Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:37

Bloomberg: Толибон назоратидаги Афғонистонда бурқа бозори чаққонлашди


Бурқа кийган афғон аёллари-Кобул, 31 июль, 2021
Бурқа кийган афғон аёллари-Кобул, 31 июль, 2021

Якшанба куни Толибон Афғонистон пойтахти Кобулга кириб борар экан, университет домлалари талаба қизларни тўплаб, «биз бошқа учрашмаслигимиз мумкин», дея улар билан хайрлашган. Даҳшатга тушган талаблар билан бир қаторда уларнинг ўқитувчилари ҳам эвакуация қилинган, олийгоҳлар, мактаблар, дўконлар ва офислар ёпилган.

“Bloomberg” агентлиги мухбири Рут Поллард Кобул университетининг 22 ёшли талабаси Ойша Хуррам билан телефон орқали суҳбатлашган. Ўқишни тамомлашига атиги икки ой қолган Хуррам:

«Афтидан, энди мен ҳеч қачон ўқишни тамомлай олмайман», деган.

Хуррамнинг сўзларига кўра, пайшанба куни Толибон қўлига ўтган Ҳирот шаҳрида олийгоҳга борган қизларни қайтариб юборишган.

«Таълим тизими қуламоқда», деган Хуррам.

Бу орада Афғонистон вилоятларида бурқа дўконлари қайта очилмоқда ва Толибоннинг олдинги ҳукмронлиги рамзига айланган паранжилар қимматбаҳо буюмга айлана бошлаган.

«Мен олдинги Толибон даврини бошдан кечирмаган кўплаб аёллар “биз бу зулм либосини киймаймиз”, деяётганига гувоҳ бўлмаяпман. Афғонистондаги ёш авлод аёлларга нима бўлади, билмайман. Улар орасида компьютер кодини ёзадиганлар бор эди. Шундай ўткир эдилар. Энди улар нима бўларкан, деб уйда ўтиришибди», деган Хуррам.

Толибон Афғонистондан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетишни якунлашидан олдин мамлакатнинг аксар қисмини, олтита қўшни давлат билан чегара ўтиш жойларини ва пойтахтни қўлга олди.

Аввалроқ минглаб афғонистонлик Толибон босиб олган вилоятлардан Кобулга қочиб борган эди. Экстремистик гуруҳ ўз назоратига олган ҳудудларда одамларни қатл этаётгани, эркакларга соқол олиш, қизларга эса мактабга бориш тақиқлангани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.

Поллард бутун дунёдаги бошқа жангари гуруҳлар каби Толибон ҳам ёш йигитларни ўз сафларига қўшилишга чорлаб, босим ўтказаётганини айтди. «1990-йилларга қайтдик», деб ёзди мухбир.

Жиддий хавф ва таҳдидларга қарамай, кўплаб афғонлар ўз ўйларини изҳор қилишда давом этмоқда. Кобулдаги Афғонистон Америка университети ўқитувчиси Муска Дастагир «Twitter»да Толибон вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилган.

«Афғонлар қурбон бўлишдан чарчади. Афғонистонлик аёллар яширинмайди. Биз қўрқмаймиз», деб ёзган Дастагир Толибон музокаралар қўмитаси аъзоси Суҳайл Шохинга.

«Бутун дунёнинг эътибори Афғонистонга, Кобулга, Толибонга ва улар қилаётган ишларга қаратилган».

Толибон АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка ҳарбийлари 11 сентябргача олиб чиқиб кетилишини эълон қилганидан сўнг, жанговар ҳаракатларни кучайтирган эди. Кейинроқ Байден АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни 31 августгача тарк этишини айтган.

АҚШ ҳарбийлари 2020 йилда собиқ президент Дональд Трамп даврида Толибон билан имзолаган битимга биноан мамлакатдан олиб чиқиб кетилди.

Толибон ютуқлари туфайли хорижий кучлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгани кескин танқидга учрамоқда. Поллард ўз мақоласида ушбу муваффақиятсизлик Вашингтоннинг дипломатик обрўсига жиддий путур етказган дейди.

XS
SM
MD
LG