Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:28

АҚШ мусулмон жамоалари Ғазо уруши сабаб сайловда Байденни қўлламоқчи эмас 


Президент Жо Байден. Исроил - Фаластин можароси.
Президент Жо Байден. Исроил - Фаластин можароси.

Ўтган шанба Детройт чеккасида бўлиб ўтган конференцияда АҚШ президенти Жо Байденнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирмагани сабаб бир неча штатларнинг мусулмон жамоалари етакчилари уни сайловда қўллаб-қувватламаслик ҳақида баёнот беришди, дея хабар бермоқда “The Associated Press” ахборот агентлиги.

Мичигандаги демократлар Оқ уйни огоҳлантиришича, Байденнинг Исроил-Ҳамас уруши борасидаги сиёсати уни 2024 йилги президентлик сайловларида мусулмон сайловчилар қўлловидан маҳрум қилиши мумкин.

Мичиган, Миннесота, Аризона, Висконсин, Флорида, Жоржия, Невада ва Пенсилвания штатларидан мусулмон жамоалар етакчилари АҚШдаги араб америкаликлар энг кўп тўпланган Мичиган штатидаги Дирборн шаҳрида "Байденни рад эт, ҳозироқ оташкесим" шиорини айтишди.

Ҳамас бошқарадиган Ғазо секторидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги шанба куни Исроил ва Ҳамас ўртасидаги урушда ҳалок бўлганлар сони 15,200 нафарга етгани, уларнинг учдан икки қисми аёллар ва вояга етмаганлар эканини маълум қилди. Тахминан 1200 исроиллик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти 7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми натижасида ўлган.

Байденнинг ўт очишни тўхтатишга чақиришни истамагани унинг Америка мусулмон жамияти билан муносабатларига тузатиб бўлмас зиён етказди, деди конференцияни ташкил этишда ёрдам берган миннеаполислик Жайлани Ҳусайн.

"Бизнинг солиқларимиз оилалар ва болалар йўқ қилинишига сарфланмоқда", деди Ҳусайн. "Бугун биз кўраётган нарса фожиа устига фожиадир."

Ҳусайн The Associated Press ахборот агентлигига шундай дейди: “Жамоамизда ғазаб ниҳоятда юқори. Бизни янада ғазаблантирган нарсалардан бири бу кўпчилигимиз президент Байденга овоз берганимиздир. Ҳатто бир диний етакчи мендан: “Мен 2020 йилги сайлов бюллетенимни қандай олсам бўлади, уни йўқ қилмоқчиман?” деб сўради, дейди у.

Оқ уй матбуот котиби Эндрю Бейтс аввалроқ Байден маъмурияти Ғазо секторига ёрдам етказиш учун гуманитар тўхталиш қилишга ундаганини айтган ва айни пайтда "антисемитизм заҳрига қарши курашиш ва Исроилнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳар доим Президент Байден учун асосий қадрият бўлиб келган", деб қўшимча қилган эди.

Мичиган, Висконсин ва Пенсилвания штатлари Байденнинг 2020 йилги сайловда ғалабасига ёрдам берган эди. Pew Research Center маълумотларига кўра, 3,45 миллионга яқин америкалик ўзини мусулмон ҳисоблайди ва улар мамлакат аҳолисининг 1,1 фоизини ташкил қилади. Уларнинг аксариси демократларга овоз беради.

Бироқ шанба куни мусулмон етакчиларнинг айтишича, Ғазо секторида фаластинлик эркаклар, аёллар ва болалар кўпроқ ўлдирилгани сабабли, мусулмонларнинг Байденни қўллаши сусайган.

“Биз мусулмон америкаликлар ожиз эмасмиз. Биз кучлимиз. Бизда нафақат пул, балки ҳақиқий овозлар ҳам бор. Биз эса бу овоздан бу халқни ўзининг зараридан ўзини қутқариш учун фойдаланамиз”, деди Ҳусайн анжуманда.

Мусулмон жамияти етакчиларининг Байденни қоралаши республикачиларнинг бирламчи сайловларида яққол фаворит бўлган собиқ президент Доналд Трампни қўллашини англатмайди, дея тушунтиради Ҳусайн.

“Бизда йўл иккита эмас. Бизда кўп вариантлар бор ва буни амалга оширамиз”, деди у.

Ғазо Исроил қуршовида
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:16 0:00

Ғазо расмийларининг маълум қилишича, 7 октябрь куни Ҳамас Исроилга ҳужум қилганидан бери Ғазо секторида 6000 дан ортиқ фаластинлик болалар ҳалок бўлган. Исроил расмийларига кўра, Ҳамаснинг Исроилга ҳужумида камида 33 бола ҳалок бўлган, 40 нафар бола гаровга олинган.

Human Rights Watch’нинг айтишича, Исроилнинг Ҳамасга қарши ҳужумлари натижасида бир неча туғруқхона ва репродуктив саломатлик клиникалари ёпилган ёки бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг янги туғилган чақалоқлар ўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, Исроил Ғазо секторида ҳам электр энергиясини узиб қўйган ва шифохона ускуналарини қувватлайдиган генераторларни бир ойдан кўпроқ ишлаб туриши учун зарур бўлган ёқилғи импортини тақиқлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG