Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:53

$4000 дан олган агентлик иш топиб бермади, пулни ҳам қайтармади


Ориф Рустамов “International Experience хусусий бандлик агентлиги” директори Ойбарчин Кимсановадан пулини талаб қилмоқда..
Ориф Рустамов “International Experience хусусий бандлик агентлиги” директори Ойбарчин Кимсановадан пулини талаб қилмоқда..

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида «HUMAN хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шоҳнур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланган куни Озодликка бошқа бир агентлик устидан шикоят келиб тушди.

Қашқадарё вилоят, Косон туманида яшовчи Ориф Рустамов ва Шерзод Алиқулов Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган “International Experience хусусий бандлик агентлиги” уларни Чехияга ишга жўнатамиз деб, ҳар биридан 4000 АҚШ доллари пул олиб, алдаганидан шикоят қилди.

Уларнинг айтишларича, агентлик апрель ойида шартнома тузиб, уч ой муддатда Чехияга жўнатамиз деб ваъда берган, лекин орадан саккиз ой ўтса ҳам ваъда бажарилмаган. Шерзод Алиқулов тўлаган пулларини ҳам қайтариб ололмаётганини айтди.

“International Experience хусусий бандлик агентлиги” директори Ойбарчин Кимсанова Чехия элчихонасидан виза ололмагани сабабли ваъда бажарилмаганини айтар экан, виза олиш учун қилинган харажатлар ушлаб қолиниб, қолган пул эгаларига қайтарилишини билдирди.

Ориф Рустамов 2019 йилнинг апрелида Интернетда Чехияга ишга таклифни кўрганидан кейин “International Experience хусусий бандлик агентлиги”га мурожаат қилган.

42 яшар Орифнинг айтишича, шартнома имзоланаётганда уларни уч ой муддатда Чехияга ишга юборишга ваъда беришган:

Орадан саккиз ой ўтди, на Чехияга кетдик, на пулдан дарак бор?


- 26 апрель куни бориб шартнома қилдик. Қўни-қўшни, қариндошлардан қарз кўтариб, 3 май куни Шерзод Алиқулов деган жияним иккимиз бориб 4000 АҚШ долларидан тўладик. Агентликнинг Ойбарчин Кимсанова деган директори ҳаммаси зўр бўлади, уч ойда кетасизлар деб бизни ишонтирди. Лекин орадан саккиз ой ўтди, на Чехияга кетдик, на пулдан дарак бор.

Шартнома нусхаси
Шартнома нусхаси

Ориф Рустамов бир неча бор Қашқадарёдан Тошкентга қатнаганини айтар экан, унга ўхшаган алданганларни агентлик офисида кўп учратганини айтди:

Қаттиқ гапириб талаб қилган эдик, йўқолинглар исқиртлар, деди.


- Бизга ўхшаганлар жуда кўп экан, ҳар куни уларнинг офисида жанжал, одамлар пулимизни қайтариб беринг деб тўполон қилишяпти. Мен икки марта шунақа жанжалнинг гувоҳи бўлдим. Cўнгги марта 2 декабрь куни амакимнинг ўғиллари билан бирга борган эдик. Борсак яна ўша гап, оласизлар, дейди. Биз пулимизни қайтариб беринг десак, яна ўша эски ваъдалар. Қаттиқ гапириб талаб қилган эдик, боринглар йўқолинглар исқиртлар, деди. Кейин жанжал бўлиб кетди. Милиция чақирди. Биз милицияга ҳам бор гапни айтдик.

“International Experience хусусий бандлик агентлиги” пул олганлик тилхати
“International Experience хусусий бандлик агентлиги” пул олганлик тилхати

Ориф Рустамовнинг айтишича, 2 декабрь куни уларнинг пулимизни қайтариб беринг деб ёзган аризасига, “уч кунда аризангиз юзасидан расмий жавоб йўлланади” деб директор ёзиб берган. Аммо орадан 15 кун ўтган бўлса-да уларга ҳеч қандай жавоб берилмаган.

“International Experience хусусий бандлик агентлиги” директори Ойбарчин Кимсанова ҳақиқатан ҳам бу йигитлар 4000 АҚШ доллари миқдорида тўлов қилгани, тўрт ой орасида Чехияга кетишларига оғзаки ваъда берилганини Озодликка тан олди.

Директорнинг айтишича, Чехиянинг Тошкентдаги элчихонасидан виза ололмагани сабаб, шундай ҳолат юзага келган:

Иш берувчи мени ярмига куйдирса, мен ҳам пул берганларни ярмига куйдиришим мумкин.


“Ўз вақтида Чехияга жўнатилмаганининг сабаби, иш берувчидан ҳамма ҳужжатларни олиб тайёрлаганмиз. Фақат Чехия элчихонасидан визага топшириш учун навбат олишнинг имкони бўлмаяпти. Рост, пулини олганмиз. Олмадик деганимиз йўқ. Аризасига икки марта почта орқали жавоб қайтардик. Йил охирида иш берувчи билан ҳисоб-китобимизни қилгандан сўнг, пулини қайтариб берамиз. Лекин, тўлиқ қайтаришга мен ваъда бермайман. Сабаби, мен харажат қилганман. Агар иш берувчи менга мана бунчага куясан, чунки мен томондан қилинган ҳужжатни ҳаммасини берганман, сени ўзингни айбинг билан деб, мени куйдирадиган бўлса, мен ҳам унинг пулини қанчадир миқдорига куйдиришим мумкин. Мисол иш берувчи мени ярмига куйдирса, мен ҳам пул берганларни ярмига куйдиришим мумкин. Олдиндан ҳеч нарса айтолмайман, балки бир сўмга куйдирмай қайтариб берармиз”.

Икки томон ўртасида тузилган шартномада ёзилишича, низолар, агар икки томон ўзаро келишолмаса, суд орқали ҳал қилинади.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари хорижга ишлагани бормоқчи бўлган одамларни алдаш ҳолатлар сўнгги пайтда кўп учрамоқда.

Навоий шаҳридаги Навоий хусусий бандлик агентлиги 211 нафар одамни 633 миллион сўмга алдади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 25 ноябрь куни хабар берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган эди.

Бундан ташқари Тошкент шаҳрида жойлашган Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг уч раҳбари ҳибсга олингани айтилган.

Озодликка мурожаат қилганларнинг даъвосига кўра, Korean&Migrations уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан ҳар бир кишидан 32 миллион 400 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаган.

Олдинроқ эса, 70 га яқин ўзбекистонлик Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўнатиш учун тўловларни олгани, аммо жўнатмаганидан Озодликка шикоят қилганди.

XS
SM
MD
LG