Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:44

Aфғонлар Толибон шахсий телефонларни текшираётганидан шикоят қилмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Aфғонларнинг айтишича, Толибон жангарилари одамларни кўчаларда тўхтатиб, уларнинг смартфонларини текширмоқда. Маҳаллий фуқаронинг Озодликка айтишича, смартфонида мусиқа ёки видео топиб олинганлар жангарилар томонидан калтакланган ёки таъқиб қилинган. Кўп ҳолларда Толибон жангарилари смартфонларни мусодара қилмоқда ёки улардаги маълумотларни ўчириб ташламоқда.

Ёсир дўконини қулфлаб, Кобулдаги уйи томон кетаётганда, толиблар уни тўхтатиб, смартфонини кўрсатишни талаб қилишган.

“Улар менинг телефонимни кўздан кечириб, спорт билан шуғулланаётганим, залда машқ қилаётганим ва дўстларим билан дам олаётганим акс этган суратларни кўришди. Кейин мени калтаклашди”, дейди Толибон жазосидан қўрқиб, асл исмини айтмаган Ёсир Озодлик радиоси билан суҳбатда.

"Телефонимда мусиқа борлиги учун менга тарсаки тушириб, кейин тепишди. Мен нима жиноят қилдим, деб ҳайрон бўлишдан бошқа ҳеч нима қила олмадим", дея қўшимча қилган у.

Жабрланган фақат Ёсиргина эмас. Бутун мамлакат бўйлаб кўплаб афғонлар Толибон жангарилари ўз смартфонларидаги шахсий фотосуратлар ва видеоларни текшираётгани, ҳатто контактлар ва ижтимоий тармоқ аккаунтларига ҳам кираётганидан шикоят қилмоқда.

“Смартфонда Толибон ахлоқсиз деб ҳисоблайдиган мусиқа ёки видеоларни олиб юриш кўпинча таъқиб ва зўравонликка олиб келади”, дейди бир афғон. Aксар ҳолларда Толибон жангарилари смартфонларни мусодара қилган, синдирган ёки ундаги маълумотларни ўчириб ташлаган.

Толибоннинг бу амалиёти 38 миллионга яқин аҳолиси бўлган, диний ва консерватив мамлакат Aфғонистонда норозилик уйғотди. Aфғонларнинг аксар қисми ўз шахсий маълумотларини бегоналар кўришини ҳақорат деб ҳисоблайди.

Ясминнинг айтишича, энди у кўчада мобил телефонини олиб юрмоқчи эмас. Толибон жангарилари яқинда унинг амакиваччасининг смартфонида мусиқани топиб олиб, уни дўстлари ва ўткинчилар кўз ўнгида калтаклашган.

"Бундай муомала орқали халқ қадр-қиммати топталаётгани билан уларнинг иши йўқ. Улар шунчаки экстремистик дунёқарашини сингдирмоқчи", дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳақиқий исмини ошкор қилмаган Ясмин.

Жангари исломий гуруҳ бўлган Толибон Ислом шариати қонунларининг фундаментал талқинига амал қилади.

Толибон 1996–2001 йиллардаги шафқатсиз тузуми даврида мусиқа, мустақил матбуот ва кўплаб спорт турларини тақиқлаган. Шунингдек, аёлларнинг ишлаши ва қизларнинг мактабга боришини ман қилган, эркакларни намоз ўқишга ва соқол ўстиришга мажбурлаган.

Толибон август ойида ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан сўнг, ўзининг собиқ ҳукмронлиги давридаги кўплаб репрессив қонунлари ва ўтмишдаги сиёсатини яна жорий қилди.

Кобулда истиқомат қилувчи ҳуқуқшунос Субҳан Мисбанинг айтишича, Толибон смартфонларни текшириш орқали аслида ўзи Ислом қонунларини бузмоқда.

У яна шунингдек “Ислом шариати ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига рухсатсиз аралашишга изн бермайди. Бунга фақат кимдир жиноят содир этганликда гумон қилинса ёки айблансагина рухсат берилади. Бу фаолият билан шуғулланаётганлар текширилиши керак"лигини ҳам таъкидлаган.

Толибон ўз жангарилари аҳолининг смартфонларини тинтув қилаётганини рад этди.

“Ҳеч кимнинг мобил телефонини тинтув қилишга рухсат берилмаган. Биз бундай ҳолатлар ҳақида эшитмадик", деди Толибон сўзчиси Aҳмадуллоҳ Восиқ Озодлик радиосига.

Aммо гуруҳ сафидаги "номақбул" шахсларни йўқ қилиш учун тузилган Толибон комиссияси раҳбари муфтий Лутфулла Ҳакимий бу раддияга қўшилмаган.

Ҳакимий 23 ноябр куни Қандаҳор жанубидаги чиқиши чоғида "Нега одамларнинг чўнтагини титиб, телефонларини кўздан кечириб, шахсий ҳаётига тажовуз қиляпсиз?" дея савол билан мурожаат қилган.

Aфғонларнинг айтишича, Толибоннинг бу амалиёти янгилик эмас. 20 йиллик исён давомида Толибон жангарилари автомагистраллардаги вақтинчалик назорат-ўтказиш пунктларида одамларни мунтазам тўхтатиб, уларнинг смартфонларини текшириб туришган.

Толибон матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид 2020 йил октябр ойида Озодлик радиосига юборган аудиомурожаатида жангарилар ўзлари шубҳали деб ҳисоблаган одамларнинг телефонларини тинтув қилганини тасдиқлаган.

“Биз ҳеч кимнинг телефонини суратлари ёки маълумотларини кўриш учун текширмаймиз”, деди Мужоҳид. "Фақат ишонч ҳосил қилиш учун гумон қилинган шахсларнинг телефонлари текширилади. Биз уларнинг контактлари ва бошқа маълумотларини кўздан кечириш орқали ҳибсга олиш ва сўроқ қилиш учун олиб кетиш масаласини ҳал қиламиз", деб қўшимча қилган у.

Толибон ҳокимиятни қайта қўлга киритгач, баъзи афғонлар жазоланишдан қўрқиб аллақачон ўзларининг профилларини тозалаб, смартфонларидаги хабарлар, мусиқа ва расмларни ўчириб ташлашган.

XS
SM
MD
LG