Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Аксилкоррупция агентлиги: Тошкент ҳокими бевосита тадбиркорлик билан шуғулланмайди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Шавкат Мирзиёевнинг "очиқликка доир президент фармони талабларини бажармаётган" давлат органлари ва ташкилотлари борасида Озодлик саволларига жавоб йўллади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг 19 март куни Сенатнинг 24-ялпи мажлисидаги ҳисоботида айтишича, “кўплаб давлат органлари ва ташкилотлари очиқликка доир президент фармони талабларини бажармаяпти”.

Агентлик директори ҳисоботида айтилишича, 135 та давлат органи ва ташкилотидан 80 таси маълумотларни белгиланган ресурсларга жойлаштирмаган. 88 та давлат органи ва ташкилоти хизмат сафари ва хорижий меҳмонларни кутиб олишга кетган харажатларни вақтида очиқламаган.

Қуйида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Дурдона Мунаварованинг Озодлик саволларига йўллаган ёзма жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Озодлик: 135 та давлат органи ёки ташкилоти давлат харидлари ва ҳоказо харажатларни қайси ресурсларга жойлаштириши керак?

Дурдона Мунаварова: 2021 йил 16 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон Фармони қабул қилинди. Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлиги таъминлашга хизмат қилувчи қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини янада ошириш бўйича “Йўл харита”си ва белгиланган муддатларда мажбурий эълон қилиб бориш лозим бўлган 33 турдаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди.

Жорий этилган янги тартибга кўра, масъуллар Фармон талабларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятларига тааллуқли маълумотларни Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz) ҳамда ўз расмий веб-саҳифаларида ташкил этилган “Очиқ маълумотлар” саҳифаларида жойлаштириб бормоқда.

Ўз навбатида, Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш вазифаси юклатилди.

Озодлик: Акмал Бурҳонов ҳисоботида data.egov.uz портали тилга олинди. Портал жамоатчилик учун очиқ, аммо ичида қарийб маълумот йўқ, нега? Бу порталга маълумот юклаш давлат органлари ва ташкилотлари учун мажбуриятми ёки тавсия?

Дурдона Мунаварова: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 апрелдаги ПҚ-4273-сон Қарорига мувофиқ, Очиқ маълумотлар порталида (data.egov.uz) давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотларнинг Порталда ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш Давлат статистика қўмитасига юклатилган ва ушбу мақсадни амалга ошириш учун Қўмитада алоҳида бошқарма ташкил этилган.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармонида белгиланган ижтимоий аҳамиятга молик бўлган 33 турдаги маълумотларни Очиқ маълумотлар портали ҳамда ўз расмий веб-саҳифаларида жойлаштириш давлат органлари ва ташкилотлари учун мажбурий бўлиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларнинг ўз вақтида тегишли ресурсларда жойлаб борилишини мониторинг қилиб келмоқда.

Ҳозирги кунда Порталда 150 дан зиёд вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат бошқаруви органлари томонидан шахсий саҳифалар очилган ва маълумотларни жойлаштириб бормоқда.

Озодлик: Амалдорлар 2021 йилдан даромад ва мулклари ҳақида мажбурий декларация тўлдиради, дейилган эди. Тўлдириляптими ва бу декларациялар жамоатчилик учун очиқми?

Дурдона Мунаварова: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармонининг 4-бандига асосан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида божхона ва солиқ тизими фаолияти бўйича ўтказилган йиғилишларда берилган топшириқларга мувофиқ, бугунги кунда мазкур тизимларни коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича Қарор ва Фармон лойиҳаси тайёрланди.

Мазкур ҳужжатлар лойиҳасида дастлаб ушбу тизимлар ходимлари учун 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб декларация топшириш мажбурияти белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Агентлик томонидан ишлаб чиқилган «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар тўғрисидаги нормалар кўзда тутилган.

Мазкур қонун қабул қилиниши билан барча давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадлари мажбурий декларация қилинади ва жамоатчиликка очиқ эълон қилиб борилади.

Озодлик: 2020 йилда давлат ташкилотларидаги хизмат машиналари хатловдан ўтказилади, дейилганди. Шу кунда вилоят ва туман, шаҳар ҳокимларига берилган нечта хизмат машинаси ҳамда уйи бор? Умумий суммаси қанча?

Дурдона Мунаварова: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, ушбу корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар тасарруфидаги енгил автомобиллар, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар портали ва расмий веб-сайтда ҳар чоракда эълон қилиб борилиши белгиланган.

Ҳозирда ушбу маълумот (https://data.egov.uz/data/61f122c4a6060ddf7ed388da) Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йилнинг январь ойи ҳолатига жойлаштирилган бўлиб, 2022 йилнинг биринчи чораги учун янгиланган маълумотлар апрель ойида жойлаштирилиши лозим.


Бундан ташқари, барча давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни (тезкор-қидирув, ҳарбий ва бошқа махсус хизматларда фойдаланиладиган ашёлар бундан мустасно) Очиқ маълумотлар портали ва ўзининг расмий веб-сайтида ҳар чоракда жойлаштириб бормоқда. Бу ҳақдаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиб, вазирлик ва идоралар ёки маҳаллий давлат бошқаруви органлари кесимида алоҳида танишиш мумкин.

Озодлик: Давлат амалдорларига бизнес юритиш тақиқланмаган. Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокими, Қурилиш вазирининг ўзи ва оиласига алоқадор бизнес тузилмалари баҳсларга сабаб бўлди. Бу манфаатлар тўқнашуви эмасми?

Дурдона Мунаварова: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги 103-сон қарорига мувофиқ қуйидаги мансабдор шахсларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган:

1) давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига;

2) давлат банклари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига, хизмат юзасидан пул белгиларига ва пул (банк) ҳужжатларига бевосита алоқаси бўлган мансабдор шахсларга;

3) давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари раҳбарларига ва уларнинг банк ҳужжатларига имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ўринбосарларига;

4) давлат таъминот ва савдо-сотиқ корхоналари ва ташкилотларининг раҳбар ходимларига;

5) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ёки бундай фаолиятни назорат қилиш вазифасига кирувчи давлат органларининг раҳбар ходимлари ва мутахассисларига;

6) чакана, улгуржи-чакана савдо, умумий овқатланиш давлат бирлашмалари ва корхоналарининг, савдо ташкилотларининг, трестларининг раҳбарларига ва уларнинг ўринбосарларига, бош мутахассисларига, структуравий бўлинмаларининг бошлиқларига, моддий жавобгар шахсларига.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” 2016-йил 2-мартдаги 62-сон қарорига илова: “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” 15, 16-бандига кўра:

- Давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

- Давлат хизматчилари ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.

- Давлат хизматчиси ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.

- Давлат хизматчилари ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

- Давлат хизматчиси лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 3,4-моддаларига кўра:

Тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари (тадбиркорлик субъектлари) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

Юқорида баён қилинган қонун ҳужжатлари мазмунига кўра, инвестиция фаолияти, жумладан хўжалик ширкати ва жамиятларининг акциялари, улушларига эгалик қилиш фаолияти тадбиркорлик фаолияти саналмайди.

Агентлик томонидан ўрганиш давомида Қурилиш вазири Б.Закиров ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев бевосита тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслиги ва тадбиркорлик тузилмаларининг ижроия органларига раҳбарлик қилмасликлари аниқланди.

Муқаддам Агентлик томонидан ўрганиш давомида қурилиш соҳасидаги айрим давлат буюртмалари Қурилиш вазири Б.Закировнинг яқин қариндошларига тегишли тадбиркорлик тузилмалари томонидан қўлга киритилганлиги ва манфаатлар тўқнашуви юзага келганлиги аниқланган. Бироқ мазкур ҳолатлар содир этилган вақтда қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.

Ҳозирда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик юзасидан қонун ҳужжатларида жиноий жавобгарликни белгилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳалар тез кунларда жамоатчиликка эълон қилинади.

Кристиан Ласслет: Тошкент ҳокими Ўзбекистонда эксклюзив имтиëз билан ишлаëтган 67 та ширкатга алоқадор!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Озодлик: 2022 йил 1 январга қадар "Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим эди. Лойиҳа тақдири нима бўлди?

Дурдона Мунаварова: Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали ўзининг таклиф, тавсия ва эътирозларини юборган (келишган). Ушбу тизим орқали бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳам қонун лойиҳаси билан келишган Шундан сўнг, лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳамда жамоатчилик муҳокамаси якунланган. Шундан сўнг, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Ҳозирда қонун лойиҳаси қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига киритиш босқичида.

Озодлик: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши нега тарқалиб кетди?

Дурдона Мунаварова: Жорий йилнинг 24 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда бир қатор масалалар билан биргаликда Кенгаш Агентлик раҳбариятига мурожаат қилиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашини тарқатиб юбориш тўғрисидаги масала кўпчилик овоз билан маъқулланди.

Кенгаш томонидан бунга сабаб сифатида Кенгаш олдига қўйилган мақсадларни ва ўз иш режасида белгиланган бандларни ижросини таъминламагани, кўп аъзолар ўз фаолиятидан қониқмаганлиги, аъзолар ўртасида ҳамжиҳатлик кузатилмагани каби ва бошқа турли сабаблар кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур қарор Агентлик томонидан батафсил ўрганиб чиқилмоқда ва шундан сўнг якуний қарор қабул қилинади.

Озодлик: Давлат органи ёки ташкилоти мулозимининг коррупцияга йўл қўйгани аниқланса, агентлик бундай ҳолатда қандай йўл тутади? Агентликда бундай амалдор жазоланишини таъминлаш ваколати борми?

Дурдона Мунаварова: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сон Фармони 4-бандига кўра, Агентлик ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўриш, жумладан жиноят ишларини қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 112-моддаси мазмунига кўра, одил судлов фаолияти фақат судлар томонидан амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG