лекин энг муҳими, хорижий озиқ-овқат оқимини бундай қилиб бўғишдан олдин ичкарида ўша маҳсулот ўрнини босадиган, эҳтиёжга яраша маҳсулотни тайёрлаш керак.

Сут, гўшт майли. Лекин ўзбекистонликлар учун бошқа зарур озиқ-овқат ўрнини ҳам тўлдириб турган уннинг нархи 15 фоиз ошганининг ўзи аҳолини ҳолдан тойдириб қўяди ва бунинг оқибатидан ҳеч ким хурсанд бўлмайди,- дейди Тошкент шаҳридаги хусусий савдо фирмаларидан бирининг ҳисобчиси.
XS
SM
MD
LG