Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:13

АҚШ давлат департаменти Россияни Озодлик фаолиятини тўхтатиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди


АҚШ Давлат департаменти Россияда матбуот эркинлигига бўлган таҳдид тобора кучайиб бораётганини билдирди. Кейинги йилларда Россия ҳукумати Озодлик ва бошқа оммавий ахборот воситаларини “хорижий агентлар” рўйхатига киритиб, уларни жаримага тортиб келмоқда.

Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс 29 апрель куни бўлиб ўтган пресс-брифингда сўзга чиқиб, Россия ҳукуматининг “ташқи қарашларга тоқатсизлиги” ошиб бораётганини айтди.

“Роскомнадзор” Озодлик радиосининг Россиядаги лойиҳаларига нисбатан жорий йилнинг 12 январидан 15 январигача 390 та баённома тузиб, уларга жами 80 миллион рублдан ортиқ миқдорда жарима солди.

Жорий ойда эса Латвияда жойлашган “Meduza” нашри ҳам “хорижий агент” деб белгиланди.

“Биз Россиянинг Озодлик радиоси ва “хорижий агентлар” деб белгиланган бошқа оммавий ахборот воситаларига қарши чоралари тоқатсизлик ва золим чекловларни акс эттиришини очиқ-ойдин айтиб келамиз”, деди Прайс.

Россиянинг “хорижий агент” деб номланган қонунчилиги 2012 йилда қабул қилинган ва бир неча бор ўзгартирилган. Қонунга биноан, чет элдан ёрдам оладиган ва ҳукумат назарида сиёсий фаолият билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва оммавий ахборот воситалари “хорижий агентлар” деб белгиланиши мумкин.

Ўтган йили Роскомнадзор рўйхатдаги оммавий ахборот воситаларидан барча ёзма материалларни катта ҳажмдаги ёзув билан, барча радио материалларни аудио баёнот билан ва барча видео материалларни 15 сонияли матнли декларация билан белгилашни талаб қилувчи қоидаларни қабул қилди.

Озодлик радиоси нишонга олинаётгани Россия ҳукумати нашрнинг Россиядаги фаолиятини тўхтатишга ва унинг рус тилидаги хизматларини ва Озодлик радиоси “Америка Овози” билан ҳамкорликда олиб бораётган “Настояшчее Время” тармоғини мамлакатдан чиқариб юборишга уринаётгани ҳақида хавотирлар келтириб чиқарди.

“Агар Россия ҳукумати Озодлик радиосини мажбуран ёпиш йўлида давом этса, биз жавоб қайтарамиз”, деди Прайс. Котиб айнан қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини очиқламади.

АҚШ Конгресси томонидан молиялаштириладиган Озодлик радиоси “чет эл агенти” тўғрисидаги қонунни бажаришдан бош тортмоқда.

Сўнгги йилларда Озодлик радиоси ва Озодликнинг бошқа лойиҳалари Россияда муттасил оммалашмоқда. Озодликнинг мамлакатдаги ҳафталик аудиторияси 7 миллион кишига етган. Рус тилидаги “Свобода радиоси” сайтига 2021 йилнинг ҳар ойида 16 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кириши қайд этилган.

Апрель ойи ўртасида Озодлик ўзининг Россиядаги вакили бўлмиш “РСE/РС” МЧЖ медиаташкилотига нисбатан тузилган маъмурий баённомалар устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилди.

Озодлик президенти Жейми Флай ушбу муносабат билан берган баёнотида “Россия ҳукумати РСE/РСни сўз эркинлиги ва ростгўй журналистикадан воз кечишга мажбурлай олмайди. Биз Россиядаги аудиториямиз билан қай тариқа мулоқот қилишимизни Роскомнадзор ва Кремль ҳал қилиб беришига йўл қўймаймиз”, дейилади.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ давлат котиби Антони Блинкен россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан Озодлик масаласини муҳокама қилди.

Блинкен 28 апрель куни жаҳон матбуоти эркинлигига бағишланган давра суҳбатида:

“Биз олдинга яхши йўл топиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз. Пировардида, Москва Москвалигини қилмоқда. Аммо биз ҳеч бўлмаганда қандайдир ёрдам кўрсатиб, қўллаб юбориш учун ҳаракат қиляпмиз, гарчи бизнинг саъй-ҳаракатларимизга Москва эътибор бермаётган бўлса-да”, деди Блинкен.

XS
SM
MD
LG