АҚШ Давлат департаменти грин-карта лотереясида иштирок этиш учун аризалар қабул қилиш бошланганини эълон қилганига икки ҳафтадан ошди, аммо ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланувчи Душанбедаги савдо шохобчалари ҳамон гавжум.
Ишсизлик ёки маош камлигидан қийналиб кетган юзлаб тожикистонликлар “имкониятлар мамлакати”га бориш учун омадини синаб кўришни хоҳлайди.
Умидворлар ва ноумидлар
Озодликнинг тожик хизмати мухбири грин-карта олиш учун ҳужжатларни тайёрлаб берувчи марказлардан бирида бўлиб, Америкага кетишга талабгорлар билан гаплашди.
Эраж Қаюмов исмли душанбелик ёш йигит иккинчи марта грин-карта ўйнамоқчи.
“Ҳужжатларни топширдим, ҳозир ариза тўлдиришяпти. Ўтган йили омадим чопмаганди, бу йил насиб этади, деб умид қиляпман”, дейди у.
Озодликнинг бошқа аксар суҳбатдошлари ҳам ўтган йилларда лотереяда юта олишмаган бўлса-да, умидлари сўнмаганини айтишади. Аммо улар орасида лотереядан ҳафсаласи пир бўлганлар ҳам бор. Душанбе турғуни Умар Таваккалов кетма-кет уч йил ариза бериб, ўта олмаганидан нолийди.
“Қизиқишим сўнди. Тўғри, айримлар ютяпти, лекин улар қандай ўтганини, умуман, танлов тизими қанақалигини сира тушуна олмадим”, дейди у.
Лотереяда қатнашишни хоҳловчилардан айримлари Америка визасини олишда жуда қийналишганини, грин-карта эса “имкониятлар мамлакати”га бориш учун жуда қулай восита эканини айтишади.
Грин-карта учун ҳужжатларни тўлдириб бериш билан шуғулланувчи хусусий марказ ходимаси Мавлуда Рустамовага кўра, ариза беришни истовчилар сони ўтган йилларга нисбатан ошган.
“Ўтган йиллар билан таққослаганда, одамлар кўпроқ нарсадан хабардор ёки чет мамлакатларга кетишга қизиқиш кучайган бўлиши мумкин”, мулоҳаза қилади у.
Пандемия қийинчилик туғдирди, аммо йўллар тақа-тақ берк эмас
Грин-картага аризани ҳар ким мустақил ва ортиқча харажатсиз тўлдириши мумкин. Аммо кўпчилик инглиз тилини ва анкета тўлдириш қоидаларини билмагани сабабли шунақа хизматлар кўрсатувчи марказларга мурожаат қилади. Талабгорлар кўплиги учун марказларда иш “қайнамоқда”. Анкета тўлдириб бериш баҳоси эса бир киши учун 50 сомонийни, бир оила учун эса 100 сомонийни ташкил қилади.
Икки ҳафта олдин АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси грин-карта лотереясида иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш бошланганини эълон қиларкан, аризаларни топшириш муддати 9 ноябргача эканини билдирди. Бироқ элчихона лотерея ғолиблари пандемия шароитида АҚШга қандай қилиб кириши юзасидан аниқ бир тушунтириш берган эмас.
Вазиятдан яхши хабардор айрим кишиларга кўра, пандемия сафар учун виза расмийлаштириш билан боғлиқ мушкулотларни яратган, аммо барча йўллар тақа-тақ берк эмас. АҚШда истиқомат қилувчи тожик блогери Парвиз Ниёзов грин-карта дастури билан боғлиқ ўзгаришларни мунтазам кузатиб, ҳужжатларни расмийлаштиришдаги янгиликлардан юртдошларини воқиф қилиб туради.
“Табиийки, пандемиянинг грин-карта ғолибларига зарари тегди. Ўтган йили ютганлар ўз почталарини тез-тез текшириб туришлари керак. Элчихона исталган вақтда хат жўнатиши мумкин. Ҳозирда суд қарорини кутаётган “жабрдийдалар” жуда кўп”, дейди у Озодлик билан суҳбатда.
Кекса талабгорлар сони ортган
Тожикистонлик грин-карта талабгорларининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Аммо, грин-карта ҳужжатларини расмийлаштириш марказида анчадан бери ишлаётган Фарруҳ Ализоданинг Озодликка айтишича, ҳозирда лотереяда қатнашиш учун ариза бераётган кекса ёшлилар сони ортган.
“Илгари бу ёпиқ лотерея деб ўйлашарди. Лекин ҳозир бунақа эмаслигини кўришяпти, дастур очиқ, шаффоф, шу боис кекса ёшлилар орасида унга ишонч ортиб бормоқда ва, шунга яраша, катта ёшли талабгорлар ҳам кўпайди”, дейди у.
Ўтган йилларда ОАВ хабарларида Тожикистондан ҳар йили 700 га яқин киши грин-карта лотереясида ғолиб чиқиши айтиларди. Бироқ яқинда Кентукки Консуллик маркази АҚШда яшашга ва ишлашга рухсатнома берилган тожикистонликлар сони 2332 кишини ташкил этишини маълум қилди.
Экспертлар фикрича, муносиб иш ўринлари йўқлиги ва паст ижтимоий таъминот Тожикистон фуқароларини грин-карта сингари дастурлардан фойдаланишга ундамоқда. Айни чоғда, аллақачон Америкага кўчиб борганлар ҳам ушбу мамлакатда ҳаёт унчалик осон эмаслигини айтадилар.