Amnesty International ташкилоти Ўзбекистонда ҳибсда қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳаёти хавф остида эканини таъкидлаб, жамоатчиликни унинг ҳимояси учун акцияга чақирди. Ташкилот баёнотида Ўзбекистон "сўз эркинлиги ва тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи ўта кескин чекланган мамлакат" дея таърифланган.
2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодекси 159-моддасининг 4-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбланмоқда.
Amnesty International ташкилоти 7 октябр кунги баёнотида: "Ўшандан буён у қийноқлар бўйича энг даҳшатли саналган тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Унинг аёвсиз қийноқларга ва бошқа таҳқирловчи муомалага дучор бўлиш хавфи жуда юқори", деб қайд этди.
Ташкилот хулосасига кўра, "Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи ўта кескин чекланган".
Баёнотда ташкилотнинг тадқиқотлари натижасида Ўзбекистондаги тергов ҳибсхоналари, жазони ўташ муассасаларида қийноқлар қўлланиши аниқлангани айтилади ва шу асосда мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев ҳимояси учун фаоллар акцияга чораланади.
Ташкилот акцияга қўшилишни истовчилардан "фақат журналистлик фаолияти ва ҳукуматни танқид қилгани учун ушлаб турилган журналист"нинг озодлигини сўраб, бир неча тилда мурожаатнома ёзиш ва уни 2017 йилнинг 17 ноябрига қадар Ўзбекистон МХХ раиси, Бош прокурори, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбарига жўнатишга чақирмоқда.
Айни пайтда ҳибсда қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев, дастлабки тергов хулосасига асосланган ҳолда, 1 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан 10 кун МХХ ҳибсхонасида сақлашга ҳукм қилинди. Бу муддат ичида унга қарши жиноий иш очиш ҳақида қарор чиқарилган.
Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка тақдим этган суд қарорида ëзилишича, "Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган".
Дастлабки тергов материалларида қайд этилишича¸ Ўзбекистон давлат раҳбарлари хавфсизлигига масъул бўлган шахслар - "Равшанбек Салаев ва Шавкатжон Оллоëровлар Абдуллаевнинг асосий манбалари бўлган" ва улар ёрдамида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий аҳволини ўрганган ҳолда Муҳаммад Солиҳ кўрсатмаси билан Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришни кўзда тутувчи “Жатва”, яъни “Ўрим” деб номланган дастурни ишлаб чиққан.
Маҳкама қарорида келтирилган дастлабки тергов давомида тўпланган материаллар¸ расмий ҳужжатда ëзилишича¸ "Жатва" иштирокчилари кенг оммани жалб этган ҳолда Ўзбекистоннинг тўртта йирик шаҳри - Тошкент, Фарғона, Навоий ва Урганчда қўзғолон уюштиришни режалаган.
3 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилган эди.