Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:57

Қирғизистонда ўзбекистонлик талончи қўлга олинди


Қирғизистоннинг Боткен вилоятида ўзбекистонликлардан иборат жиноий гуруҳ аъзоси қўлга олинди.

Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида яшовчи 26 ёшли Содиқжон Абдукаримов Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Олға қишлоғида ўз шериклари билан талончиликни режалаётганида маҳаллий милиция томонидан қўлга олинди.

Бу воқе ўтган ҳафта охирида содир бўлди.

Жиноий гуруҳ савдогарларни талаш билан шуғулланган

Боткен вилоят Ички ишлар бошқармасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Султан Исаевга кўра, ўзбекистонликлардан иборат талончилар асосан қирғиз-ўзбек чегарасидаги айланма йўлларда фаолият олиб боришган.

Ўзбекистонликлардан иборат жиноий гуруҳ асосан Қорасув бозоридан қайтаётган савдогарларни талаган.
Жиноий гуруҳ қирғиз милицияси томонидан узоқ муддат кузатилган ва ўтказилган махсус амалиёт натижасида мазкур гуруҳ аъзоларидан бири қўлга олинган.

- Ўзбекистон фуқароси бўлган 10-15 одам гуруҳ бўлиб олиб, тунда талончиликка чиқади. Улар дўнгликдан машиналар секин тушаётганда, машинага чиқиб, пичоқ билан кесиб юкларни олишади. Икки бола, агарда ҳайдовчи ёки бошқа биров қаршилик қилса, уни калтаклаб йўқ қилиш мақсадида пойлоқчилик қилади. Кечагина Қорасувдан телевизор, радио техника, 1-2 миллион сўмлик юк юклаб келаётган КАМАЗни тўхтатишиб, уни юки билан Ўзбекистонга олиб кириб кетишган,- деди Султан Исаев.

Айни пайтда, қирғиз милицияси томонидан талончиликда гумонланиб қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Содиқжон Абдукаримов ўзини бу ишга Донёр исимли дўсти жалб қилганини ва талончиликда биринчи маротаба қатнашганини қўшимча қилади:

- Айланма йўлларга ўғирлик учун Донёр чиққан бўлса керак, лекин мен бундай ишларга биринчи маротаба чиқдим, - деди Содиқжон Абдукаримов.

Унга кўра, улар қирғиз куч тизими ходимларига дуч келганида Донёр исимли дўсти чегара ҳудудларини яхши билгани учун Ўзбекистонга қочиб ўтишга улгирган.

Қирғиз милицияси ўзбекистонлик ҳамкасбларидан норози

Боткен вилояти милициясига кўра, сўнги пайтларда вилоятнинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида талончиликкина эмас, қора молларни ўғирлаш ҳоллари ҳам кўпаймоқда. Олиб борилган текширувлар натижасида эса ўғирланган қора моллар қўшни Ўзбекистон ҳудудига олиб кетилгани маълум бўлаяпти:

Қирғиз милицияси ўзбекистонлик ҳамкасблари уларга жиноятчиликка қарши курашда ёрдам бермаётганидан хафа.
- Сўнги ҳафтада бизда мол ўғирлиги ҳам кўпайди. Текширувлар натижасида ўғирланган моллар Ўзбекистон ҳудудига олиб кетилган бўлаяпти. Тергов жараёнида биз кўп қийинчиликларга учраяпмиз. Сабаби, бугунги кунда Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари биз билан яхши алоқада бўлмай, маълумот алмашмаяпти. Бизда ўғирланган моллар қаерда туради, мол ўғрилари қаердалиги тўғрисида аниқ маълумотлар бор, бироқ уларни Қирғизистонга қайтаришга ва тўлақонли тергов ўтказишга имкон бўлмаяпти, -деди Боткен вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жениш Разаков.

Боткен вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда қўлга олинган Содиқжон Абдукаримовнинг Ўзбекистондаги шерикларини аниқлаш ва қўлга олиш борасида тергов -қидирув ишлари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG