Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

АҚШ беш россияликни инсайдерлик тижоратида айблади. Улардан Путин маъмурияти фойдаланган


АҚШга Швейцариядан экстрадиция қилинган россиялик тадбиркор Владислав Клюшин ва яна тўрт россияликка инсайдерлик савдосига доир иш бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги маълум қилган.

Клюшин билан бирга, Иван Ермаков, Николай Румянцев, Михаил Ирзак ва Игорь Сладковлар ҳам айбланмоқда. Хусусан, Ермаковни Молия вазирлиги “ГРУнинг собиқ зобити” деб атаган, 2018 йилда у 2016 йилда ўтказилган президент сайловига аралашишга уринганликда айбланган эди. Ўша йили АҚШ Ермаковни ВАДА (Жаҳон аксилдопинг агентлиги) компьютерларига киберҳужумлар уюштиришда гумон қилиб, унга нисбатан санкциялар жорий этган.

АҚШ Адлия вазирлиги Клюшин ва тўрт россиялик АҚШ компьютерлар тармоғидан ўғирланган яширин маълумотлар савдоси бўйича глобал схемада иштирок этганликда айбланаётганини билдирди. Бу тижорат, вазирликка кўра, “ўнлаб миллион доллар ноқонуний даромад келтирган”.

Тахмин қилинишича, Клюшин “М13” ширкати соҳиби бўлган вақтларида шериклари билан бирга компьютерларнинг заиф жойларини қидириб топадиган дастурларни синовдан ўтказган. “М13” ишлаб чиққан дастурлардан Россия президенти маъмурияти ва ҳукумати ҳам фойдалангани айтилмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги айбланувчилар бир қанча ширкатларнинг даромадларига доир махфий маълумотларни қўлга киритиб, бундан 2018 йил январдан 2020 йил сентябрга қадар бўлган даврда уларнинг қимматли қоғозларини олиб-сотишда фойдаланган, деб ҳисоблайди.

Россияликлар ушбу ширкатларнинг компьютер тармоқларига рухсатсиз кириб, махсус ҳакерлик дастурлари ёрдамида ходимларнинг логин ва паролларини ўғирлаган.

Улар молиявий ҳисоботларни олдиндан билган ҳолда, ижобий натижага эга ширкатларнинг акцияларини харид қилишган ва нархи тушиб кетадиган акцияларни сотишган, дея таъкидламоқда АҚШ Молия вазирлиги. Фойда Кипр, Дания, Португалия, Россия ва АҚШ банкларидаги ҳисобварақларга тақсимланган.

Иш фигурантларидан Клюшиндан бошқа барча озодликда қолмоқда.

Аввалроқ Швейцария Клюшинни АҚШга экстрадиция қилган эди. Унинг адвокати тадбиркор Россия ҳукуматига ишлагани ва махфий маълумотларни олишга рухсатномаси борлиги сабабли таъқиб этилаётганини иддао қилган.

Россия 19 декабрь куни Швейцариянинг Клюшинни АҚШга топшириш қароридан чуқур таассуфда эканлигини билдирди. “Биз Вашингтон томонидан учинчи мамлакатларда россияликларга қарши “ов” олиб борилаётганига яна бир карра гувоҳ бўлдик”, деди Россиянинг Швейцариядаги элчихонаси матбуот котиби Владимир Хохлов.

Владислав Клюшин 2021 йил мартда Вале кантонида қўлга олинган, апрелда эса АҚШ консуллиги уни экстрадиция қилишни сўраган. Унинг адвокатлари қамоққа олиш қарорини ва экстрадицияни бекор қилишни рад этишни сўраб, судга ариза берганлар. Иккала ариза ҳам қаноатлантирилмаган.

2018 йилда “Проект” нашри Клюшинни “Telegram”даги “Незигар” номли машҳур сиёсий аноним каналнинг муҳтамал муаллифи деб атаган. Нашрнинг президент маъмуриятига яқин манбаси Клюшин ўз “Telegram” каналида хабарларни пул эвазига эълон қилгани, каналнинг ўзи эса президент маъмурияти бошлиғининг ўринбосари, Путиннинг собиқ матбуот котиби ва Россия ТВнинг Кремлдаги куратори – Алексей Громов билан узвий боғлиқлиги ҳақида сўзлаб берган.

Владислав Клюшин мазкур мақолада у ишончсиз ҳамкор ўлароқ талқин қилинганини иддао қилиб, суд орқали “Проект”ни раддия беришга мажбур этган. Озодликнинг рус хизмати манбалари эса ўшандан бери “Незигар” “Telegram” каналида раҳбар алмашганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG