Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:48

АҚШ ва Британия Алишер Усмонов ширкатларига, жумладан, “Оҳангаронцемент”га санкциялар жорий этди


Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги сабаб уруш бошланганидан бери бир неча бор ҳалқаро санкцияларга тушди.
Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги сабаб уруш бошланганидан бери бир неча бор ҳалқаро санкцияларга тушди.

АҚШ ва Британия Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва унга алоқадор ширкатларга санкциялар жорий этди. Ўзбекистондаги “Оҳангаронцемент”ни 98,6 фоиз улушини 2022 йил бошида USM холдинги томонидан таъсис этилган Akkermann Cement CA сотиб олган эди. АҚШ ва Британия жорий этган чекловлар “Оҳангаронцемент”га ҳам тегишли бўлади.

Вашингтон Алишер Усмоновнинг USM холдингига тегишли Akkermann Cement CA компаниясига қарши санкциялар жорий қилгани тўғрисидаги маълумот АҚШ Молия вазирлиги сайтида, Британия USM, Curzon Square ва Hanley ширкатларига жорий этган санкциялари тўғрисида эса Қироллик ҳукумати сайтида эълон қилинди.

АҚШ санкциялари ва "Оҳангаронцемент”

“Усмонов офшорлардаги кенг қамровли ширкатларга эгалик қилади, у оила аъзолари орқали санкцияларни четлаб ўтишга потенциал тарзда имконият яратувчи молиявий операцияларни амалга ошириши мумкин”, дейилади АҚШ Молия вазирлиги билдирувида.

АҚШ Молия вазирлигининг хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси янги санкциялар рўйхатига киритилган корхоналар, жумладан, Akkermann Cement CA билан барча операцияларни 11 июлгача тўхтатишга лицензия берди.

Бундан ташқари Алишер Усмоновга қарашли “Металлоинвест”, USM Telecom ва “Мегафон” ширкатлари ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси санкциялар рўйхатига киритилган жисмоний ва юридик шахслар билан миллий хавфсизлик, ташқи сиёсат ва санкциялар сиёсати доирасида ҳар қандай ҳамкорликни тақиқлайди, рўйхатга киритилганларнинг активлари музлатилади.

Олтмиш йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган “Оҳангаронцемент” Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан иккинчи цемент заводи бўлиб ҳисобланиб, бу ерда республикадаги цементнинг қарийб 20 фоизи ишлаб чиқарилган. 2020 йилдан корхона Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади.

1994 йили “Оҳангаронцемент” хусусийлаштириб, акциядорлик жамиятига айлантирилган. Заводга анча йиллар Zeromax ширкати эгалик қилиб, 2006 йилда акцияларнинг 75,5 фоизини “Евроцемент”га сотган. Кейинчалик “Евроцемент” акциялари миқдорини 84, 19 фоизга етказган.

Россиялик бизнесменларга тегишли бўлган “Евроцемент” қарзларини тўлай олмай қолгани ортидан тўлалигича Россия ҳукуматига қарашли Сбербанк қўлига ўтган.

2021 йилда “Оҳангаронцемент”нинг 84,197 фоиз улушини 557,6 млрд сўмга сотиб олган Кипрдаги Lamanka Enterprises ширкати заводни 2022 йилнинг январида Алишер Усмоновнинг USM холдинги таъсис этган Akkermann Cement CA ширкатига 1,88 трлн сўмга сотгани маълум қилинган эди.

Британия санкциялари эса USM, Curzon Square ва Hanley ширкатларига тегишли

Қироллик ҳукумати сайтида эълон қилинган шарҳда таъкидланишича, мазкур ширкатлар Усмоновга тегишли ёки у томонидан назорат қилинади ва “Россия ҳукуматидан фойда олишга ёки уни қўллаб-қувватлашга алоқадор”, шунингдек, Россия ҳукумати учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қазиб олиш ва рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритади.

“Биз Россия элитаси ва уларнинг уруш учун ажратилган пулларини яширишга кўмаклашаётганлар учун молиявий тармоқни ёпмоқдамиз. Биз уларни ўзлари яхши яширдик деб ўйлаган активлардан мосуво қилишда давом этамиз”, дейилади Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли баёнотида.

Британия Алишер Усмонов ва Роман Абрамовичларни дастаклаётганликда гумонланган Кипр фуқаролари Деметрис Иоаннидес ва Христодулос Василиадисларга нисбатан ҳам санкциялар жорий этган. Британия ташқи ишлар вазирлиги уларни офшор тармоғини ва трастларни ташкил этишга кўмаклашган “профессионал ёрдамчилар” деб атаган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида таъкидланишича, Алишер Усмоновнинг Лондондаги 90 миллион фунт стерлингга баҳоланган Beechwood House саройи ҳам санкциялар доирасида ҳибс қилинади. USM, Curzon Square ва Hanley активлари музлатилади.

USM санкцияларни ноқонуний деб ҳисобламоқда

USM расмийлари РБК телеканалига берган маълумотида, холдингга жорий этилган санкциялардан норози эканликларини билдирдилар ва санкциялар адолатсиз эканини қайд этдилар.

“Алишер Усмонов кўпдан бери тадбиркорлик билан шуғулланмайди ва холдингда 50 фоиздан кам улушга эга ҳамда унинг бошқарувида иштирок этмайди. Биз бу санкцияларни ноқонуний деб биламиз ва эътироз билдирамиз, дейилади холдинг билдирувида.

Усмоновнинг бойлиги йил бошидан бери 1 миллиард долларга кўпайган

Bloomberg агентлигининг февральнинг бошларида Миллиардерлар индекси маълумотига кўра, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг бойлиги жорий йил бошидан буён 1 миллиард доллардан кўпроққа ошиб, 19,5 миллиард долларга етган.

Россия президенти Владимир Путинга яқин кўрилган Усмонов, мазкур рейтингга кўра, айни пайтда дунёдаги 500 нафар энг бой одамлар рўйхатида 81-ўринни эгаллаб турибди.

Россия қўшинлари ўтган йилнинг февраль ойи охирида Украинага бостириб киргани ортидан Алишер Усмонов АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкция рўйхатига киритилган эди.

Financial Times нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ЕИдан россиялик миллиардер Усмоновдан санкцияларни олиб ташлашни сўраган.

Forbes журнали 2023 йилнинг январида Алишер Усмонов Россия ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар уюшмаси раёсати бюросига пенсия чиқаётгани ва актив фаолиятдан чекинаётганини билдириб, ўзини бюрога аъзоликдан озод қилиш ҳақида ариза ёзгани ҳақида хабар қилган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG